"TARAQQIYOT STRATEGIYASI"
  MARKAZI

Элдор Туляков,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори

Кейинги вақтларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли шиддатли ислоҳотлар, янги ўзгаришлар сари интилишлар жаҳон ҳамжамиятининг эътибори ва эътирофига сазовор бўлиб, хориж давлатларининг Ўзбекистонга нисбатан бўлган қизиқишини чандон оширмоқда.

Шу маънода, май ойи юртимиз тараққиётида яна бир янги саҳифа очган воқеа сифатида тарих саҳифаларига муҳрланадиган бўлди. Яъни, Германия Федератив Республикаси Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг мамлакатимизга ташрифи давлатларимиз орасидаги ўзаро тенг манфаатлар асосидаги ҳамкорликнинг яна бир янги уфқини очди.

Дарҳақиқат, Германия дунёнинг юксак ривожланган, улкан савдо-иқтисодий ресурслар, кенг инвестицион салоҳият ва илғор технологик ишланмаларга эга давлатларидан бири ҳисобланади. Шу ўринда, Ўзбекистон ўз мустақиллигини қўлга киритган дастлабки йиллардаёқ – 1992 йил 6 мартда Германия билан фаол дипломатик муносабатлар ўрнатганини таъкидлаш ўринли. Ўтган йиллар ичида Европанинг энг ривожланган бу илғор давлати билан ўзаро ҳамкорлик қирралари тобора кенгайиб борди ва ўзининг юқори натижаларини кўрсатди.

Айниқса, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил январь ойида расмий ташриф билан Германияда бўлиши икки томонлама алоқалар жадал ривожланиб, янги мазмун-моҳият касб этиб бораётгани, сиёсий мулоқотлар фаоллашаётгани, ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари мутлақо янгича тус олаётганини яққол кўрсатди. Ўша ташрифдаги музокараларда сиёсат, хавфсизлик, савдо, технология, инновация, инвестиция ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, замонавий таҳдид ва хатарлар, аввало терроризм ва экстремизмга қарши курашиш, Афғонистонда тинчлик-барқарорликни таъминлаш масалалари атрофлича муҳокама этилиб, 8 миллиард евродан зиёд қийматдаги янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилганди.

Германия Федератив Республикаси Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг куни кеча юртимизга қилган жавоб ташрифи, ўз навбатида, ҳамкорлик алоқаларимизни сифат жиҳатидан янги, янада юқори босқичга олиб чиқди десак, сўзимизда муболаға йўқ.

Икки давлат раҳбарларининг тор доирада ва кенгайтирилган таркибда ўтказган музокараларида cиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари батафсил муҳокама қилинди, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик муаммолар, шунингдек, Ўзбекистон – Европа Иттифоқи формати доирасидаги алоқаларни ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.

Эътироф этиш жоиз, айни вақтда мамлакатимизда Германия сармояси иштирокида фаолият юритаётган корхоналар сони 160 тадан ошган бўлиб, уларнинг 42 таси юз фоиз немис капитали ҳисобига ташкил этилган. Ўзбекистон миллий банки Германиянинг 57 та банки билан алоқа ўрнатган. Тошкентда “Дойче-банк” бўлими ташкил этилган. Ўтган йили давлатларимиз ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 25 фоизга ўсиб, 770 миллион доллардан зиёдни ташкил этгани ҳам ҳамкорлик алоқаларимиз тобора мустаҳкамланиб бораётганидан далолатдир.

Мамлакатимизда Германиянинг машҳур саноат гигантлари – “МАН”, “Клаас”, “Кнауф” ва бошқа компаниялар билан ҳамкорликда ташкил этилган ишлаб чиқариш корхоналари муваффақиятли фаолият юритмоқда. Автомобилсозлик соҳасида икки томонлама ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Шу кунгача Германия автогигантларидан бири бўлган “MAН” компаниясининг юк автомобилларини ишлаб чиқариш изчил йўлга қўйилган бўлса, куни кеча эришилган келишувга кўра, яқин келажакда «Volkswagen» компаниясининг тижорат автомобиллари юртимизда йиғила бошлайди.

Шу билан бир қаторда, анъанавий дўстлик, самимийлик, очиқлик ва ўзаро англашув руҳида ўтган музокараларда Президентлар томонидан ахборот алмашиш ва уни ҳимоя қилиш, зарарли газлар чиқарилишини камайтириш ва иқлим ўзгаришларига мослашиш, Тошкент шаҳрида Ядровий тиббиёт ва нурли терапия марказини ташкил этиш бўйича битимлар имзолангани халқимиз саломатлигини сақлаш, соғлом ва фаровон турмуш тарзини янада такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.

Германия Федератив Республикаси Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер Урганч давлат университетининг профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан юзма юз мулоқот қилар экан, Ўзбекистон ёшларининг билим ва иқтидорини, дунёқараши, интеллектуал салоҳиятига юқори баҳо берди, уларнинг немис тилида эмин-эркин, бийрон сўзлашишларидан фахрланишини изҳор этиб, ёшлари жамият ҳаётида фаол бўлган давлат албатта жадал тараққий этишини эътироф этди.

Албатта, Европанинг энг тараққий этган давлати билан бу тариқа тенг ҳуқуқли ҳамкорлик муносабатларининг дўстона йўлга қўйилгани халқ манфаатларига, жумладан, Ўзбекистоннинг юксак тараққиётига, хизмат қилиши табиий. Бинобарин, давлатларимизнинг БМТ, ЕХҲТ, Европа Иттифоқи каби халқаро ташкилотлар доирасида глобал ва минтақавий масалалар бўйича позицияси бир хил экани, Тошкент ва Берлин кўплаб масалалар, хусусан, терроризм, уюшган жиноятчилик, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш бўйича якдил қарашларга эга экани халқаро аренада ҳам самарали ҳамкорлик қилиш имконини бермоқда.

Маълумки, Германия инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялашни ўз сиёсатининг устувор жиҳати деб билади, уларни таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўриб келади. Шундан келиб чиқиб, очиқ демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш ва қонун устуворлигини сўзсиз таъминлашга оид саъй-ҳаракатларда ҳам Германия билан сифат жиҳатидан янги босқичда ҳамкорлик қилиш долзарб аҳамиятга эга эканини алоҳида қайд этиш лозим.

Шу маънода, ҳар икки давлат парламентлари ўртасида узвий алоқалар йўлга қўйилганини ёдда тутиш даркор. Яъни, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Бундестаг билан ҳамкорлик бўйича “Ўзбекистон – Германия” гуруҳи, Бундестагда эса “Германия Федератив Республикаси – Марказий Осиё” гуруҳи ташкил этилган бўлиб, амалга оширилаётган изчил фаолият ўз самарасини кўрсатиб келмоқда. Бу гуруҳлар фаолияти, шунингдек, Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги ҳамкорликни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш ва қўллаб-қувватлаш, парламентлараро ўзаро тажриба алмашиш, қонун ижодкорлиги амалиётида ҳам яққол намоён бўлмоқда.

Бугунги кунда 130 дан ортиқ миллат ва элатлар вакиллари истиқомат қилаётган юртимизда 8 минг нафардан зиёд немис миллатига мансуб фуқаро ҳам эмин-эркин, бахтиёр умргузаронлик қилмоқда. “Видергебурт” немис маданият маркази, “Ўзбекистон – Германия” дўстлик жамияти немис маданияти ва анъаналарини сақлаш, асраб-авайлаш ва ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Ўзбекистонда Конрад Аденауэр ва Фридрих Эберт номидаги жамғармалар, Германия академик алмашувлар хизмати (DAAD) ваколатхоналари, Гёте институти ва бошқа қатор ташкилотлар фаолияти изчил йўлга қўйилган.

Бу йил Германия Федератив Республикаси ташкил топгани ҳамда Бош қомуси қабул қилинганганига 70 йил тўлди. Мазкур сана мамлакатимиз минтақаларида ҳам немис ҳамкорларимиз иштирокида нишонлангани халқларимизнинг дўстлиги ва ҳамжиҳатлиги чуқур илдиз отаётганидан нишонадир.

Мухтасар айтганда, давлатларимиз ўртасидаги ўзаро алоқалар бугун халқаро майдонда ҳам ишончли, муҳим ва узоқ муддатли ҳамкорлар сифатида эътироф этилмоқда. Икки томонлама ҳамкорликнинг барча йўналишлари – сиёсий мулоқот, парламентлараро алоқалар, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа кўплаб соҳаларга доир устувор йўналишлар ва долзарб вазифаларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши эса, мамлакатимимзда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашда алоҳида ўрин тутади.

Ўзбекистон ва Германия давлатлари раҳбарларининг кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги қизғин мунозаралари ва муваффақиятли келишувлари ана шундан далолат бериб турибди.


5
Похожие новости