• Ўзбек
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Молия вазирлиги билан ҳамкорликнинг янги саҳифаси

“Тараққиёт стратегияси” маркази ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамкорлигида Ватанимиз мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан “Мустақиллик – ёшлар тақдирида” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Унда “Тараққиёт стратегияси” маркази, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги масъул ходимлари ва ёш мутахассислар, ОАВ вакиллари қатнашди.

Тадбирни “Тараққиёт стратегияси” маркази раҳбари Элдор Туляков очди ва олиб борди.

У ўзининг кириш сўзида ҳар қандай юртнинг жадал ривожланиши, муайян ютуқларга эришиши, халқнинг фаровон бўлиши ўша давлатда ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига бериладиган эътибор даражасига чамбарчас боғлиқ эканга алоҳида эътибор қаратиб, Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланиши замирида ушбу тарихий ҳақиқат ётганини таъкидлади.

Парламент томонидан ёшларга оид 40 дан зиёд қонун ҳужжатлари қабул қилиб, 30 дан ортиқ халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ратификация қилингани ўсиб келаётган авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси яратилганидан далолатлиги қайд этилди.

Шунингдек, тадбирнинг кириш қисмида Молия вазирининг ўринбосари Ш.Шарахметов ҳам сўзга чиқди.

Давра суҳбатида сўнгги йилларда ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар хусусида атрофлича фикр алмашилди. Жумладан, марказ мутахассислари томонидан “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да ушбу йўналишда белгалинган вазифалар ва уларнинг ижроси хусусида батафсил маълумот берилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Президенти томонидан 2018 йил 27 июнда имзоланган “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида»ги Фармон асосида амалга оширилаётган лойиҳаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Президент томонидан ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги саъй-ҳаракатларни тизимли асосда йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббуснинг илгари сурилиши Ўзбекистон тарихида ёшлар таълим-тарбияси бўйича тамомила янги босқични бошлаб бергани иштирокчилар диққат марказида бўлди.

Давра суҳбатида иштирок этган ёшлар бугунги кундаги эътибор уларнинг имкониятларини ошириб, давлат ва жамият равнақига муносиб ҳисса қўшишга замин яратаётганини қайд этишди. Фақатгина улардан тўғри фойдаланиш, изланиш ва интилиш кифоя. Иштирокчилар ёшларнинг фаоллигини янада ошириш борасида ҳам билдирилган таклифларни муҳокама қилдилар.

Тадбир сўнггида “Тараққиёт стратегияси” маркази ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ўртасида меморандум имзоланди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати