• Ўзбек
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Хитойга яна бир самарали ташриф


Аввал хабар берганимиздек, Хитойнинг Цзинань шаҳрида “Инновация ва ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш 2019: таклиф ва имкониятлар” мавзусидаги саммит бўлиб ўтди. Унда  “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков иштирок этди.

“Бир макон – бир йўл” ташаббуси доирасида ўтказилган ушбу йирик анжуман доирасида Пекин шаҳрида ҳам Марказ раҳбари томонидан тадбиркорлар, инвестицион банклар, хусусий корхоналар раҳбарлари, тадқиқотчилар учун Ўзбекистонда Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган тақдимот тадбири ташкил этилди.

“Салом, Хитой” ёшлар ривожланиши бўйича халқаро альянси (“Hi China International Youth Development Alliance”), “TusStar” Бизнесс инкубатори, Хитойнинг Гарвард университети битирувчилари уюшмаси ҳамда Буюк Британиянинг “Tuspark” инновацион экотизими ҳамкорлигида ўтказилган тақдимот маросимида, шунингдек, “TusStar” Бизнесс инкубаторини яратишининг асосий ташаббускори, нафақат Хитой, балки дунёнинг нуфузли университетларидан бири Цинхуадан ҳам қатор олим ва профессорлар иштирок этишди. Уларнинг аксарияти Ўзбекистон Республикасида кечаётган ўзгаришлар бўйича тадқиқотлар олиб бормоқда.

 Шундан келиб чиққан ҳолда, Элдор Туляков ўз чиқишларида Ҳаракатлар стратегияси доирасида қабул қилинаётган Давлат дастурлари ва уларнинг амалий натижалари, жумладан, кенг кўламдаги иқтисодий ислоҳотлар, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, қулай инвестицион муҳитни шакллантиришга қаратилган саъй ҳаракатлар хусусида иштирокчиларга батафсил маълумот берди. Ўз навбатида,  саммит қатнашчилари томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга бўлган қизиқиш юқорилигини савол-жавоблар яққол кўрсатиб берди. Пировардида, кўплаб корхона ва ташкилот раҳбарлари, инвесторлар олган маълумотларига таянган ҳолда мамлакатимизга сармоя йўналтиришга қизиқиш билдирди.   

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати