• Ўзбек
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ҚОНУН ЛОЙИҲАСИ БУХОРОДА МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ


Жорий йилнинг 7 июнь куни
Бухоро шаҳрида “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссияси ҳамда ЮСАИД (USAID)нинг Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари Дастури ҳамкорлигида тадбир ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилган тадбирда “Эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси муҳокама қилинди.

Муҳокамаларда “Тараққиёт стратегияси” маркази, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутатлари, ЮСАИД (USAID)нинг Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари Дастури, Бухоро вилоят ҳокимлиги, жамоат ташкилотлари ҳамда ОАВ вакиллари қатнашди.

Муҳокаманинг очилиш қисмида сўзга чиққанлар мамлакатимизда аёллар ҳуқуқларини инсон ҳуқуқининг алоҳида ажралмас қисми сифатида эътироф этишнинг тамомила янги даври бошланганини таъкидлашди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 46-моддасида: «Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар» - дея эътироф этилиши мамлакатимизда аёллар жамиятнинг фаол аъзоси сифатида барча соҳаларда кенг қамровли иштирок этишининг ҳуқуқий кафолати эканини, аммо бу борада алоҳида яхлит қонун шу пайтгача мавжуд бўлмагани қайд этилди.

Сўзга чиққан Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутатлари қонун лойиҳасининг ҳозирги ҳолати, уни такомилига етказиш бўйича кўрилаётган чоралар ҳамда лойиҳанинг мазмун-моҳияти хусусида тўхталдилар.

Иштирокчилар “Аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлари ҳамда имкониятлари кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши Гендер тенгликни ҳимоя қилиш бўйича комиссия вазифаларини бажаришга ҳам кўмаклашишини алоҳида таъкидлашди. Айни пайтда лойиҳа жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жойлаштирилгани ҳамда билдирилган фикр-мулоҳаза ва таклифлар асосида такомиллаштирилаётгани маълум қилинди.

Бундан ташқари, жойларда ўтказилаётган муҳокама тадбирлари орқали ушбу лойиҳани янада такомиллаштириш, ҳаётийлигини таъминлаш ва бугунги кундаги мавжуд ижтимоий вазият талабларига тўла мос келишига эришиш мумкинлиги таъкидланди.

Шунингдек, “Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришнинг қонуний асослари” таҳлил қилиниб, жойларда хотин-қизларнинг тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларини таъминлашдаги мавжуд муаммолар бўйича фикр алмашилди. Уларни самарали ҳал этишнинг ҳуқуқий асосларини ушбу қонунда тўла акс эттиришга қаратилган таклифлар билдирилди. Асосий эътибор, ҳар бир модданинг тўғридан-тўғри амал қилишига эришишга қаратилди.

Қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича билдирилган барча таклифлар “Тараққиёт стратегияси” маркази экспертлари томонидан умумлаштирилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати