• Ўзбек
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

БМТ маърузачиси Диего Гарсия-Саян “Тараққиёт стратегияси” марказида

Маълумки, айни кунларда юртимизда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян бошчилигидаги делегация меҳмон бўлиб турибди.

“Тараққиёт стратегияси” марказида делегация аъзолари иштирокида “Фуқаролик жамиятлари институтларининг суд органлари билан ўзаро алоқаси: тажриба ва истиқболлар” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Унда нуфузли меҳмонлар билан бир қаторда, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, “Мадад”, “Истиқболли авлод” ҳамда Ногиронлар жамияти каби қатор етакчи фуқаролик жамияти институтлари масъул ходимлари ва ОАВ вакиллари қатнашдилар.

Давра суҳбатини “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков очди ва олиб борди.

У ўз сўзида 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида фуқаролик жамияти институтларинингўрни ва ролини ошириш, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқларини ишончли ҳимоялаш, ўз навбатида, судлар фаолиятида адолат тамойилининг устуворлигига эришишга оид қатор муҳим вазифалар белгилангани ва улар тизимли равишда амалга ошириб келинаётганига эътибор қаратди.

Таъкидландики, “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан Олий суд ва бошқа барча ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ўзаро ҳамкорликда суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш бўйича изчилфаолият олиб борилмоқда.

Шунингдек, аҳоли орасида социологик тадқиқотлар, сўровлар ўтказилиб, жамоатчилик фикри ҳам шакллантириб борилмоқда. Бунга қатор ҳамкор ташкилотлар билан бирга, ОАВ учун ташкил этилган тренингда мажбурий ва болалар меҳнати масалалари юзасидан мамлакатдаги вазият атрофлича муҳокама қилингани ҳамда “Ўзбекистон Республикасида маъмурий судларда иш юритилиши: замонавий ҳолати ва ривожланиш истиқболлари” мавзусидаги халқаро конференцияни ташкил этиш ва ўтказишда марказнинг ташкилотчи сифатида иштироки каби қатор йирик лойиҳаларни мисол сифатида келтириш мумкин. Умуман, марказ мисолида суд органлари ва нодавлат-нотижорат ташкилотлари ўртасидаги самарали ҳамкорлик изчил давом этмоқда. Элдор Туляков томонидан ушбу ҳамкорлик натижалари қатор мисоллар орқали батафсил очиб берилди.

Буни Ўзбекистон Республикаси Хотин қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи ҳамда маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Зотан мазкур ташкилотларга адашган ва ўз хатосини тўла англаб етган аёллар ва ёшларни суд жараёнида кафилликка олиш ҳуқуқи берилди.

Натижада, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ўртасида 2018 йил 20 июлда имзоланган Меморандум асосида жазони ўташ муассасаларидан аёллар озод этилмоқда ва жазо муддатлари қисқартирилмоқда.

Биргина жорий йилнинг ўтган олти ойида жазо ўтаётган 227 нафар аёлнинг жазоси енгилроғи билан алмаштирилди. 51 нафар аёл жазони ўташдан шартли озод қилинди, 131 нафарига Хотин-қизлар қўмитаси кафиллиги асосида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланди.

Ўз навбатида, 2019 йилнинг биринчи ярмида фуқаролар йиғинларида 12 334 марта сайёр суд йиғилишлари ўтказилди, 440 нафар фуқаро ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан кафилликка олинди. Бу борада Ёшлар иттифоқи ҳам Ўзбекистон Республикаси Олий суди билан тузилган меморандум асосида тизимли ишлар олиб бормоқда.

Шунингдек, давра суҳбатида сўзга чиққан “Мадад”, “Истиқболли авлод” ҳамда Ногиронлар жамияти нодавлат нотижорат муассасалари масъуллари томонидан ҳам кўрилаётган чоралар, амалга оширилаётган лойиҳаларга оид маърузалар қилинди.

Ўз навбатида, жаноб Диего Гарсия-Саян Ўзбекистонда сўнгги 3 йилда ушбу тизимда жиддий ўзгаришлар, ривожланишлар бўлгани ва мунтазам равишда соҳа такомиллаштириб борилаётганига эътибор қаратди ва ўзининг ижобий фикрларини билдирди.

Меҳмоннинг фикрича, Хотин-қизлар қўмитаси ҳаракатлари билан бир қанча аёллар оқлангани, озод этилгани ва берилган жазо чоралари енгилига алмаштирилгани жуда муҳим ва у тизимда ривожланиш борлигини англатади. Чунки, 2016 йилда 6 тагина шахсга нисбатан оқлов ҳукми қўлланган бўлса, ўтган йили 867, жорий йил бошидан буён 500 нафардан ортиқ шахслар оқланган. Буларнинг барчаси реал ҳаётда юз бермоқда ва бу судьялар мустақил равишда қарор қабул қилаётганини билдиради.

Тадбирда соҳадаги ислоҳотлар ва уларнинг амалий натижалари ҳамда истиқболдаги вазифаларни муҳокама қилишга оид қатор фикрлар ўртага ташланиб, кенг муҳокама қилинди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати