• Ўзбек
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Грузия тажрибаси ўрганилмоқда


Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Тошкент юридик университети вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Грузияда бўлиб турибди.

Мазкур ташриф Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги ва БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда.

Делегация аъзолари ташриф давомида судларнинг мустақиллигини ва суд ишларини юритиш самарадорлигини ошириш, судларда коррупцияга қарши курашиш, бепул ҳуқуқий ёрдам механизмларини ривожлантириш, низоларни ҳал этишнинг самарали муқобил усулларини жорий қилиш, халқаро рейтингларда мамлакат позициясини яхшилаш ҳамда судлар фаолиятига замонавий АКТни интеграция қилиш борасида Грузия тажрибасини ўрганиш имкониятига эга бўладилар.

Шу ўринда, Грузияда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижаси ва бу халқаро рейтингларда қай тарзда акс этаётгани хусусида икки оғиз.

Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш”(“Doing business 2019”) рейтингида Грузия олтинчи поғонага лойиқ кўрилган. Рўйхат эса, жами 190 мамлкатни ўз ичига олади. Бу кўрсаткичда 2003 йилдан буён мамлакатда амалга оширилган 50 ислоҳот муҳим ўрин тутади. Бу институционал ислоҳотлардан тортиб,самарали бошқарувгача бўлган муҳим жараёнларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлашга таянган чоралар мажмуидир. Уларнинг натижаси эса, мамлакатнинг халқаро миқёсдаги мавқеини ошириш билан бирга, жозибадор инвестицион муҳитни ҳам юзага келтирди.

Шунингдек,Грузия бир йўла 4 та йўналиш бўйича дунёда кучли 10 таликка киради. Булар, бизнесни бошлаш, миноритар инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоялаш, мулкни рўйхатдан ўтказиш ҳамда шартномаларни бажариш йўналишларидир.

Албатта, халқаро миқёсда бундай ижобий кўрсаткичларга эришиш ўз-ўзидан бўлмайди. Бунда алоҳида фаоллик ва ташаббус кўрсатаётган барча секторлар фаолиятини эътироф этиш ўринли.

Шундан келиб, делегация аъзолари ташриф давомида Грузия Олий суди, Иқтисодиёт ва барқарор ривожланиш вазирлиги, Олий адлия маслаҳати, Адлия вазирлиги, Адлия олий мактаби, Юридик ёрдам хизмати, Грузия миллий ижро бюроси ва Тбилиси шаҳар судида учрашувлар ва музокаралар ўтказади.

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати