• О'zbek
"TARAQQIYOT STRATEGIYASI"
  MARKAZI
"Taraqqiyot Strategiyasi" markazi

Ўзбекистон-Хитой: мулоқотлар давом этмоқда


2019 йилнинг 26 июнь куни “Тараққиёт стратегияси” Марказига Хитой Халқ Республикаси савдо вазирлигининг Сиёсий тадқиқотлар департаменти бош директори Ян Чженвэй бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.

Суҳбат чоғида “Бир макон, бир йўл” қўшма лойиҳаси доирасида икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Марказ ходимлари Ҳаракатлар стратегияси доирасида Ўзбекистонда иқтисодиётни ривожлантириш, инвестициявий муҳитни янада яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида меҳмонларга батафсил маълумотлар беришди. Шунингдек, транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш, давлатлараро темир йўл тармоғини барпо этиш барча соҳалардаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларининг юқори самарадорлигида муҳим омил эканини эътироф этишди.

Хитой томонининг таъкидлашича, гарчи икки мамлакат маданиятида фарқли жиҳатлар бўлса-да, лекин тарихий тараққиётда кўп ўхшашликлар мавжуд. Жаноб Чженвэй Бухоро, Самарқанд, Хива каби кўҳна тарихий шаҳарлар, айниқса, хитой халқи томонидан юксак ҳурматга сазовор бўлган Ибн Сино, Амир Темур каби буюк инсонларни санаб ўтиб, Ўзбекистоннинг бу борадаги муҳим ўрнига, унинг Шарқ ва Ғарб ўртасида кўприк эканига алоҳида урғу берди.

Хитойлик нуфузли меҳмонлар “Бир макон, бир йўл” қўшма лойиҳасини амалга оширишда виза режимини соддалаштириш муҳимлигини таъкидлаб ўтишди. Уларнинг эътироф этишларича, халқаро майдонда енгил саноат соҳасида рақобатчиларнинг кўплиги боис, асосий эътиборни оғир саноат соҳасидаги ҳамкорликка қаратиш мақсадга мувофиқ. Бундан ташқари, меҳмонлар икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларини янада ривожлантиришга катта қизиқиш билдирдилар.

Бунинг учун, жаноб Чженвэй “Бир макон, бир йўл” қўшма лойиҳаси доирасида Хитой билан Ўзбекистонни боғлайдиган транспорт инфратузилмасини йўлга қўйиш, хусусан, юқори тезликда ҳаракатланиш имконини берадиган темир йўллар қуриш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Хитой томонининг фикрича, транспорт логистикасининг ривожланишида “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўлининг барпо этилиши долзарбдир.

Учрашув сўнггида жаноб Чженвэй самимий қабул учун ўз миннатдорчилигини билдирди ва келажакда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Марказ вакилларини Хитойга таклиф қилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати