"TARAQQIYOT STRATEGIYASI"
  MARKAZI
"Taraqqiyot Strategiyasi" markazi

Маъмурий судлар фаолиятининг очиқлиги муҳокама қилинди

“Тараққиёт стратегияси” марказида ташкил этилган “Суд ислоҳотининг ҳозирги босқичида суд тизими фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш” мавзусидаги халқаро давра суҳбати ўз якунига етди.

“Ўзбекистон Республикасида маъмурий судларда иш юритилиши: замонавий ҳолати ва ривожланиш истиқболлари” мавзусидаги халқаро конференция доирасида ўтказилган тадбир Олий суд ва “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда ташкилотчилар, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари Координатори офиси, халқаро ривожланиш бўйича АҚШ Агентлиги ва Германия халқаро-ҳуқуқий ҳамкорлик фонди (IRZ) вакиллари қатнашди.

Тадбирни бошқариб борган “Тараққиёт стратегияси” маркази директори, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Элдор Туляков ушбу давра суҳбатидан кўзланган мақсад-вазифалар ҳақида қисқача тўхталди.

Дастлаб сўз олган Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Бахтиёр Исоқов “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”ни ҳаётга татбиқ этиш борасида суд-ҳуқуқ тизимининг қонунчилик базасини янада такомиллаштириш, суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш, одил судлов сифати ва самарадорлигини ошириш, суд органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг негизини ташкил этаётганига эътибор қаратди. Олий суд раиси ўринбосарининг эътироф этишича, айни пайтда, Ўзбекистон суд тизимида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмасини шакллантириш, ахборот ресурслари ва ахборот тизимларини ишлаб чиқиш, электрон ҳужжат айланиши тизимини кенг жорий этиш ҳамда суд органларининг расмий веб-сайтлари орқали фуқароларга интерфаол хизматларни кўрсатиш янгиланишларнинг асосини ташкил этади.

Шунингдек, давра суҳбатида БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Адвокатлар палатаси мутасаддилари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва бошқа қатнашчилар сўз олиб, Ўзбекистонда соҳага илғор замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали судлар фаолиятининг очиқлиги, шаффофлиги ва тезкорлигини таъминлаш, судларда иш юритиш сифатини ва аҳолининг одил судловга эришиш даражасини оширишга қаратилган ислоҳотларнинг бориши ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини баён этишди.

Тадбирда суд жараёнларига доир маълумотларни ОАВ орқали ёритиш, бу билан одил судловни амалга ошириш борасида жамоатчилик фикрини шакллантириш, энг асосийси, судларда адолатли қарорлар қабул қилинишида айнан очиқ ахборотнинг ўрни хусусида оммавий ахборот воситалари вакилларининг бевосита иштирокида баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди.

Давра суҳбатида билдирилган жамиятда маъмурий судлар мақомини янада ошириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш, улар фаолиятининг очиқ-ошкора олиб борилиши бўйича таклиф-тавсиялар айни пайтда “Тараққиёт стратегияси” маркази мутахассислари томонидан умумлаштирилмоқда. Улар марказ расмий сайтида ҳам эълон қилиниши кўзда тутилган.

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати