"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Хитой ижтимоий фанлар академиясининг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича тадқиқотлар институти билан ўтган учрашув ҳақида


2019 йил 17 май куни Хитой Халқ Республикасининг пойтахти Пекин шаҳрида Хитой ижтимоий фанлар академиясининг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича тадқиқотлар институти ва “Тараққиёт стратегияси” маркази вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Унда ўзаро ҳамкорликни амалга ошириш йўналишлари, томонлар фаолиятининг асосий қирралари, тенг манфаатли лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш, истиқболда ўзаро имкониятларни уйғунлаштирган ҳолда юқори натижаларга эришиш борасида атрофлича фикр алмашилди.

Дастлаб, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Э.Туляков Хитой томонига Марказ фаолияти хақида сўзлаб берди. Таъкидландики, Ўзбекистон Раҳбари томонидан ишлаб чиқилган ва кенг жамоатчилик фикрлари асосида илгари сурилган ва бугунги кунга келиб фаол тарзда ҳаётга татбиқ этилаётган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси мамлакат тараққиётини тамомила янги босқичга олиб чиқди. Унинг асосида қабул қилинаётган йиллик давлат дастурлари ислоҳотларнинг янада ҳаётий ва ҳар бир фуқаро ҳаётига даҳлдор бўлишини таъминламоқда. “Тараққиёт стратегияси” маркази айни жараёнда ахборот-таҳлил фаолиятини олиб боради. Хусусан, дастур ижросининг ахборот таъминоти билан шуғулланади. Бунинг учун дунёнинг етакчи илмий марказлари билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантиришга мунтазам эътибор қаратади. Бунинг учун ўтган йилнинг ўзида 36 та ҳамкорлик меморандумлари имзоланган. Марказ раҳбари сўзининг охирида айни пайтда Ўзбекистонда ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар кўлами эса, ахборот-таҳлил фаолиятини ҳам замон талаблари асосида йўлга қўйиш заруратини юзага чиқараётганига эътибор қаратиб, бугунги учрашувда бу борада ҳам муҳим натижага эришишдан умидворлигини маълум қилди.

Шундан сўнг, институт вакиллари ўз фаолиятлари тўғрисида маълумот бердилар. Жумладан, институтнинг асосий вазифаларидан бири, Марказий Осиё ҳудудида рўй бераётган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий жараёнларни мунтазам равишда синчковлик билан кузатиб бориш, ўзгариш ҳамда ривожланиш жараёнларини ҳар томонлама пухта таҳлиллар билан ўрганиш  ҳамда тегишли хулосалар ишлаб чиқиш экани маълум қилинди. Шу билан бирга, фаолиятнинг энг асосий йўналишларидан бири Афғонистон масаласини чуқур ўрганишдан иборатлиги қайд этилди. Хитой томонидан мазкур масала бўйича Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатлари юқори баҳоланилаётгани, ушбу муаммони бартараф қилишда Марказий Осиёнинг энг йирик мамлакати ўртага ташлаётган ташаббусларнинг аҳамияти юқорилиги алоҳида эътироф этилди. Фаолиятнинг барча йўналишлари бўйича мунтазам равишда тадқиқотлар олиб борилиши маълум қилинди.

Бундан ташқари, учрашув давомида институт вакиллари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 24-27 апрель кунлари Хитойда бўлиб ўтган “Бир макон, бир йўл” иккинчи ҳалқаро форумидаги иштироки ва унда илгари сурилган таклиф ва ташаббусларни юқори баҳолашини маълум қилдилар. Таъкидландики, Ўзбекистон ташаббуслари мамлакатнинг доимий кучли инсонпарварлик сиёсати, мустаҳкам дўстлик тарафдори бўлганини яна бир бор яққол ифодалади. Бу, минтақадаги умумий муаммоларга биргаликда ечим топиш ва унинг маҳсулидан бирга баҳраманд бўлишдек яна бир юксак бағрикенглик ташаббуси, шак-шубҳасиз, чин дўст мамлакатнинг позицияси эканини билдирдилар. Бу борада сўз кетар экан, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин Ўзбекистонни «Бир макон, бир йўл»нинг асосчиларидан бири сифатида баҳолаши, Президентимизнинг ушбу лойиҳани ривожлантиришдаги ташаббуслари нафақат икки давлат ўртасидаги ўзаро алоқаларни, балки минтақавий муносабатларни ҳам янада кенгайтиришга хизмат қилаётганини таъкидлагани ҳам бунинг яққол исботи эканини эслатиб ўтдилар.

Ўз навбатида, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Э.Туляков Марказий Осиёда рўй бераётган интеграция жараёнлари, унинг истиқболлари ҳамда “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси доирасида юз бераётган ижобий жараёнларни юқори баҳолади. Таъкидландики, 2013 йилда Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин “Ипак йўлининг иқтисодий камари” ва “XXI аср денгиз ипак йўли”ни қуриш ташаббусини илгари сурди. Бирлаштирилган лойиҳа “Бир йўл, бир макон” номини олди. Унинг мақсади мавжуд савдо йўлларини ривожлантириш ва янги савдо йўналишларини ташкил этиш ҳамда Хитойни Марказий Осиё, Европа ва Африка мамлакатлари билан боғловчи транспорт ҳамда иқтисодий йўлакларини ривожлантиришдан иборатлиги ушбу йирик лойиҳада иштирок этаётган ҳар бир мамлакат, жумладан Ўзбекистон учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Шундан сўнг томонлар, ушбу йирик лойиҳа доирасидаги ва икки томонлама алоқаларни ривожлантиришда мавжуд имкониятлар ва ўзига хос жиҳатлар хусусида фикр алмашишди.

Жумладан, институт вакиллари ўз кузатиш ва тадқиқотлари натижаларидан келиб чиқиб, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бошқарувнинг ноёб шакли – маҳалла институти, унинг аҳамияти ва ислоҳотларни манзилли амалга оширишдаги қиёси йўқ ўрни хусусида тўхталдилар. Бу мўжаз институтнинг сўнгги йилларда ортиб бораётган ўрни ва ваколатларини юқори баҳоладилар.

Шу ўринда Марказ ижрочи директори Хитой томонини бу борадаги ислоҳот ва янгиликлар билан яқиндан таништирди. Таъкидландики, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ушбу тузилманинг ҳуқуқий асоси, уни аҳолига энг яқин ва халқчан тузилмага айлантириш, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлигини янада ривожлантириш билан боғлиқ устувор вазифаларни белгилаб берилган. Унинг ижроси доирасида маҳалла ҳар бир Ўзбекистон фуқароси ҳаётида тобора муҳим аҳамият касб этиб бормоқда. Буни айни пайтда ўтказилаётган Фуқаролар йиғини раиси сайловлари яна бир бор кўрсатаётганини ушбу жараён “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан тартибга солинишига эътибор қаратди. Энг асосийси, оқсоқол этиб аҳоли ишончини қозонган, ҳар томонлама муносиб номзодлар сайланиши таъкидланди.

Мавзу давомида Хитой томони Ўзбекистондаги урбанизация жараёнига алоҳида эътибор билан қараётганини маълум қилди. Яқинда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борада муҳим хужжат бўлганини алоҳида эътироф этишди.

Элдор Туляков айни мавзу юзасидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгариш ва янгиланишлар, жумладан мазкур фармон асосида Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузурида Урбанизация агентлиги ҳамда Урбанизацияни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилгани, уларнинг асосий мақсад ва вазифлари тўғрисида тўхталиб ўтди.

Шунингдек, Хитой томони сўнгги йилларда Ўзбекистонда фаол ривожланиб бораётган қурилиш соҳасини жиддий қизиқиш билан кузатаётганини маълум қилди. Бу борада қисқа вақт ичида тармоқ энг рақобатбардош ва истиқболли, энг асосийси инсвестиция учун жозибадорлик касб этгани эътироф этилди.

Бу борада ҳам марказ раҳбари томонидан қисқача ахборот берилди. Таъкидландики, аҳолининг арзон ва қулай, замонавий уй-жойга бўлган талабини қондириш мақсадида ишлаб чиқилган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари тўғрисида маълумот берди.

Шундан сўнг томонлар ўзаро ҳамкорлик масаласида фикр алмашдилар.

Хитой томони маълум қилдики, Марказий Осиё ҳудуди билан боғлиқ бўлган турли хил йўналишларда ўзаро тажриба алмашиш орқали юқори натижалар ва икки тараф учун ҳам манфаатли хулосалар олиш мумкин.

Шунингдек, муайян мавзу бўйича биргаликда тадқиқотлар олиб бориш имкониятлари муҳокама қилинди.

Ўз навбатида, танланган мавзу бўйича халқаро миқёсда конференциялар, форумлар ўтказиш, уларга малакали мутахассисларни таклиф этиш ва самарали таклиф ва хулосалар олиш бўйича ҳам режа асосида ишлаш мумкинлиги қайд этилди.

Энг муҳим вазифалардан бири сифатида, Ўзбек ва Хитой олимларининг тадқиқотларини биргаликда қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга малака оширишлари, тажриба алмашишлари учун зарур шароитларни яратиб бериш экани якдиллик билан эътироф этилди.

Санаб ўтилган жиҳатларни ўзида қамраб олган ва вазифалар аниқ, пухта белгилаб олинган Англашув меморандуми имзоланишига келишиб олинди.

Суҳбат якунида эришилган келишувлар икки томон учун ҳам бирдек аҳамиятли ва манфаатлилиги бир овоздан эътироф этилди.