• Ўзбек
  • Давлат дастури 2021
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

КЎПЧИЛИК, КЎП ЙИЛЛАР ИНТИҚИБ КУТГАН ИСЛОҲОТ


Ҳозирги кунда Ўзбекистонда урбанизация даражаси 50,5 фоизни ташкил этади, яъни мамлакат аҳолисининг 50,5 фоизигина шаҳарларда яшайди. БМТ томонидан ишлаб чиқилган халқаро рейтингга кўра, Ўзбекистон ушбу кўрсаткич бўйича дунёнинг 233 мамлакати орасида 155-ўринни эгаллайди.

Айни вақтда Ўзбекистонда қишлоқ аҳолисининг ҳудудий мобиллиги, яъни миграцион ҳаракати суст даражада бўлиб, бунинг оқибатида қишлоқларда аҳолининг бандлик даражаси пастлигича қолмоқда.

Шунингдек, шаҳарлардаги мавжуд уй-жойлар, айниқса кичик ва ўрта шаҳарларда коммунал хизматлар етарли даражада таъминланмагани, уй-жой қурилиши сиёсатининг мақсадли узоқ муддатли стратегияси йўқлиги - энг катта муаммолардан бири ҳисобланади.

Шу билан бирга, эскирган қурилиш меъёрлари ва қоидалари, жумладан, шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқишда изчил тизим йўқлиги ҳам уй-жой қурилишига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бундан ташқари, уй-жойларни лойиҳалаштириш ва уй-жой комплексларининг сифати пастлигича қолмоқда.

Мазкур масалалар ва бошқа муаммолар мамлакатимизда урбанизация жараёнларини жадаллаштиришга ва иқтисодий-ижтимоий ривожланишига тўсқинлик қилмоқда.

Хорижий тажрибадан маълумки, аҳолининг юқори даражада мобиллиги ва эркин ҳаракатланиши давлатлар ривожига, аҳолининг турмуш даражаси ортишига салмоқли улуш қўшадиган омиллардан биридир.

Шу маънода, Президентнинг Парламентга Мурожаатномасида урбанизация жараёнларини жадаллаштирган ҳолда ҳудудларни комлекс ривожлантириш ва аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш зарурлиги алоҳида таъкидланганини нафақат халқимиз, балки кенг халқаро жамоатчилик вакиллари ҳам олқишламоқда.

Мурожаатномада жорий йилда еттита йирик шаҳар - Андижон, Бухоро, Самарқанд, Қарши, Фарғона, Наманган ва Нукус, Нукусга йўлдош бўлган 12 та шаҳарча танлаб олиниб, уларни ривожлантириш юзасидан комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши белгиланди.

Юқорида санаб ўтилган муаммолардан келиб чиқсак, Президентнинг мазкур ташаббуси орқали берилган вазифаларнинг нақадар тўғри ва ҳаётий эканини, одамларимиз бундан нима учун бу қадар мамнун бўлишаётганини англаш қийин эмас.

Статистик маълумотларга кўра, ҳозирги вақтда жаҳоннинг энг катта мегаполисларида дунё аҳолисининг атиги 18 фоизи яшайди, бироқ улар барча иқтисодий бойликларнинг учдан икки қисмини ва 10 та инновациянинг 9 тасини ишлаб чиқаради.

Шаҳарлар доимо инсон тараққиётининг ядроси бўлиб хизмат қилиб келган. Айнан шаҳарларда бойлик тўпланиб, миллионлаб одамлар турмуш даражаси кўтарилган.

Мурожаатномада шу масалага боғлиқ равишда, асосий ишчи кучи яшайдиган ва иш ўринлари яратилаётган ҳудудлар ўртасида жуда катта тафовут мавжудлиги ва бунинг ечими ички миграцияни эркинлаштириш экани таъкидлаб ўтилди.

Ҳақиқатан ҳам, айни вақтда Ўзбекистонда аҳолининг ички миграциясини ҳисобга олишнинг эскирган тизими аҳоли пунктларидаги инфратузилманинг демографик юкини аниқ даражада баҳолашга имкон бермаяпти.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда аҳолини зич ва кам яшайдиган ҳудудлар ўртасида тенг равишда тақсимлаш, шунингдек, ишчи кучи ортиқча бўлган ҳудудлардан иш кучи кам бўлган минтақаларга миграция оқимини йўналтиришга имкон берадиган ягона миграция сиёсати мавжуд эмас.

Айнан шу жиҳатдан давлатимиз раҳбари Ҳукуматга Парламент билан ҳамкорликда 2020 йил 1 апрелга қадар прописка тизимини ислоҳ қилиш бўйича халқаро тажрибани ўрганиб чиқиш ва аниқ таклифларни ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди.

Бинобарин, Ўзбекистоннинг қишлоқ аҳолисини шаҳарларга кўчишини рағбатлантириш, урбанизация ва прописка тизимини ислоҳ қилиш - бу мамлакатни барча соҳа ва тармоқларда жадал ривожланишига олиб келиши халқаро тажрибадан яхши маълум.

Жумладан, ушбу омил одамларнинг турмуш даражаси кўтарилишини таъминлайди, уларнинг фаровонлигини оширади. Шунингдек, ишчи-ходимларнинг рақобатлашуви оқибатида ишлаб чиқариш самарадорлигининг ортишига ва натижада ишлаб чиқарувчиларнинг жаҳон бозорларида юқори рақобатдошлигини таъминлаш имконини яратади.

Бундан ташқари, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш солиқларнинг тушумини кўпайтиради, бу эса кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилайди.

Шу маънода, Президентнинг мазкур инсонпарвар ғояси кўпчилик, кўп йиллар интиқиб кутган, халқ дардига дармон бўлгувчи ислоҳот сифатида катта мамнуният билан кутиб олинди.

Фурқат ЮНУСОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази лойиҳа раҳбари