"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ҲАРАКАТЛАР СТРАТЕГИЯСИ УНУТИЛГАНИ ЙЎҚ!


Телеграм каналларидан бирида эълон қилинган 
“Унутил(аёт)ган Ҳаракатлар стратегияси” номли материалдаги иддаоларга умуман қўшилиб бўлмайди.

Биринчидан, бугун мамлакатимизда барча соҳа ва тармоқларда эришилаётган ижобий натижалар сиз “баландпарвоз” деб атаган Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган чора-тадбирлар ижросининг маҳсулидир.

Ушбу ҳужжат, ёдингизда бўлса, Давлат раҳбарининг ғояси ва ташаббуси асосида ишлаб чиқилиб, умумхалқ муҳокамасидан ўтказилган, юзлаб талаб ва таклифлар инобатга олинган ҳолда қабул қилинганди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқини эсланг: “Бу стратегияни ишлаб чиқишда биз ўзимизга четдан назар ташлаб, салоҳият ва имкониятимизни холис баҳолаш билан бирга, хато ва камчиликларимизни ҳам атрофлича танқидий таҳлил қилдик”.

Иккинчидан, сиз ўз чиқишингизда Парламентга тақдим қилинган Мурожаатда Ҳаракатлар стратегияси умуман тилга олинмаганини таъкидлаб, Мурожаат аввалида тақдим этилган ҳисобот кўпроқ айнан давлат дастури ижросига қаратилганини эътироф этгансиз. Бу ўринда ҳар йилги Давлат дастурлари Стратегия доирасида қабул қилинишини хаёлингиз фаромуш айлаган кўринади. Жумладан, ўтган йили ҳам “2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури асосида иш ташкил этилди.

Учинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланаётган Фармон ва Қарорларнинг аксариятида “Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида” деган таъкидлар борлигидан яхши хабардорсиз. Биргина 2019 йил мобайнида қабул қилинган 102 та Фармон ва 209 та Қарорнинг деярли 80 фоизида ана шу жумлалар ўз ифодасини топган. Аслида-ку, ҳаётга жорий этилаётган қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжатга қарамайлик, барчасининг замирида Стратегия ва унинг доирасидаги Давлат дастурларида назарда тутилган мақсад-вазифалар, уларнинг ижросини таъминлаш механизмлари мужассам.

Тўртинчидан, Ҳаракатлар стратегиясининг аҳамияти анча пасайишига охирги уч йилда қабул қилинган саноқсиз концепциялар, стратегиялар ва йўл хариталари сабаб бўлганини рўкач қилибсиз. Бироқ, мазкур чора-тадбирларнинг барчаси ҳам айнан бош стратегик ҳужжатда белгиланган кенг кўламли, катта қамровли вазифаларни амалга оширишга қаратилгани инкор этиб бўлмас ҳақиқатдир.

Бешинчидан, Ҳаракатлар стратегияси ижроси, унинг назорати билан боғлиқ саъй-ҳаракатлар чалажон бўлаётгани йўқ. “Ҳаракатлар стратегияси ижроси бўйича Давлат дастурларида белгиланган вазифалар охиригача ҳаётга татбиқ этилмади”, деган фикрингизга эса, қисман қўшилиш мумкин. Ҳа, стратегияда акс этган чора-тадбирларнинг ҳаммаси ҳам тўлиқ ҳаётга татбиқ этилмади. Бироқ, бу дегани, амалга ошмай қолган вазифалар шу билан бўлди, қоғозда қолиб кетди, тамом, дегани эмас. Объектив-субъектив, муайян ташкилий-ҳуқуқий сабабларга кўра, Давлат дастурининг бажарилмай қолган бандлари кейинги йилдаги чора-тадбирлар қаторига киритилиб, албатта амалга оширилади, бундан кўнглингиз тўқ бўлсин. Сизга биргина мисол келтираман, 2017 йил Давлат дастурига киритилган, ўша йилнинг учинчи чорагига муддати белгиланган “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги Қонун 2019 йил май ойида қабул қилинди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан олиб борилаётган мониторинг натижаларига кўра, бундай мисоллар жуда кўп ва кечикаётган (бажарилмай қолиб кетаётган эмас!) чора-тадбирлар ўз вақтида амалга оширилмаётганига масъул идора ва ташкилотларнинг асослантирилган изоҳлари мавжуд.

Олтинчидан, “Тараққиёт стратегияси” маркази фаолиятида Ҳаракатлар стратегияси ва унинг асосида қабул қилинаётган ҳар йилги Давлат дастурлари қай тарзда ижро этилаётгани юзасидан мунтазам равишда, тизимли мониторинг юритиб бориш, бу борадаги камчилик ва сусткашликларни ўз вақтида аниқлаб, белгиланган вазифаларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар юзасидан таклиф-тавсиялар ишлаб чиқиш ҳамда тегишли вазирлик ва идораларга тақдим этиб бориш устувор аҳамият касб этади.

Шундан келиб чиқиб, сизга кейинги уч йил мобайнидаги учта Давлат дастурининг ижроси хусусида қисқача маълумот бериб ўтишни жоиз, деб билдик.

Жумладан, 2017 йилги Давлат дастурида белгиланган 320 та банддаги жами 437 та тадбирнинг 388 таси тўлиқ, 21 таси қисман бажарилган, бажарилаётган 13 та ва бажарилмаган 15 та тадбирнинг муддати узайтирилган. 2018 йилда эса, жами 231 та банднинг 199 таси тўлиқ, 18 таси қисман ижро этилган, 14 тасининг муддати узайтирилган. Ўтган 2019 йилда эса, жами 274 та банднинг 218 таси тўлиқ, 45 таси қисман амалга оширилган бўлиб, ўз вақтида бажарилмаган 11 та бандининг ижро муддати узайтирилган.

Еттинчидан, сиз мисол қилиб келтирган 2019 йилнинг 1 мартига қадар аниқ бўлиши керак бўлган, ҳоким боболар ҳали ҳам маҳаллий Кенгашлар раҳбарлари сифатида қолаётгани — ўзини ўзи назорат қилаётгани ҳақидаги фикрингизга келсак, бу жараёнга ўтиш учун ҳам ўзига хос ташкилий-ҳуқуқий тайёргарлик ва шарт-шароит керак. Айниқса, мазкур масаланинг давлат бюджетидан каттагина маблағ талаб этишини назарда тутсак, муаммо янада ойдинлашади.

Давлат раҳбарининг Мурожаатномасида эшитганимиздек, ҳокимликларнинг 300 га яқин вазифа ва функцияларидан 175 таси, мазмун-моҳиятига кўра, ҳокимларнинг асосий вазифалари тоифасига кирмаслиги қайд этилди. Шу сабабли Олий Мажлис Сенатига, Адлия вазирлигини жалб этган ҳолда, шу йилнинг биринчи ярмида ҳокимларнинг ваколатларини қайта кўриб чиқиш ва уларга хос бўлмаган ҳамда бир-бирини такрорлайдиган функцияларни тегишли органларга ўтказишни таъминлаш бўйича таклиф тайёрлаш топширилди. Демак, ҳокимларнинг маҳаллий Кенгашларни бошқариш ваколатини бекор қилиш масаласи ҳам яқин вақтларда ечилади. Президент ўз Мурожаатида бу ҳақида яна бир бор алоҳида тўхталиб, бунинг учун вақт кераклиги, ушбу амалиёт албатта бекор қилинишини таъкидлагани қулоғингизга чалингандир.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, “Ҳаракатлар стратегияси муддатидан олдин якунланди”, деган қатъий хулосангизни яна икки йилга кечиктириб туришингизга тўғри келади. Халқаро пресс-клубда чиқиш қилган амалдорларимизнинг ислоҳотларнинг биринчи босқичи мантиқан якунлангани ҳақида гап-сўзларига келсак, улар Ҳаракатлар стратегияси уч йиллик ижросининг салмоқли натижаларига ишора қилишгандир, эҳтимол.

Бироқ, Президент Мурожаатномада 2020 йил синов ва масъулият йили бўлишини қатъий таъкидлади. Менинг фикри ожизимча, Давлат раҳбари бу билан Ҳаракатлар стратегиясининг қолган икки йилга мўлжалланган режаларини сўзсиз амалга ошириш билан бир қаторда, ўтган уч йилдаги камчилик ва нуқсонларни ҳам бартараф этишга масъул ва жавобгар мутасадди-раҳбарларни уйғонишга чақирди.

Алқисса, хотирингиз жам бўлсин, Ҳаракатлар стратегияси унутилгани йўқ, уни мамлакатимиз тараққиёти ва халқимизнинг реал ҳаётида ўз ифодасини топиши йўлидаги саъй-ҳаракатлар изчил, тизимли равишда давом этмоқда.

Шуҳрат ДЕҲҚОНОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази ходими