• Ўзбек
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
Эдуардс СТИПРАИС
10377 | 17 Сен. 2019 й.

ХАЛҚҚА ҚАҲРАМОНЛАР КЕРАК

Эдуардс СТИПРАИС,

Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси:

– Ўзбекистон – Марказий Осиёнинг маркази. Биз учун бу мамлакат Евросиё қитъасининг ўртасида. Бу ерда бирор кўргулик бўлса, бутун қитъага таъсир кўрсатади. Буни ҳамма жуда яхши тушунади.

Минтақа жануби эса таҳлика майдони. Афғонистон 40 йилдан буён нотинч. Биз бунга кўз юма олмаймиз. Барқарорлик ва фаровонлик биз учун ўта муҳим. Ўтган икки йил ичида минтақавий ҳамкорлик сари салмоқли қадамлар ташланди. Минтақавий ва минтақалараро алоқа, шериклик сари интилиш бор.

Марказий Осиё харитасига қарасангиз, Ўзбекистон унинг юрагида. Усиз ҳеч қандай боғланиш, ҳамкорлик йўқ. Ўзбекистондаги ижобий ўзгаришлар қўшни Тожикистонга ҳам ижобий таъсир кўрсатади, акс ҳолда у ажралиб қолади. Қўшни ҳудудлар – Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистоннинг иқтисодий ривожланиши учун Ўзбекистон тараққиёти жуда муҳим. Ҳамма нарса бир-бирига боғлиқ. Европа Иттифоқи минтақавий лойиҳалар, хусусан минтақавий ҳамкорлик, чегара оша тижорат бобида лойиҳаларни қўллаб-қувватлашни хоҳлайди.

Дарҳақиқат, ўзгаришлар ичида яшаяпмиз. Бунга ҳар куни гувоҳмиз. Ўз кўзимиз билан кўраяпмиз. Бошқаларнинг, масалан, журналистларнинг таҳлилига қараб эмас, айтиш жоиз, ўзим кўриб, танишиб, билаяпман.

Мамлакатда расмий баёнотлар ва ўзаро айбловлар замони поёнига етиб, жонли мулоқот бошланган. Биз тенг шериклар сифатида гаплашаяпмиз. Фақат биз, Европа Иттифоқи, эмас. АҚШ ва бошқалардан ҳам шуни эшитасиз. Мулоқот руҳи ва кўлами мисли кўрилмаган даражада ўзгарди.

Бугун ислоҳотларда ёрдамлашиш борасида якдиллик бор. Биз БМТ ваколатхонаси, Жаҳон банки ва Осиё Тараққиёт банки, шунингдек, бошқа йирик донорлар билан бир доирадамиз. Мақсад ва ёндашув бир. Бу жараёнда, албатта энг муҳим ролни Ўзбекистон ҳукумати бажаради ва бажариши ҳам керак. Жараёнга у етакчилик қилиши керак. Халқаро ёрдам нимага, қандай йўналтирилишини улар ҳал этиб, самарадорлигини таъминлаши керак.

Ўзбекистонда янги авлод турли жабҳаларда намоён. Уларга қараб барибир янгиликларни сезасиз. Давлат ишидагиларда ҳам, хусусий секторда ҳам. Ўзбекистон иқтидор бобида ҳали очилмаган дунё. Негадир одамлар билими ва тажрибасини кўрсатишни мақтаниш деб ўйлаб, яширади. Муваффақиятини кўрсатгиси келмайди.

Шарқ дунёсида бу нарса минглаб йиллардан бери чуқур илдиз отган. Ажралиб туриш яхшимас, ҳамма қатори бўлиш керак. Хитой ва япон маданиятида ҳам шундай.

Шунга қарамай, Ғарб ва Европа таъсири ҳам сезилади. Муваффақият тан олиниши, кўрсатилиши, қувватланиши керак. Ундан хавфсирамаслик керак.

Муваффақият одамларга илҳом беради, уларни олдинга етаклайди. Инсонда ўзига нисбатан ишончни оширади. Ҳавас қилишади, ҳаракат қилишади. Албатта, шарқона қадриятлар четга сурилмаслиги керак, айниқса оилани эъзозлаш, қариндош-уруғчилик, маҳалла-кўйга иззат, меҳр-оқибат. Лекин инсон ютуғи тан олиниши керак. Ҳар бир халққа намунали вакиллар, қаҳрамонлар керак.

 


4
Похожие новости