• Ўзбек
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

2019 ЙИЛ САРҲИСОБИ: ДАВЛАТ БОШҚАРУВИ ТИЗИМИНИ ИСЛОҲ ҚИЛИШ ЙЎНАЛИШИДА БИР ҚАТОР ИШЛАР АМАЛГА ОШИРИЛДИ

2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш соҳасидаги устувор йўналишлари бўйича ҳисобот даврида қуйидаги ишлар амалга оширилди.

Давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш йўналишида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 январдаги “Мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг стратегик вазифалари амалга оширилиши самарадорлиги учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг масъулиятини оширишга доир биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5644-сон Фармони;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ишини ташкил этишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида” ПҚ-4136-сон қарори;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 3 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг таркибий бўлинмалари тузилмасини тасдиқлаш тўғрисида”ги 82-сон қарори қабул қилинди.
 

     Қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ:

  • Вазирлар Маҳкамаси фаолиятининг самарадорлигини ошириш бўйича асосий йўналишларни белгиланди;
  • Бош вазир ўринбосарларининг бир вақтнинг ўзида акциядорлик жамияти ва компаниялари ҳамда давлат улуши мавжуд бошқа ташкилотларга раҳбарлик қилиш амалиётини бекор қилинди ҳамда уларнинг сони оптималлаштирилди;
  • Ёқилғи-энергетика соҳаси ва саноатнинг базавий тармоқларини ривожлантириш масалалари ҳамда аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси лавозими жорий қилинди;
  • Вазирлар Маҳкамасининг ахборот-таҳлил департаментлари, шу жумладан Йиғма ахборот-таҳлил департаменти фаолияти тугатилди;
  • Бош вазир ўринбосарлари ва Бош вазир маслаҳатчилари котибиятлари ташкил қилинди;
  • Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларини ўтказиш тартибини белгиланди;
  • Ҳукуматнинг ижтимоий-иқтисодий, маданий-гуманитар, ҳудудий ривожланиш, шунингдек ташқи-сиёсий ва ташқи-иқтисодий соҳалардаги ваколатларини, унинг аъзолари жавобгарлиги чегаралари аниқ белгиланди;
  • Ижро ҳокимияти органлари фаолиятини оптималлаштириш ва такомиллаштириш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.


Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари муаммоларни уйма-уй юриш орқали аниқлаш ва ҳал қилишнинг фаол тизимига ўтди. Уларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар билан ўзаро ҳамкорлиги кучайтирилди.

Халқ қабулхоналарига давлат органларининг фаолиятини ўрганиш, уларга тақдимномалар киритиш, қонунбузилишга йўл қўйган мансабдор шахсларни лавозимидан озод этишгача бўлган интизомий жавобгарликка тортиш бўйича таклифлар киритиш ваколатлари берилди. Аҳоли муаммоларини ҳал этиш бўйича “маҳалла – сектор – Халқ қабулхонаси – маҳалла” ҳамкорлик тизими жорий қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 ноябрдаги «Давлат бошқарувида илғор давлат менежменти ва "ақлли" бошқарув принципларини босқичма-босқич жорий этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 959-сонли қарори қабул қилинди.
 

     Қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатга мувофиқ:

  • Давлат органлари ва ташкилотлари учун профессионал бошқарувчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимида масофавий таълим технологияларини ўз ичига олган давлат бошқарувида менежмент ва “ақлли” бошқарув принциплари босқичма-босқич жорий этилади;
  • “Бошқарув кадрлари портали” яратилиб, 2020 йил 1 мартга қадар ишга туширилади. Портал фойдаланувчиларининг ягона электрон базасини шакллантириш ва янгилаб бориш, шунингдек уларнинг касбий ва шахсий ўсишига кўмаклашувчи масофавий таълим технологияларини жорий этиш Порталнинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди;
  • 2019 йил 1 декабрдан бошлаб Тошкент вилояти Бўка тумани ва Ангрен шаҳрида тажриба-синов тариқасида раҳбар кадрлар фаолияти самарадорлигига доимий равишда баҳо бериб бориш тизими жорий этилади ва ушбу тизим 2020 йил 1 августга қадар амалга оширилади. Тажриба-синов якунлари бўйича ушбу тизим кейинчалик бутун республика ҳудудида жорий этилади;
  • 2020 йил 1 февралга қадар давлат органларининг “Халққа – кўмакчи, тадбиркорга – бизнес ҳамкор” сифатида фаолият кўрсатишини кенгайтириш мақсадида махсус электрон платформа яратилади ва ишга туширилади.


Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ давлат фуқаролик хизмати самарадорлигини ошириш, давлат органлари ва ташкилотларининг малакали кадрларга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил қилинди. Агентлик давлат органлари ва ташкилотларида ходимларни бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш учун масъул ҳисобланади.

Мамлакатимиздаги инвестиция муҳитини янада яхшилаш, иқтисодиётнинг устувор тармоқларига ва бошқа муҳим соҳаларга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишни кенгайтириш, илғор халқаро тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда сифатли инвестиция жараёнларини ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Хорижий инвесторлар кенгаши тузилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 1 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси ёқилғи-энергетика тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-5646-сон Фармони ҳамда 2019 йил 1 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4142-сон қарорига мувофиқ мамлакатимизда янги Энергетика вазирлиги ташкил этилди. Унинг асосий вазифаси этиб ёқилғи-энергетика тармоғида ягона давлат сиёсатини амалга оширишдан иборатлиги ҳамда ёқилғи-энергетика тармоғини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 1 февралдаги “Транспорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5647-сон Фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-4143-сон қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги негизида янги Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ташкил этилди. Вазирлик автомобиль, темир йўл, ҳаво, дарё транспортлари, метрополитен, шунингдек йўл хўжалигини ривожлантириш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича давлат бошқаруви органи ҳисобланади ҳамда транспорт ва йўл хўжалиги соҳасидаги ташкилотлар фаолиятини норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш, лицензия ва рухсатномалар бериш, сертификатлаштириш, самарали техник ва тариф сиёсатини амалга ошириш йўли орқали давлат томонидан тартибга солиш вазифасини амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси ташкил этилди. Агентлик ва инспекция Президентининг 2019 йил 5 февралдаги “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг айланмасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш ҳамда узумчилик ва виночиликни ривожлантиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5656 сонли Фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Қишлок хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ–4161-сон ва “Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ–4162-сон қарорларига мувофиқ ташкил этилди.

2019 йил давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида ҳам аҳолига қулайлик яратиш борасидаги ислоҳотлар давом эттирилди. Давлат хизматлари марказлари томонидан 2018 йилнинг 9 ойида 2,6 млн хизмат кўрсатилган бўлса, жорий йилнинг мос даврида 8,9 млн (3,5 баравар кўп) давлат хизматлари кўрсатилган.

Жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра, 716 та давлат хизматидан 119 таси (17 %) Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилаётган бўлса, йил якунига қадар мазкур кўрсаткич 150 та (21 %) ни ташкил қилади.

Жисмоний ва юридик шахслар давлат хизматларини экстерриториал тамойил бўйича, яъни фуқароларнинг яшаш ва юридик шахсларнинг почта манзилидан қатъи назар республиканинг ҳар қандай ҳудудида олиш имконига эга бўлдилар.

24 та давлат хизматлари электрон шаклга ўтказилиб, Ягона портал орқали жорий этилди ва жорий этилган электрон давлат хизматлари сони 157 тага етди.

Жамоатчилик бошқаруви тизимини такомиллаштириш йўналишида

Давлат бошқарувида аҳолининг кенг иштирокини таъминлаш, халқ билан мулоқотни янада кучайтириш сиёсати доирасида “Mening fikrim” махсус веб-портали орқали юборилган электрон жамоавий мурожаатларни Олий Мажлис палаталари, халқ депутатлари Кенгашлари билан бир қаторда Вазирлар Маҳкамаси томонидан ҳам кўриб чиқилиши тартиби жорий қилинди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг молиявий асосларини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Махкамасининг “Фуқаролар йиғинлари томонидан жисмоний ва юридик шахслардан ихтиёрийлик асосида жалб этилган маблағларни ва ҳомийлик хайрияларини шакллантириш ҳамда улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 2019 йил 30 мартдаги 262-сон қарори қабул қилинди. Мазкур Низом фуқаролар йиғинлари томонидан жисмоний ва юридик шахслардан ихтиёрийлик асосида жалб этилган маблағларни ва ҳомийлик хайрияларини шакллантириш ҳамда улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати