• Ўзбек
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Италиядаги элчихонада самарали мулоқот


“Тараққиёт стратегияси” маркази Ижрочи директори Элдор Туляков бошчилигидаги делегация Италия сафари давомида Ўзбекистон Республикасининг Италиядаги элчихонасида “Enrico Mattei ENI Foundation” (FEEM) жамғармасининг тадқиқотларни мувофиқлаштириш бўйича директори жаноб Филиппо Тессари билан учрашди.

Филиппо Тессари меҳмонларни мамнуният билан қарши олди. У ўз бошқарувидаги жамғарма ҳақида тўхталди. Таъкидланишича, компания 1989 йилда ташкил қилинган. Таркибида 9 филиал мавжуд. У нотижорат ташкилот бўлиб, барқарор ривожланиш соҳасида инновацион изланишлар билан шуғулланувчи халқаро тадқиқот ва таҳлил маркази саналади. Ўзининг таҳлилий тадқиқотлари, сиёсий тавсиялари, илмий маълумотлари ва таълимни кенг ёйиш орқали давлат ва хусусий соҳаларда сифатли сиёсий қарорлар қабул қилишга кўмаклашади. Жамғарма ўзининг халқаро тармоқлари орқали тадқиқотларини жаҳондаги энг нуфузли илмий муассасалар ва таҳлил марказлари билан бирлаштиради.

Учрашув давомида Элдор Туляков Марказ фаолиятининг асосий йўналишлари, функционал вазифалари ва амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида сўзлаб берди.

Филиппо Тессари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муваффақияти, хусусан, республикани ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар билан таништирилди.

– Италия Ўзбекистонда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, жумладан, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни сақлаш ҳамда мустаҳкамлаш, минтақани хавфсизлик ҳамда барқарор ривожланиш майдонига айлантиришга қаратилган сиёсатини юксак қадрлайди, – деди Филиппо Тессари.

Э.Туляков томонидан айнан Ҳаракатлар стратегияси доирасида жорий йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтадиган, сиёсий доиралар, бизнес вакиллари, Марказий Осиё ва бир қатор Европа Иттифоқи мамлакатлари инвесторларини бирлаштирувчи, икки ва кўп томонлама форматларда қулай платформа бўлиб хизмат қилувчи “Марказий Осиё – бизнинг умумий уйимиз” Тошкент халқаро конференцияси ҳақида берилган маълумотлар италиялик экспертларда катта қизиқиш уйғотди. Марказ директори мазкур конференцияда иштирок этиш учун италиялик ҳамкасбларни таклиф этди.

Шунингдек, томонлар иқтисодиёт, туризм ва ижтимоий соҳани ривожлантириш ва либераллаштириш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилдилар.

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати