"TARAQQIYOT STRATEGIYASI"
  MARKAZI
ДАВЛАТ ДАСТУРИ ЮРТ РИВОЖИ УЧУН ДАСТУРАМАЛ ҲУЖЖАТ
3874 | 06 Fev. 2019 y.

Барчангизга маълум, кейинги вақтларда мамлакатимизда барча соҳаларда шиддат билан амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ўзининг ижобий самараларини кўрсата бошлади. Муҳтарам Президентимиз олиб бораётган узоқни кўзловчи истиқболли сиёсатнинг таг замирида ҳам, энг аввало, Ўзбекистонни энг ривожланган илғор давлатлар қаторига қўшиш, юртимизнинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлаш, шунингдек, биринчи навбатда, халқимизнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш ва муносиб ҳаёт кечириш учун барча зарур шароитларни яратиб бериш орқали одамларни рози қилишдан иборатдир.

Ана шу мақсадда мамлакат раҳбари ўтган йил давомида юртимизнинг барча ҳудудларига бирма-бир ташриф буюриб, аҳоли билан юзма-юз учрашувлар ўтказдилар, ҳатто энг чекка ҳудудларда яшаётган одамларнинг ҳам хонадонларига етиб бориб, уларнинг дардларига қулоқ тутиб, муаммоларини ҳал этиш юзасидан таъсирчан чораларни кўриб келмоқдалар. Ушбу учрашувлар жараёнида халқимиздан турли соҳаларга оид қимматли ва фойдали фикрлар билдирилди. Бундан ташқари, олиб борилаётган халқчил сиёсат натижасида очиқлик ва ошкоралик таъминланмоқда. Бу эса, ўз навбатида, халқимизнинг Президент билан бирга тегишли соҳа раҳбарларига ҳам бевосита мурожаат қилишнинг турли усулларидан фаол фойдаланишига имкон яратмоқда.

Эътиборлиси, бевосита аҳолининг турли қатламлари вакиллари томонидан баён этилган таклиф-мулоҳазаларни ҳаётга тадбиқ қилиш учун эса, ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматнинг барча соҳаларга оид бир нечта норматив-меъёрий ҳужжатлари қабул қилинди, қатор қонунлар қабул қилинди ва амалдаги қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. 2018 йил охирида эса ниҳоятда муҳим аҳамият касб этувчи сиёсий воқеанинг гувоҳи бўлдик, яъни Президентнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаати йўлланди. Бу Мурожаатномада ҳам айнан халқимизнинг фаровонлигини ошириш, иқтисодий-ижтимоий шароитларини янада яхшилаш, ҳаётдан, давлатдан розилик ҳиссини кучайтиришга доир аниқ мақсад ва вазифалар белгилаб берилди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, яқинда “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони қабул қилинди. Бешта йўналишда белгилаб олинган амалга оширилиши лозим бўлган 274 та банддан иборат Давлат дастурига йўналтирилиши режалаштирилган 16,9 триллион сўм ва 8,1 миллиард АҚШ долларининг ўзи бу йили юртимизда қанчалик улкан ҳажмдаги ишлар бажарилишини кўрсатади.

Дастурнинг давлат ва жамият тизимини такомиллаштириш соҳасидаги биринчи йўналиши бўйича амалга оширилиши белгиланган вазифаларга тўхталсак, энг аввало, бевосита ҳар биримизга алоқаси бўлган қонунлар лойиҳаларини тайёрлашни такомиллаштиришдан тортиб, уларни қабул қилиш ва ижроси назоратини ташкил этишга доир комплекс ишлар амалга оширилиши назарда тутилганини кўриш мумкин. Натижада эса қонунлар тўғридан-тўғри ишлашига эришилиб, ҳар биримизнинг ҳуқуқ ва манфаатларимиз таъминланиши мақсад қилинган. Бу соҳада Қонун чиқарувчи органнинг ҳам фаолиятини такомиллаштириш режалаштирилгани қонунчилик жараёнида комплекс ўзгаришлар бўлиши кўзланаётганидан даракдир, албатта. Хусусан, Олий Мажлиснинг ваколатлари кенгайтирилиб, ташкилий тузилмаси қайта кўриб чиқилиши ва молиявий таъминотини янада мустаҳкамлашга қаратилган чораларнинг белгилаб олинганлиги шулар жумласидандир.

Бундан ташқари, ушбу йўналишда давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари устидан парламент назоратини амалга оширишдаги ахборот-таҳлилий фаолиятни такомиллаштириш ҳам Дастурда белгилаб олинган. Бу эса, бюджетни шакллантиришда, ижросини таъминлашда ва назоратида самарадорлик ортишига ижобий таъсир кўрсатади. Давлат бюджети энг муҳим молиявий ҳужжат эканлигини инобатга оладиган бўлсак, бу борада ҳам халқ томонидан сайланган халқ вакиллари – депутатларнинг иш самарадорлиги ортиши кўзланган. Хусусан, бу мақсадда Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасида профессионал, мустақил ва холис ахборот-таҳлилий, экспертлик хизматини кўрсатувчи Давлат бюджети бошқармасини ташкил этиш вазифаси белгиланган.

Мамлакатда амалга оширилаётган барча соҳадаги кенг кўламли ислоҳотлар, албатта, давлат бошқарувини такомиллаштиришни талаб этади. Айнан шундагина кўзланган мақсадларга эришилади. Шу сабабли ҳам бу соҳага Дастурда алоҳида бандлар ажратилган бўлиб, давлат бошқарувида ақлли бошқарувни жорий қилиш ва профессионал бошқарувчиларни тайёрлаш ва малакасини оширишга катта эътибор қаратилганлигининг гувоҳи бўламиз. Бундай чораларнинг кўрилиши, аҳолининг давлатдан розилик ҳиссини янада кучайтиришга, халқ билан давлат ўртасида ҳамкорликни янада яхшилашга ва аҳоли томонидан кўтарилган масалаларнинг самарали ва ўз вақтида ечимини топиш имконини беради. Шунинг учун ҳам мазкур соҳадаги ислоҳотларни давлат органларининг “Халққа – кўмакчи, тадбиркорларга – бизнес хамкор” тамойили асосида амалга ошириш мақсад қилинган.

Ўзбекистон Президенти ҳузурида Эксперт кенгаши фаолиятини ташкил этиш ҳам Дастурда кўзда тутилган. Эксперт кенгашига муваффақиятга эришган тадбиркорларни, таниқли жамият ва давлат арбобларини, олимларни, шу жумладан, хорижий давлатларнинг фуқароларини ҳамда чет элда яшаётган ватандошларимизни киритиш режалаштирилмоқда. Бу эса юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишга ва ислоҳотларнинг ҳар томонлома таҳлилини олиб борган ҳолда самарадорлигини, мақсадлилигини таъминлашга ҳизмат қилади.

Яна бир жиҳат, аҳолининг турмуш фаровонлигини таъминлашда унга қулайлик яратиб бериш муҳим аҳамият касб этади. Айнан шундан келиб чиқиб, транспорт тизимида ҳам давлат бошқарувини такомиллаштириш вазифаси белгиланган. Хусусан, бу борада ягона давлат сиёсатини юритувчи органнинг ташкил қилиниши режалаштирилганлиги транспорт, жумладан ҳаво, темир йўл, автомобиль транспорти ва метрополитен соҳасини давлат томонидан бошқариш бўйича ягона давлат тариф сиёсатини амалга оширувчи давлат органининг ташкил этилиши белгиланган.

Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасида дастурда суд ҳокимиятининг ҳақиқий мустақиллигига эришиш, аҳоли тинчлиги, хавфсизлигини ва қонунийликни таъминлаш, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш бўйича зарур чоралар кўриш, жиноят қонунчилигини такомиллаштириш ва либераллаштириш вазифалар белгилаб олинган.

Дастурда иқтисодиётни ривожлантириш ва фаол инвестиция жалб этишнинг устувор йўналишларида ҳам бир қатор вазифа ва мақсадлар белгилаб олинди. Уларнинг барчаси мамлакатимизнинг иқтисодий мустақиллигини мустахкамлашга ҳамда ички ва ташқи майдонда турли риск ва хатарларнинг олдини олишга қаратилган.

Жумладан, “хуфёна иқтисодиёт” салмоғини иқтисодий усулларини ишлатган ҳолда қисқартириш белгиланганлиги иқтисодиётни легаллаштиришга қаратилган чоралардан бири эканлиги кўринади. Бу эса, ўз-ўзидан бюджетга тушадиган маблағларнинг ҳиссасини ортишига хизмат қилиб, 2019 йилга берилган номдан келиб чиқиб бошқа соҳалар қаторида биз учун муҳим бўлган жойлардаги ижтимоий соҳадаги масалаларнинг ҳам ўз ечимини топишга ҳизмат қилади. Негаки, давлат бюджетига келиб тушадиган маблағлар ҳиссаси қанчалик ортса, шунчалик ечимини кутиб турган масалалар тезроқ ҳал бўлиши имконини беради. Бундан ташқари, ҳар биримизга бевосита таъсир қиладиган омил бу нарх-наво ҳамдир. Чунки айнан нархларнинг барқарорлигига эришиш эртанги фаровонлигимизнинг гаровидир. Шу боис ҳам Давлат дастурида бу масалага ҳам алоҳида урғу берилиб, нарх-наво барқарорлигини таъминлаш бўйича концепция ишлаб чиқиш назарда тутилган. Бу эса, бизнес ҳамжамиятига ҳам тўғридан-тўғри таъсир қилиб, яқин ва узоқ келажакка режалар тузишда аниқлик касб этади ва охир оқибат аҳолимиз фаровонлигига ҳам бевосита ижобий таъсир кўрсатади.

Маълумки, ривожланиш жараёнида сармоялар, айниқса ҳорижий сармоялар ўта муҳим аҳамият касб этади. Сармоялар эса мустаҳкам қонунчилик базасига эга, вазият барқарор ва давлат томонидан сармоядорларни ҳимоя қилиш учун кўрилган барча шароитлар мавжуд жойгагина киритилади. Мазкур ҳолатларга баҳо берувчи катта обрўга эга бўлган ва ҳорижий сармоядорларнинг асосий таянадиган маълумотлар базаси бўлиб Жаҳон банкининг “Бизнес юритиш” рейтинги ҳисобланади. Шу боис ҳам, Дастурда 2020 йил якуни бўйича барча йўналишларда Ўзбекистоннинг ўрнини тубдан яхшилаш чораларини кўриш белгилаб олингани ҳам бежизга эмас. Сабаби, бу ҳаракатларнинг таг замирида иқтисодий барқарорлик ва фаровонлик ётибти. Масалан, Дастурда Жаҳон банкининг “Бизнес юритиш” рейтингида қурилиш йўналишида 50 таликка, мулкни расмийлаштиришда 30 таликка, миноритар акциядорлар ҳимоясида 20 таликка, халқаро савдода 50 таликка кириш ва бошқа йўналишларда Ўзбекистоннинг ўрнини тубдан яхшилаш чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш назарда тутилди.

Дастурда инвесторлар билан ишлаш механизмларини такомиллаштириш, уларга консалтинг хизматларини кўрсатишни янги босқичга олиб чиқиш, бу борада масъул ташкилот ва идораларнинг хамкорлигини кучайтириш, хорижий инвесторлар билан ишлашни ягона тизимга келтириш ва самарадорлигини ошириш мақсадида “Invest in Uzbekistan” ягона порталини ишлаб чиқиш кўзланганлиги тўғридан-тўғри хорижий сармояларни мамлакатимиз иқтисодиётига жалб қилиш юзасидан белгилаб олинган чора-тадбирларнинг қанчалик кенг кўламли эканлигидан далолат беради.

Яна бир муҳим масала, бу иқтисодиётда давлат иштирокининг мақсадини белгилаш ва давлат аралашувини янада камайтиришнинг кўзланганидир. Бунда, давлат улуши мавжуд хўжалик жамиятлари ва давлат корхонасини ташкил этиш ва уларнинг фаолият юритиш мақсадларини белгилаш назарда тутилган. Шундан келиб чиқиб, белгиланган мақсадларга мувофиқ бўлмаган давлат иштирокидаги корхоналарни ташкил этишни тақиқлаш кўзда тутилган бўлиб, давлат иштирокидаги барча корхоналарнинг белгиланган мақсадларга мувофиқлигини ўрганиш ва натижаси бўйича тегишли чоралар кўриш режалаштирилган. Бундай чоралар, ўз навбатида, иқтисодий секторда рақобатни ривожлантиришга бевосита таъсир кўрсатиб, хусусий сектор самарали фаолият кўрсатаётган соҳаларнинг янада ривожланишини таъминлайди. Натижада халқимизга ҳар томонлама сифатли ва рақобатбардош маҳсулот ҳамда хизматлар тақдим қилинишига эришамиз.

Шубҳасиз, ижтимоий соҳани ривожлантириш давлатнинг энг муҳим мақсадларидандир. Шу боис ҳам давлат дастурида мазкур соҳага алоҳида йўналиш бағишланганлигини таъкидлаш лозимдир. Хусусан, Дастурда бир томондан мазкур соҳадаги қонунларни такомиллаштириш вазифаси турган бўлса, бошқа томондан турли хилдаги амалий чораларни кўриш ҳам белгиланган. Шулар жумласига янги иш ўринларини ташкил этишни янада рағбатлантириш механимзларини жорий қилиш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш ва соҳани такомиллаштириш юзасидан кенг кўламли ишлар белгилаб олинганлигини кўриш мумкин.

Болаликдан ногиронлиги бўлган фарзандларнинг оналарини янада қўллаб–қувватлаш белгиланганлигининг ўзи қанчадан қанча оилаларга, айниқса, оналарга бахтиёрлик ва қувонч ҳиссини олиб келди десак, муболаға бўлмайди. Буни, шунингдек, мамлакатда ислоҳотлар инсонпарварлик тамойили асосида олиб борилаётганлигининг яна бир яққол мисоли сифатида кўриш мумкин.

Бундан ташқари, кўпчиликка, айниқса пенсионерларга яхши аён, кўп йиллик муаммонинг ҳал этилиши кўзланганлиги пенсия билан таъминлашда қўшимча оворагарчиликлар ва ноқулайликларнинг олдини олиш имконини беради. Хусусан, мазкур йўналишда архивлардаги маълумотларнинг электрон базасини яратиш, идоралараро ахборот алмашинувини жорий этиш орқали пенсия тайинлашда зарур ҳужжатларни йиғиш жараёнини тубдан оптималлаштириш мақсад қилинган.

Тиббий хизматлар сифатини ошириш, аҳоли саломатлигини мустахкамлашга оид комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланганлиги бу борада ҳам эътибор кучайтирилганлигидан далолат беради. Масалан, тиббиёт соҳасидаги кадрлар салоҳиятини ошириш, тез тиббий ёрдам соҳасини такомиллаштириш, хусусий тиббиётни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, давлат тиббиёт муассасаларини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш, давлат бюджети ҳисобидан қопланадиган кафолатланган тиббий ёрдам ҳажмини белгилаш шулар жумласидандир.

Ижтимоий соҳани ривожлантиришда давлат дастуридаги муҳим янгиликлардан бири бу кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ва уларга хизмат кўрсатиш соҳасида махсус ваколатли давлат органини ташкил этишдир. Мазкур ташаббус давлатнинг ижтимоий соҳада олиб бораётган ислоҳотларини тизимлаштириш ва аниқ эгасини белгилаш имконини яратиб, ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириш ва натижаларни тезроқ ҳис этиш имконини беради.

Шунингдек, бизнинг бой тарихимиз ва маданий меросимиз нафақат халқимиз учун, балки халқаро ҳамжамият учун ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу боис ҳам маданий меросларни асраб-авайлаш ва уларни келажак авлодларга етказиш комплекс чоралар кўришни талаб этади. Шундан келиб чиқиб, мазкур соҳада ислоҳотлар амалга оширилиши белгиланганлигини таъкидлаб, моддий-маданий мерос объектларидан фойдаланиш тартибини ишлаб чиқиш, уларни давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлаш режалаштирилганини мисол сифатида келтириш мумкин. Бу эса, давлат раҳбари туризм соҳасини иқтисодиётда стратегик ўрин тутиши лозим, деб таъкидлаган вазифаларининг бажарилишига ҳам туртки бўлади. Жумладан, туризмни ривожлантириш орқали тегишли бошқа соҳаларни ҳам ривожлантириш имкони яратилади, у жойлардаги инфраструктура бўладими, транспорт ва хизмат кўрсатиш соҳаси бўладими, ёки аҳолини иш билан таъминлаш бўладими - барчаси халқимизнинг фаровонлиги йўлида хизмат қилади.

Шу билан бирга, дастурда ушбу йўналишда таълим тизимига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Малакали кадрлар, биламизки, юртимиз ривожида, унинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрнини янада мустаҳкамлашда энг асосий омил ҳисобланади. Шунинг учун ҳам дастурда мактабгача таълим тизимидан тортиб, умумий ўрта таълим, олий ва ундан кейинги таълим, малака ошириш масалалари юзасидан чора-тадбирлар белгиланганлигини кўриш мумкин. Масалан, битирувчилар жамғармасини ташкил қилиш режалаштирилганлигини олайлик. Бу шундай жамғарма бўлиши кўзланганки, таълим муассасасини битириб, хайрия қилиш имконига эришган битирувчилар ўзларининг ушбу таълим муассасини ривожлантиришга ҳиссасини қўшиш имконияти тартиби белгиланади. Бунда, албатта, жалб қилинаётган маблағлар мақсадлилиги ва самарадорлиги ортиши имкони яратилиб, барча даражадаги таълим муассасаларида таҳсил олаётганлар ва ўқитувчи-профессорларни рағбатлантиришнинг қўшимча имконияти яратилади.

Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, шунингдек ташқи сиёсат соҳасида — мамлакатимиз мудофаа қудратини ошириш, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг салоҳиятини мустаҳкамлаш, миллий мудофаа саноати комплексини шакллантириш, экологик хавфсизликни таъминлаш, сув ва бошқа табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, очиқлик, ўзаро тенг ва манфаатли ҳамкорлик тамойилларига асосланган ташқи сиёсий фаолият самарадорлигини янада ошириш масаласида мақсад ва вазифалар белгилаб олинган.

Масалан, Марказий Осиё давлатлари билан чегара ўтказиш пунктларини такомиллаштириш ишларида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш ёки Давлат чегарасидан ўтказиш пунктларида чегара назорати сифатини ошириш юзасидан комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқишни олайлик. Буни, мамлакатимизда олиб борилаётган дўстона сиёсатнинг намунаси сифатида кўришимиз мумкин. Жумладан, қўшни мамлакатларга бизнинг фуқароларимиз ва ўз ўрнида қўшни мамлакат фуқароларининг мамлакатимиз ҳудудига ташрифлари кескин ошиши, ўз ўрнида чегара ўтказиш пунктларининг ўтказиш қобилиятини такомиллаштиришни талаб қилмоқда. Бу каби чоралар ҳозирда ушбу пунктларда юзага келаётган навбатлар ва тирбандликларнинг олдини олиш имконини бериб, фуқароларимизга ва туристларга қўшимча қулайликлар яратади.

Ундан ташқари, ҳозирги глобаллашув жараёнида ахборот хавфсизлиги ўта муҳим аҳамият касб этади. Шу боис ҳам мамлакатнинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича ишларнинг самарадорлигини оширишнинг белгилаб олинганлиги натижасида, масалан, ахборот хавфсизлиги талабларига мувофиқ давлат органларида қўлланилувчи дастурий таъминотни сертификациялаш механизмини ҳам татбиқ этиш режалаштирилган.

Шунингдек, Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича минтақавий дастур концепциясини ишлаб чиқиш белгиланганлиги ҳам минтақадаги асосий муаммолардан бирининг ҳал этилиши борасида чоралар кўрилиши режалаштирилганлигини кўрсатади. Бу ҳам мамлакатимиз аҳолиси дастурхонининг тўкин-сочинлигини таъминлашга қаратилган мақсадлардан бири эканлигини кўриш мумкин.

Бундан ташқари, ушбу йўналишда белгиланган мақсад ва вазифаларнинг кўлами Дастурда саноат корхоналарининг атроф муҳитга реал таҳдидларини ўрганиш ва баҳолаш, мамлакатдаги экологик вазиятни соғломлаштириш, атроф муҳит ифлосланишини сезиларли тарзда камайтиришни таъминлаш тизимини такомиллаштириш вазифаси мисолида ҳам кўриш мумкин. Бунга аҳоли саломатлигига берилаётган катта эътибор билан бирга, атроф-муҳитга бўлган эътиборимизнинг ҳам намоёни сифатида қарашимиз лозимдир. Халқаро майдонда ушбу масалага катта эътибор қаратилаётган бир пайтда юртимизда ҳам жаҳон андозалари қаторида ислоҳотлар амалга оширилаётганидан далолат беради.

Ҳеч шубҳасиз, 2019 йилги Давлат дастурида эзгу ниятлар ила белгилаб олинган мақсад ва вазифалар халқимиз фаровонлигини таъминлаб, ҳаётини янада яхшилашга хизмат қилиш билан бир қаторда, юртимиз келажагига самарали ва ижобий таъсир кўрсатади. Бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий имижини мустаҳкамлаш баробарида, уни халқаро майдонда янада ишончли ҳамкор сифатида намоён этишга замин яратади. Бунда, “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳам тегишли давлат ва нодавлат органлари билан ҳамкорликда ўз фаолияти давомида энг асосий вазифаси бўлмиш Давлат дастури амалга оширилишининг боришини тизимли мониторинг қилиш, уни сифатли ва ўз вақтида бажариш учун қўшимча чоралар кўриш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишни белгилаб олган. Натижаси юзасидан эса, Давлат дастури амалга оширилишининг бориши тўғрисидаги ахборотни ҳар ойда умумлаштириш ҳамда якунларини аниқ кўрсаткичлар ва эришилган ижобий ўзгаришларни акс эттирган ҳолда ўз веб-сайтимиз ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизда жойлаштириш масъулиятини ҳам олганмиз. “Тараққиёт стратегияси” маркази олдида турган яна бир муҳим вазифа бу давлат дастурини амалга ошириш якунларига бағишланган ахборот-таҳлилий шарҳларни тайёрлаш, уларни хорижий тилларда эълон қилиш ва кенг тарқатишни таъминлашдир.

Элдор ТУЛЯКОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази
ижрочи директори.


2
Похожие новости