"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Кун тартибида ижтимоий шериклик масаласи

Бугун “Тараққиёт стратегияси” Марказида “Давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолиятининг таҳлили, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими” мавзусида семинар-тренинг ўтказилди. Тадбирни ташкил этишдан мақсад, давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўртасидаги ижтимоий шериклик соҳасида 2020 молия йили учун устувор йўналишларни белгилаб олишдан иборат.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги жамоат фонди, “Тараққиёт стратегияси” маркази ва Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳамкорлигида ташкил этилган семинарда Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат бошқаруви ва ижро ҳокимияти, нодавлат-нотижорат ташкилотлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирни “Тараққиёт стратегияси” Маркази бўлим бошлиғи Ш.Деҳқонов очди ва олиб борди. У ўз сўзида мамлакатни ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ҳамда маданий-гуманитар соҳаларда ривожлантиришнинг долзарб масалаларини ҳал этишда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ўзаро ижтимоий шериклигини янада кучайтиришнинг механизмларини жорий қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратди.

Таъкидландики, мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат қуриш, ижтимоий-иқтисодий очиқ бозор иқтисодиётини шакллантириш ва адолатли фуқаролик жамиятининг асосларини барпо этиш ислоҳотлардан кўзда тутилган бош мақсад бўлиб келмоқда.

Иштирокчилар томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси асосида энг юксак демократик талабларга жавоб берадиган, турли фуқаролик жамияти институтлари эркин ривожланишини таъминлашга қаратилган, ўзида 250 дан ортиқ қонун ҳужжатларини мужассам этган замонавий, мустаҳкам ҳуқуқий база яратилгани қайд этиб ўтилди.

Рустам Комилов, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти директори

-Жойларда ўтказилаётган таҳлиллар Президентимизнинг «Давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 3837-сонли Қарорида белгиланган вазифалар ижроси талаб даражасида эмаслигини кўрсатмоқда. Хусусан, баъзи давлат органлари ҳузурида ташкил этилган жамоатчилик кенгашлари таркибига давлат органида намунали хизмат кўрсатган меҳнат фахрийлари, жамоатчилик фаолияти соҳаларида катта амалий тажрибага эга обрў-эътиборли фуқаролар, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакилларини жалб этишда камчиликлар мавжуд. Аммо бу борадаги камчиликларнинг ўрганилиши ва аниқланишининг ўзи. Ушбу масала ечими борасида ишлар кенг кўламда бошланганидан далолат беради. Кўрилаётган чоралар, амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги эса, айнан уларга бўлган ёндашувга бевосита боғлиқ. Яъни, эндиги асосий вазифа утказилаётган тадбирларнинг мазмуни, мухокама этилаётган масалаларнинг долзарблиги нуктаи назардан сифатини ошириш, кўрилаётган чоралар ҳақида ташкилотларнинг веб-сайтлари, ОАВ орқали кенг жамоатчиликни мунтазам хабардор қилиб боришдан иборат.

Шунингдек, сўз олганлар Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди, унинг маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги Ижтимоий шериклик бўйича Жамоат комиссиялари фаолиятига доимий услубий кўмак кўрсатиб келаётганига эътибор қаратдилар. Жумладан, комиссиялар фаолиятини янада такомиллаштириш, ҳудудларда барқарор ижтимоий шериклик тамойилларини чуқурлаштириш борасида муайян таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, амалга оширилаётгани қайд этилди. Таъкидландики, парламент комиссиясининг қарорлари асосида Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди маблағлари ҳисобидан 2008-2018 йиллар давомида ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг 2339 та лойиҳа ва дастурларига жами 89,1 млрд.сўм миқдорида давлат грантлари, ижтимоий буюртмалар ва субсидиялари ажратилган ҳамда 60 дан ортиқ танловлар ташкил этилган.

Тадбирда ижтимоий шерикликни янада ривожлантириш соҳасида қонунчилик базасини такомиллаштириш, нодавлат нотижорат ташкилотларида менеджментни ривожлантириш, уларнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш, мамлакатда ижтимоий шериклик соҳасида эришилган ютуқларни миллий ва халқаро майдонда тарғиб этиш ва оммалаштириш, халқаро алоқаларини кенгайтириш ва бошқа қатор долзарб масалалар муҳокама қилинди. Бу борада иштирокчилар томонидан амалий таклифлар билдирилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази экспертлари томонидан ушбу таклифлар умумлаштирилмоқда.
 

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати