• Ўзбек
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ҲИМОЯСИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЙЎЛИДА


2020 йилнинг 15 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида акс этган устувор йўналишлар муҳокамасига бағишланган «давра суҳбати» бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, «Тараққиёт стратегияси» маркази ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар Координатори томонидан ташкил этилди.

Унда Конституциявий суд, Олий суд раҳбарлари, хориж давлатлари элчилари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, халқаро ташкилотлар ва ваколатхоналар раҳбарлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар вакиллари, фуқаролик жамияти институтлари, маҳаллий ва хориж ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Олий суд раиси ўринбосари И.Муслимов ўз маърузасида суд-ҳуқуқ тизимида тарихий ўзгаришлар амалга оширилгани ва ушбу ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад, суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш орқали Конституцияда мустаҳкамланган фуқароларнинг ҳуқуқлари,  эркинликлари ва қонуний манфаатларини амалда кафолатлашдан иборат эканлигини таъкидлади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидовнинг айтишича, бу йил жаҳон ҳамжамияти 1985 йилда Бош Ассамблея томонидан тасдиқланган суд органлари мустақиллиги асосий тамойилларининг 35 йиллигини ҳамда юристлар ролига оид Асосий тамойилларнинг 30 йиллигини нишонламоқда. Одил судлов соҳасидаги халқаро стандартларни миллий амалиётга татбиқ этиш мақсадида Ҳаракатлар стратегияси доирасида суд-ҳуқуқ ислоҳоти амалга оширилмоқда ва судлар мустақиллигини кучайтириш чоралари кўрилмоқда.

ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар Координатори ва республикада аккредитациядан ўтган дипломатик корпус томонидан таъкидландики, ҳар бир давлат ўз ривожланиш йўлини, асосий қонунидаги энг муҳим мақсад ва вазифаларни, жинси, ирқи, миллати, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар фуқароларнинг тенглиги кафолатларини белгилайди ва шу орқали замонавий демократик тараққиёт пойдеворини яратади.

Давра суҳбати иштирокчилари Конституция ва қонунлар устуворлигини таъминлаш ҳуқуқий демократик давлат қуришнинг энг муҳим мезони эканлигини таъкидлаб ўтишди. Бу – давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан қабул қилинган актлар, барча даражадаги мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари Конституция ва мамлакат қонунларига қатъий ва сўзсиз риоя қилишдир.

Шу муносабат билан «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков тадбир иштирокчилари эътиборини жамоатчилик фикрини ўрганиш институтидан фақатгина саноқли нодавлат ташкилотлар фойданаётганлигларига қаратди.

– Фуқароларнинг фаоллиги, ижтимоий ҳодисаларга дахлдорлик ҳиссининг ортиши ҳамда ҳар бир давлат хизматчисининг ўз фаолияти жамоатчилик назорати остида эканлигини чуқур ҳис этиб бориши фуқаролик жамияти шаклланиши жараёнининг муҳим шартларидандир. Яъни, давлат органлари аҳолига ўз сиёсати, ҳаракатларини тушунтириб бериши, халқ олдида мунтазам равишда ҳисобот бериб бориши бугунги замон талабидир. Хулоса шуки, «давлат ҳокимияти» ва «жамоатчилик назорати» бир-бирини тўлдирувчи тушунчалардир. Давлат ҳокимияти ва жамоатчилик назоратининг бирлиги халқнинг ҳокимиятдан, ҳокимиятнинг халқдан бегоналашувининг олдини олиб, озчилик ва кўпчилик деспотизмига йўл қўймайди. Давлат ҳокимияти ва жамоатчилик назоратининг уйғунлигини таъминлаш демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга хизмат қилади.

Ҳелена ФРЕЙЗЕР, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили

Ҳақиқатдан ҳам Ўзбекистон Президенти Конституция қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган маросимдаги маърузасида ўз халқига ажойиб нутқ билан мурожаат қилди. Айтишим керакки, айни дамда мамлакатингизда бўлаётган барча ислоҳотлар у иқтисодий-ижтимоий ҳаётда ёки суд-ҳуқуқ тизимида бўладими, улар албатта халқ томонидан қўллаб-қувватланиши керак.

Жамоатчилик назорати – ўзига хос кучли механизм. Айнан у мавжуд ислоҳотларнинг давомийлигини таъминлаб берувчи воситадир. Шунинг учун ҳам нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ёки инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари ходимларининг балки оддий халқнинг ҳам ҳуқуқий онгпни шакллантириш зарур деб ҳисоблайман. Чунки инсонлар қанчалик ўз хақ-ҳуқуқларини яҳши билишса, шунчалик қонунбузилиш ҳолатлари рўй бермайди.

Гюнтер Оверфельд, Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси

- Германия Ўзбекистонда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни 10 йилдан ортиқ давр мобайнида қўллаб-қувватлаб келмоқда. Айтишим керакки, суд тизимидаги ислоҳотларнинг айнан Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилганлари тизимдаги кўп элементларнинг фақат биттаси эмас, балки бутун ислоҳот жараёнининг марказида жойлашган бир унсур деб ҳисоблайман.

Президент ўз маърузасида шуни айтиб ўтдики, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар сиёсатининг муваффақияти кўп ҳолатларда айнан Конституцияга амал қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш билан боғлиқ. Ҳақиқатдан ҳам бу йўналишда кўп ишлар амалга оширилди.  Жумладан, суд ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, Ҳаракатлар стратегияси, даврий ҳисоботларни ишлаб чиқиш бўйича тадбирлар жуда муҳим ҳисобланади.

Матилда Димовска, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили

- БМТнинг Тараққиёт дастури номидан ташкилотимиз Ўзбекистонда ҳозирда суд-ҳуқуқ устуворлигини таъминлашга қаратилган тадбирларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини яна бир бор таъкидлаб ўтмоқчиман. Маълумки, Ўзбекистон ҳукумати ва  Олий суд билан бир неча йўналишларда судяларнинг мустақиллиги, суд тизимининг шаффофлиги ва суд ваколатлари юзасидан кенг кўламда ишлар олиб бораяпмиз ва USAID ва Европа Иттифоқи билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқдамиз. Демак суд тизимининг мустақиллигини таъминлаш ҳам бизнинг ҳамкорлигимиз доирасида ниҳоятда устувор вазифа ҳисобланади.

Айтишим керакки, тизимда янада такомиллаштирилиши лозим бўлган йўналишлар ҳам мавжуд. Авваламбор, бу инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенцияларнинг меъёр ва нормаларини мамлакатда янада тўлақонли амалга оширилиши масаласи, бунда адвокатлар мустақиллигини таъминлаш ҳам жуда муҳим. Бундан ташқари, суд тизимида чекловлар ва мувозанат тизимини амалга тадбиқ этиш ҳам долзарб ҳисобланади.

Дэниел РОЗЕНБЛЮМ, АҚШнинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси

- Суд-ҳуқуқ соҳасида АҚШ тажрибасига тўҳталадиган бўлсам, умуман олганда қонун устуворлигини таъминлаш концепцияси Америка ҳаётида ниҳоятда долзарб аҳамият касб этади. Лекин у концепция Американинг ўзида ҳам таҳминан 240 йил олдин пайдо бўлган ва бу концепцияга асос солган шахсларга нисбатан айнан мамлакатимизга асос солган оталар деб мурожаат қиламиз. Авваламбор, бу концепция – ҳуқуқ вакили бўлмиш инсонлар камчиликни, халқ эса кўпчиликни ифодалайди деган бир фикрдан келиб чиққан. Ҳукуматда бўлган камчилик ўзининг манфаатларини илгари суриш, ҳимоялаш ва амалга тадбиқ этиш йўлида кўпчиликнинг манфаатларига зид ва қарши равишда ҳаракатланиши мумкин. Шунинг учун ҳам биз мамлакатимиз гуллаб-яшнаши ва барқарор ривожланиши учун ҳукуматда алоҳида бир шахсларни, етакчиларни қўллаб-қувватлашимиз эмас, балки мамлакатда ҳуқуқ устуворлигини таъминловчи тизимларни шакллантиришимиз керак ва бу тизимларни амалга тадбиқ этишимиз лозим, деган ҳулосага келганмиз.

Тадбир давомида фуқароларнинг мулкий ҳуқуқи дахлсизлиги ва у ҳар доим давлат ҳимоясида экани қайд этилди. Келгусида тадбиркорлик субъектларининг мулкий ҳуқуқларини қонунга хилоф равишда чеклаш билан боғлиқ ишлар аниқланган тақдирда, Бизнес-омбудсман томонидан тадбиркор манфаати учун судга мурожаат қилиш ҳуқуқини бериш, қолаверса, ҳокимларнинг тегишли ҳудудларда ер участкалари бериш тўғрисидаги қарорларини эълон қилиш тартиби ўрнатилади.

Шунингдек, тадбирда Конституцияга кўра судлар ўз фаолиятида мустақил эканликлари, аммо бу соҳадаги ҳақиқий назоратни халқ амалга ошириши лозимлиги алоҳида таъкидланди. «Судлар ва тергов органлари, муайян иш бўйича қарорлар қабул қилаётганда фуқароларнинг жамоавий мурожаатларига жавобан тушунтириш ва ҳуқуқий изоҳлар беришлари шарт» деган тавсияга юқори баҳо берилди.

Тадбир сўнггида БМТнинг қийноқларга қарши ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларига қарши Конвенцияси қоидаларини бажариш бўйича Ўзбекистоннинг Бешинчи даврий маърузаси бўйича БМТ қўмитасининг қийноқларга қарши ишида Ўзбекистон делегациясининг иштироки якунларига бағишланган тақдимоти бўлиб ўтди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати