• Ўзбек
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
ҲУДУДЛАРДА МАНЗИЛЛИ ҚАРОРЛАР ҚАБУЛ ҚИЛИШНИНГ ЯНГИ ИМКОНИЯТЛАРИ
4465 | 09 Ян. 2020 й.

“Тараққиёт стратегияси” маркази Жаҳон банки билан ҳамкорликда 2018 йилдан буён "Ўзбекистон фуқароларини тинглаб" лойиҳасини амалга ошириб келмоқда. Мазкур лойиҳа доирасида Жаҳон банкининг Қашшоқлик ва тенглик бўйича глобал амалиёт маркази эксперти Уильям Зейтц раҳбарлигида "Улар қаерда яшайдилар? Марказий Осиёда туманлар миқёсидаги қашшоқлик даражаси, ўртача истеъмол ва аҳолининг ўрта синфи кўрсаткичлари" номли ҳисоботи чоп этилди.

Ушбу ҳисоботда кам таъминланган ва ўрта синф аҳоли яшайдиган туманларнинг хариталари келтирилган бўлиб, унда энг тез ривожланаётган ва аксинча орқада қолаётган қолоқ туманларни аниқлаш имкониятлари очиб берилган. Бу эса, ривожланиш паст суръатларда кетаётган ҳудудлар кесимида янада сифатли ва аниқ манзилга йўналтирилган сиёсий қарорлар қабул қилиш ҳамда ижросини таъминлаш имкониятларини кенгайтиради.

Ҳисоботнинг асосий мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан ўзбек ва рус тилларида қисқача таҳлилий маълумотнома тайёрланди.

Ушбу қўлланма мамлакатимиз аҳолисининг турмуш даражасини ошириш йўлида фаолият юритаётган барча вазирлик, идора, ташкилот ва илмий марказлар учун фойдали бўлади деган умиддамиз.
 



Фурқат ЮНУСОВ
“Тараққиёт стратегияси” маркази координатори


ЎЗБЕКИСТОНДА ТУМАНЛАР МИҚЁСИДАГИ ҚАШШОҚЛИК ДАРАЖАСИ, ЎРТАЧА ИСТЕЪМОЛ ВА
АҲОЛИНИНГ ЎРТА СИНФИ КЎРСАТКИЧЛАРИ

(Жаҳон банкининг "Ўзбекистон фуқароларини тинглаб" номли ҳамкорликдаги лойиҳаси асосида)

Сўнгги йигирма йил ичидаги жадал иқтисодий ўсиш Марказий Осиёда, шу жумладан Ўзбекистонда миллионлаб одамларни қашшоқликдан чиқишига ёрдам берди. Бироқ, фаровонликнинг нотекис тақсимланиши қашшоқликни камайтириш жараёнини секинлаштирмоқда. Ҳозирги кунда мамлакатда қолоқ ҳудудларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Уй хўжаликларининг танланма кузатуви услуби амалдорларга ҳудуд(вилоят)ларда улардаги ривожланишни кузатиб бориш ҳамда баъзи ҳудудий тафовутларни аниқлаш имконини бермоқда. Бироқ, ҳеч қайси мавжуд расмий тадқиқот туман даражасида аниқ воқеликни очиб бера олмаслиги ва туман миқёсида фаровонлик ҳолатини кўрсата олмаслиги ушбу услубнинг муҳим камчилиги ҳисобланади. Рақамларни ўртача миқдорга келтиришда мавжуд “қашшоқ ороллар”нинг аҳамиятдан четда қолишига сабаб бўлади, бу эса қашшоқлик даражасини камайтириш бўйича амалга оширилаётган ижтимоий дастурларни манзиллилигини таъминлашдаги хатоликларга олиб келади.

Маълумки, 2018 йилдан буён Жаҳон банки “Тараққиёт стратегияси” маркази билан ҳамкорликда "Ўзбекистон фуқароларини тинглаб" деб номланган лойиҳани амалга ошириб келмоқда. Мазкур лойиҳа доирасида Жаҳон банкининг Қашшоқлик ва тенглик бўйича глобал амалиёт марказининг эксперти Уилям Зейтц раҳбарлигида  "Улар қаерда яшайдилар. Марказий Осиёда туманлар миқёсидаги қашшоқлик даражаси, ўртача истеъмол ва аҳолининг ўрта синфи кўрсаткичлари" номли ҳисоботи тайёрланди.

Ҳисоботда камбағал ва ўрта синф аҳоли яшайдиган туманларнинг хариталари, умуман бутун минтақа, шунингдек ҳар бир мамлакат учун алоҳида, хусусан Ўзбекистон учун батафсил келтирилган.

Мазкур ҳисоботда келтирилган натижаларни ҳосил қилишда "Ўзбекистон фуқароларини тинглаб"  лойиҳаси доирасидаги сўровнома маълумотлари ва туман даражасидаги очиқ манбалардан олинган кўрсаткичларни бирлаштириш орқали турли хилда ҳисобланган кўрсаткичларни баҳолаш имконини берувчи методлардан фойдаланилган.

Кичик туманлар даражасида баҳолаш услублари фаровонлик кўрсаткичларининг аниқлигини оширишга қаратилган. Баҳолаш натижалари кўпинча давлат сиёсатининг зарур чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва камбағалликни камайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг самарадорлигини ошириш ёки маҳаллий даражадаги ижтимоий гуруҳларнинг муаммоларини ҳал қилиш мақсадларида маблағлар ажратилишида фойдаланилади.

“Қашшоқлик хариталари” кўпгина мамлакатлар ва минтақаларда ҳудудий тафовутларни аниқлаш, шу билан бир пайтда фаровонликнинг турли жиҳатларини акс эттириш, даромадларни тақсимланиши омилларини тушуниш, ҳамда керакли чораларни аниқлаш ва ишлаб чиқиш учун фойдаланилади.

Жаҳон банки томонидан қашшоқлик кўламини бахолашдан асосий мақсад, қашшоқликни баҳолашни ҳалқаро миқёсда таққослаш имкониятини яратувчи ягона глобал стандарт доирасига келтиришдан иборат. Мазкур асосда олинган кўрсаткичлар, ўз навбатида, Жаҳон банки, БМТга аъзо давлатлар ва бошқа ҳамкорлар томонидан белгиланган ривожланиш мақсадларига эришишда барқарорликни мониторингини юритиш мақсадида фойдаланилади.

Ушбу ҳисоботда фойдаланилган услубнинг ўзига хос хусусияти шундаки, бу ерда ҳалқаро қашшоқлик чегарасидан (кунига $ 1,90) ташқари, шунингдек мамлакатларнинг ривожланиш хусусиятлари ва ривожланиш босқичларини ҳисобга олган ҳолда даромадлар бўйича бошқа қашшоқлик чегаралари қўлланилган. Хусусан, даромад даражаси ўртачадан паст давлатлар учун қашшоқлик даражаси кунига 3,2 АҚШ доллари ва даромад даражаси ўртача даражадан юқори бўлган мамлакатлар учун кунига 5,5 доллар миқдорида белгиланган.

Натижалар шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида қашшоқлик даражаси кунига 3,2 долларни ташкил этган ҳолатда, Марказий Осиёнинг бошқа (Тожикистон, Қирғизистон) мамлакатларига қараганда нисбатан паст. "Ўзбекистон фуқароларини тинглаб" тадқиқотининг натижаларидан қашшоқликнинг таққослама даражасини аниқлаш учун фойдаланилган. Ушбу ҳисоб-китоблар 2018 йилда кунига 3,2 долларни ташкил этадиган қашшоқлик чегарасидан пастда бўлган аҳолининг улуши 9,6 фоизни, кунига 5,5 долларга тенг бўлган қашшоқлик даражасида эса 36,6 фоизни ташкил этаётганини кўрсатмоқда.

 


Натижалар Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида даромаднинг нотекис тақсимланганлиги кўрсатмоқда. Қашшоқликнинг юқори даражаси Тошкент, Самарқанд, Сурхондарё, Андижон вилоятлари ва Қароқалпоғистон Республикасининг айрим туманларида кузатилмоқда. Ўрта синф аҳолининг умумий аҳоли сонидаги улушининг энг паст даражаси Самарқанд, Сурхондарё, Андижон, Сирдарё, Тошкент, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасининг айрим туманларида кузатилмоқда.



 

Сўнгги йигирма йиллардаги таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, Марказий Осиёда миллионлаб одамларнинг қашшоқлик исканжасидан чиқиб, фаровонликка юз тутмоқдалар. Бироқ, бу баъзи жойларда бошқаларга қараганда тезроқ юз бермоқда. Марказий Осиё, шу жумладан Ўзбекистондаги аксарият стандарт тадқиқотларнинг қамрови етарли даражада эмаслиги иқтисодий конвергенция динамикасини тўлиқроқ тушунишга тўсқинлик қилмоқда. Мазкур тадқиқот натижалари эса ушбу муаммони қисман ҳал қилиб бермоқда. Аҳоли фаровонлигининг асосий кўрсаткичлари сифатини яхшилашга минтақада ўтказилган тадқиқот натижалари ва кичик ҳудудларни баҳолаш усулларини бирлаштириш орқали эришилиши мумкин.

 

 


Юқорида келтирилган хариталардан амалда фойдаланишнинг кўплаб вариантлари мавжуд. Минтақада миграция ва пул ўтказмаларига боғлиқликнинг юқори даражасини ҳисобга олган ҳолда, миграция кўрсаткичларини туман даражасидаги қашшоқлик даражаси билан таққослашни энг муҳим мисоллардан бири сифатида келтириш мумкин. Қуйида камида битта мигрант аъзоси бўлган уй хўжаликларининг улуши кўрсаткичи туманлар миқёсида келтирилган.

Юқорида келтирилган таҳлилларни таққослаш шуни кўрсатмоқдаки, меҳнат мигрантларининг номутаносиб тақсимланиши минтақанинг айрим қашшоқроқ туманларига тўғри келмоқда. Ушбу мувофиқлик мигрантлар энг қашшоқ туманларнинг ривожланишига пул ўтказмалари билан ҳам, инвестиция киритиш орқали ҳам сезиларли ҳисса қўшаётганликларини кўрсатмоқда.

Ушбу натижалар таҳлил учун фойдали бўлган мазкур ҳудудий маълумотларни тақдим этган ҳолда миграцияга йўналтирилган бошқа тадқиқотларни  тўлдиради. Миграциянинг асосий омиллари уй хўжаликлари даражасида батафсил таҳлил қилиш миграция даражаси билан ҳудудий иқтисодий муаммоларнинг, жумладан иқтисодий фаолликнинг паст даражаси, уй хўжаликларининг оғир аҳволи ва ижтимоий имтиёзларга кўпроқ муҳтож ҳудудда яшаш ўртасидаги чамбарчас боғлиқликни кўрсатмоқда. Агар мигрантларнинг молиявий ёрдами бўлмаганда эди, қашшоқлик даражаси ва ишсизлик кўрсаткичлари қолоқ ҳудудларда бундан-да юқори ва ўртача даромадлар эса анча паст бўлар эди.

Бошқа яна бир мисол: Тожикистонда ҳукумат ва Жаҳон банки болалар боғчалари ва мактабгача таълим муассасалари сонини кўпайтириш масаласини муҳокама қилмоқда. Аммо бу, биринчи навбатда, қайси туманларда зарурроқ? Мамлакатнинг қашшоқлик харитасида мавжуд 1000 та ўқув юртига тўғри келадиган таълим муассасалари сони тўғрисидаги батафсил маълумотлар киритилган, уларда бир вақтнинг ўзида қашшоқликнинг юқори даражаси ва таълим муассаларининг паст қамров даражаси кузатиладиган туманларга эътибор қаратилган.

Шундай қилиб, ушбу натижалар фаровонликни минтақада туман даражасида мумкин бўлган тақсимланишини тўлиқ манзарасини ифода этиб бермоқда. Натижалар ҳудудлардаги ривожланишнинг турли-туманлигидан аниқ далолат бериб турибди.

Мазкур маълумотларга асосланган хариталардан энг тез ривожланаётган ҳудудларни ва орқада қолаётган қолоқ туманларни аниқлашда фойдаланилиши мумкин. Янада сифатли ва батафсил маълумотга эга бўлган ҳолда, ёрдамга муҳтож одамлар яшаётган ҳудудларда янада сифатли ва аниқ манзилга йўналтирилган сиёсий қарорлар қабул қилишни таъминлаш ва тадбирларни амалга ошириш мумкин.

Уилям Зейтцнинг "Улар қаерда яшайдилар. Марказий Осиёда туманлар миқёсидаги қашшоқлик даражаси, ўртача истеъмол ва аҳолининг ўрта синфи кўрсаткичлари" ҳисоботи батафсил қуйидаги ҳаволада: 
 http://documents.worldbank.org/curated/en/210801569934716898/pdf/Where-They-Live-District-Level-Measures-of-Poverty-Average-Consumption-and-the-Middle-Class-in-Central-Asia.pdf


3
Похожие новости