"TARAQQIYOT STRATEGIYASI"
  MARKAZI
"Taraqqiyot Strategiyasi" markazi

“Тараққиёт стратегияси” марказида учрашув

Бугун “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков резиденцияси Стокгольмда бўлган Швеция қироллигининг Фавқулодда ва мухтор элчиси Ингрид Терсман билан учрашди.

Учрашувда икки ва кўптомонлама форматда ўзаро муносабатларни ривожлантиришнинг амалий жиҳатлари бўйича конструктив фикр алмашилди.

Томонлар давлат ва жамият қурилиши ҳамда қонунчилик, иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш, ижтимоий соҳани такомиллаштириш ва кадрлар тайёрлаш каби соҳалардаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилдилар.

Швеция элчиси БМТнинг Марказий Осиё учун огоҳлантирувчи дипломатия Минтақавий маркази кўмагида ташкил этилган “Марказий Осиё – минтақавий ҳамкорликнинг янги имкониятлари ва истиқболлари” мавзусидаги халқаро конференция ҳамда яқинда ўтказилган “Tashkent Law Spring” халқаро ҳуқуқ форумидаги иштирокига оид таассуротлари билан ўртоқлашди.

Шунингдек, элчи Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга ошириш бўйича қабул қилинган Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган тадрижий ислоҳотлар жамият ҳаётининг барча соҳаларида Ўзбекистон ва Швеция ўртасидаги икки томонлама манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштириш учун янги имкониятлар эшигини очаётганини алоҳида қайд этди.

Очиқ ва конструктив мулоқот руҳида ўтган учрашувда бир қатор ўзаро манфаатли масалалар атрофлича кўриб чиқилди. Томнлар алоқаларни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга тайёр эканлигини якдиллик билан таъкидладилар.

Учрашув якунида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши доирасидаги лойиҳаларни амалга оширишда Швециянинг донор ташкилотлари, илмий-тадқиқот, ахборот-таҳлил марказлари ва мутахассислари билан яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини маълум қилди.

Шу билан бирга, Элдор Туляков Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясини ҳаётга тадбиқ этиш хусусида халқаро жамоатчиликни хабардор қилишда “Тараққиёт стратегияси” марказини қўллаб қувватлаётгани учун Ингрид Терсман хонимга миннатдорчилик билдирди.