"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

“АХБОРОТЛАШГАН ЖАМИЯТ” МУҲИТИНИ ЯРАТИШ НИМА БЕРАДИ?

Кутилганидек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталарига навбатдаги Мурожаатномаси халқимиз ва халқаро жамоатчилик томонидан жуда катта қизиқиш билан қарши олинди. Давлат раҳбари таклифига кўра, Ўзбекистонда “2020 йил — Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, деб номланди.

Мазкур Мурожаатномада ўтган йиллар давомида амалга оширилган ишлар танқидий таҳлил этилиб, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида жорий ва келгуси йилларга мўлжалланган устувор йўналишлар, амалга ошириладиган ислоҳотларнинг муҳим қирралари қамраб олингани, давлатимиз ички ва ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари баён этилиб, долзарб қонунчилик ташаббуслари илгари сурилгани алоҳида аҳамият касб этди.

Йил номланишига келсак, бунинг замирида чуқур маъно ва мазмун мужассамлаштирилган, деб ҳисоблайман. Чунки, илм-фан, маънавият-маърифатга тикилган сармоя буюк келажак учун киритилган инвестициядир. Илм-маърифат ривожланмаган давлат ҳеч қачон тўлақонли давлат бўла олмаслиги бизга узоқ тарих ҳамда бугунги асримиздаги юксак тараққий этган илғор мамлакатлар тажрибасидан жуда яхши аён.

Рақамли иқтисодиётга ўтиш келгуси беш йилдаги энг устувор мақсадимиз бўлиши ҳақидаги таъкид эса, бевосита илм-маърифатни ривожлантириш билан чамбарчас боғлиқдир. Бинобарин, бугунги тезкор замонда жаҳон бўйлаб глобаллашув жараёнлари тобора чуқурлашиб бораётган шароитда рақамли иқтисодиёт илғор давлатлар иқтисодиётининг барча тармоқларида кенг жорий этилмоқда. Ҳаттоки, айрим мамлакатлар ушбу соҳанинг энг юқори чўққиси ҳисобланган сунъий интеллектдан фаол фойдаланишга ўтганига гувоҳ бўляпмиз. Нуфузли халқаро ташкилотлар олиб борган таҳлиллар натижаларига кўра, рақамли иқтисодиёт ялпи ички маҳсулотни камида 30 фоизга ўстириш, шунинг баробарида, хуфёна иқтисодиётга барҳам бериш ва коррупцияни кескин камайтириш имконини берар экан.

Кўриниб турибдики, мазкур соҳа юртимизда барча соҳа ва тармоқларнинг юксак ривожига жиддий туртки бўлади.

Халқаро амалиётга юзланадиган бўлсак, ҳозирги кунда рақамли иқтисодиёт электрон тижорат ва хизматлар соҳаси билан чекланиб қолмай, балки ҳаётнинг ҳар бир жабҳасига, хусусан, соғлиқни сақлаш, фан-таълим, қурилиш, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт, геология, кадастр, архив, интернет-банкинг ва бошқа соҳаларга жадал кириб бормоқда ва уларнинг ҳар бирида ўзининг юқори самараларини бермоқда.

Фуқароларнинг давлат органлари билан алоқасини электрон платформа орқали алоқага ўтказиш, яъни давлат ўз фуқаролари учун электрон хизматлар кўрсатиши ва электрон маҳсулотларни таклиф этиши – бу рақамли иқтисодиётнинг асосий қисми ҳисобланади. Мамлакатимизда ушбу соҳани кенг ривожлантириш Президентимиз таъкидлаганидек, биздаги энг асосий оғриқли муаммолардан бири – коррупция иллатига барҳам беради.

Шу боис ҳам кўпгина давлатлар ҳозирги кунда рақамли иқтисодиёт соҳасига жиддий эътибор қаратмоқда. Масалан, 2017 йил 28 июлда Россия Федерацияси ҳукумати Рақамли иқтисодиёт дастурини қабул қилди. Эстония, Беларусь Республикаси ва Украина рақамли иқтисодиётни фаол ривожлантирмоқда.

Ўз навбатида, айрим давлатларда айнан рақамли иқтисодиётни ривожлантириш учун зарурий инфраструктурани яратишга ҳаракат қилинмоқда. Жумладан, Австралия ҳукумати фуқароларга юқори тезликдаги рақамли алоқани тақдим этиш чораларини кўрмоқда, яъни, Австралиядаги миллий кенг полосали тармоқ (National Broadband Network) Австралия аҳолисининг 93 фоизини 1 Гбит/с тезликдаги интернет билан таъминлаш мажбуриятини олган.

Шундай экан, Ўзбекистонда “Рақамли Ўзбекистон-2030” дастурини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этишда, энг аввало, пухта ва мукаммал ташкилий-ҳуқуқий механизмларни шакллантириш, қолаверса, инновацион ғоялар, технологиялар ва ишланмаларни жорий этиш бўйича давлат органлари ва тадбиркорлик субъектларининг узвий ҳамкорлигини таъминлаш, барча соҳа ва тармоқларда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни рақамли технологиялар билан қамраб олиш, бу борада замонавий билимларни чуқур эгаллаган, интеллектуал салоҳиятли кадрларни етиштириш, мухтасар айтганда, мамлакатда “ахборотлашган жамият” муҳитини яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ.

Давлат раҳбарининг мазкур ташаббусига ҳамоҳанг тарзда, “Тараққиёт стратегияси” маркази жорий йилда рақамли қишлоқ ҳўжалигини ривожлантириш бўйича Германиянинг “Конрад Адэнауэр” халқаро фонди билан ҳамкорликда тадқиқотларни амалга ошириш ва унинг натижалари бўйича Халқаро форум ташкил этишни режалаштирган.

Мазкур лойиҳа доирасида қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш ва соҳага илғор ақлли технологияларни жорий этиш имкониятлари тадқиқ этилади. Шунингдек, "Ақлли" қишлоқ хўжалиги соҳасидаги халқаро илмий ишланмалар ва янгиликлар, уларни Ўзбекистонда жорий этиш имкониятлари, “Ақлли" қишлоқ хўжалиги соҳасидаги жаҳон ишлаб чиқарувчиларининг (Google, Microsoft, IBM, SAP ва бошқалар) ноёб технологик ечимлари, "Ақлли" қишлоқ хўжалигини ва қишлоқ хўжалигига рақамли технологияларни жорий этиш дастурларини амалга ошириш бўйича жаҳоннинг илғор тажрибаси атрофлича ўрганилади.

Шу билан бирга, Марказимизнинг бу йилги фаолиятида халқаро ва миллий ҳамкор ташкилотларимиз билан биргаликда айнан Мурожаатномада белгилаб берилган долзарб ва муҳим вазифалар ҳамда “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурида акс этадиган чора-тадбирлар ижросига қаратилган лойиҳалар, тадқиқот ва таҳлилларни амалга ошириш ва улар юзасидан тегишли таклиф-тавсияларни ишлаб чиқишга устувор аҳамият қаратамиз.

Элдор ТУЛЯКОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори