"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
Туризмни ривожлантириш амалиёти ва амалдаги тамойиллар
707 | 18 Мар. 2020 й.

 


Сурат манбаси: meros.uz
Муаллиф: Зайнаб Муҳаммад Дўст

“Thomas Cook” сайёҳлик компанияси таназзули, Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқишига (Brexit) оид мавҳумлик ва Еврозонадаги иқтисодий секинлашуви билан боғлиқ тарзда туризм соҳасининг ўсиш суръатлари пасайишига қарамасдан, 2019 йилги маълумотлар туризм саноати ўсаётганини кўрсатмоқда. БМТнинг Жаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) маълумотига кўра, туризм соҳаси Яқин Шарқда 8 фоиз, Осиё ва Тинч океани минтақасида 5 фоиз, Европа ва Африка қитъаларида 4 фоиз ва ниҳоят Шимолий ва Жанубий Америкада 2 фоиз ўсган. Айни дамда туризм геосиёсат мавҳумликлари ва бозорларнинг секинлашувига қарамай, барқарор эканини намойиш қилди.

Мамлакатлар туризмни ривожлантириши учун нима қилиши керак, бунинг ижобий омиллари нимада, глобал иқтисодиётнинг ушбу муҳим секторидаги жорий трендлар – тамойиллар нималардан иборат? Бу мақолада туризмни ривожлантириш амалиётлари ҳақида фикр юритилиб, ушбу соҳадаги жорий тамойиллар баён қилинади.

Туризм салоҳияти

Ушбу соҳа кузатувчилари сайёҳлик ва туризм иқтисодий ривожланишнинг драйвери – ҳаракатлантирувчи кучи экани ҳақида якдил фикр билдирмоқда, у янги иш ўринлари яратиши баробарида (ICAO маълумотига кўра, 2017 йилда ҳар 10 иш ўрнининг биттаси шу соҳага тегишли бўлган) ижтимоий ривожланишга эш бўлади. У кўплаб кишилар ва соҳаларни ўз ичига олувчи ижобий циклдир. Туризм хизмат кўрсатишга асосланган иқтисодиётни яратиш ва ривожлантиришни рағбатлантиради ҳамда Тошкентдаги йирик меҳмонхоналардан тортиб, Самарқанддаги кичик ҳостеллар[1], халқаро аэропортлардаги бутиклар, Бухоро ва Хиванинг хушманзара кўчаларидаги кичик ҳунармандчилик дўконларигача қамраб олади. У кўникмаларни оширади, ҳам меҳмонлар, ҳам мезбонларнинг билим уфқларини кенгайтиради. Бугунги кунда аксарият мамлакатларда, жумладан, энг ривожланган 10 та мамлакатда бутун саъй-ҳаракатлар чет эллик сайёҳларни жалб этишга қаратилмоқда. Туризм ривожланаётган мамлакатлар учун, айниқса, пул оқимини оширишда фойдали бўлиши ҳaммага маълум.

Туризм ривожланишига қандай омиллар ва энг яхши амалиётлар ёрдам бериши мумкин?

Визасиз саёҳат

Грузия сўнгги бир неча йилда чет эллик туристлар сонини уч марта оширгани билан мақтовга сазовор бўлди[2]. Барчамиз ушбу мамлакатнинг ажойиб таомлари, ноёб маданий мероси, халқи самимий ва ҳаётсевар эканини биламиз. Бироқ бошқа кўплаб мамлакатларнинг гастрономик ва маданий мероси ҳам шундай ноёб бўлишига қарамай, улар дунё сайёҳлари мўлжалидан анча четда қолмоқда. Шуни таъкидлаш керакки, Грузия аксарият дунё мамлакатлари ватандошлари учун визани бекор қилгани тўғри иш бўлди. Бу сайёҳлар сонининг кескин ошишига сабаб бўлди – илгари мамлакатга ҳар йили 100 мингдан камроқ сайёҳ келган бўлса, улар сони сўнгги қарийб 20 йилда 6,5 миллион кишига етди. Аҳолининг кам таъминланган қисми 2006 йилдаги 32,5 фоиздан 2017 йилга келиб, 1,63 фоизга қадар, яъни икки баробар қисқарди. Мустақил кузатувчилар фикрича, бунга, асосан, туризм соҳаси ривожланиши сабаб бўлган ва 2018 йилда мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 7,5 фоиз ўсган.

Европага, айниқса, Франция билан Испанияга дунёда энг кўп туристлар келиб-кетаётганига 90-йиллар бошида eвропаликларга чегаралар очилгани сабаб бўлди. Европа Иттифоқи кўплар, жумладан, Марказий Осиё учун намуна бўлмоқда. Буюк Британиянинг етакчи газетаси “Financial Times” Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг “Буюк ипак йўли” виза тизими Европа моделига ўхшашлиги ва уни қўллашдан мақсад минтақага сайёҳлар оқимини кўпайтириш эканига оид сўзларидан иқтибос келтирган эди. Ушбу мақолада Ўзбекистоннинг 2019 йилда мамлакатга 30 кунгача сафар қилаётган европаликлар учун виза чекловларини бекор қилгани олқишланади[3]. Мамлакатнинг олдинроқ электрон виза режимини таклиф этиш тўғрисидаги қарори у ерга келиб-кетувчилар сонини оширган эди. 2017 йилда Ўзбекистонга 2,6 миллон турист меҳмон бўлиб келган бўлса, 2018 йилга келиб, бу кўрсаткич 5,4 миллион кишига етди[4].

Арзон саёҳат

Туризмни ривожлантиришга чипталари нархи паст авиакомпаниялар -лоукостерлар (lowcosters) ҳам таъсир кўрсатади. Умуман олганда, бундай авиакомпаниялар шаҳар ёки минтақада туризмни ривожлантириш омили ҳисобланади, улар йўқлигига эса ривожланишдаги асосий тўсиқлардан бири деб қаралади. Бундай авиакомпанияларнинг Польшада туризм ривожланишига таъсири ўрганилган тадқиқотда хулоса қилинишича, лоукостерлар унчалик машҳур бўлмаган жойларда туризмни ривожлантиришга хизмат қилади ҳамда кичик шаҳарларда ушбу соҳани тараққиётига таъсир кўрсатади. Ўша тадқиқотда бошқа мисоллар ҳам келтирилган. Масалан, қишқи туризмга талаб катталиги ҳамда янги йўналишларга хизмат кўрсатувчи лоукостерларнинг янги маршрутлари пайдо бўлгани сабабли 2005 йилда Норвегияга келувчи сайёҳлар сони ошган[5]. 2005 йилда туризм манзиллари ўртасида улкан муваффақият қозонган шаҳарлар сифатида Валенсия ва Барселона (Испания) ҳамда Дубровникни (Хорватия) мисол қилиб келтириш мумкин. Сайёҳлар сонининг жадал ошишига чипта нархлари паст авиакомпаниялар сонининг жадал ортиши сабаб бўлди, натижада Буюк Британиядан келувчилар сони икки баробар ўсди[6].

Ҳозирги пайтда ушбу амалиёт нисбатан кам ривожланган бозорларга ҳам тарқалаётгани умид уйғотади. Масалан, Россия туризмни ривожлантириш мақсадида Европа лоукостерларининг Санкт-Петербургга қатновига рухсат берди. Россия транспорт вазирлиги EasyJet, WizzAir, Volotea, AirBaltic ва Fly One сингари компаниялар Пулково аэропортидан 22-та мамлакат, жумладан, Британия, Германия ва Францияга парвозларни йўлга қўйишга қизиқиш билдираётганини тасдиқлади. Арманистон ҳам Wizz Air авиакомпанияси ўз бозорига кирмоқчи эканини эълон қилди. Арманистон ҳукумати хабар қилишича, бу мамлакатга келиб-кетувчи сайёҳлар сони ошишига хизмат қилади. Илк парвоз 2020 йил мартида амалга оширилиши режалаштирилмоқда. Айни пайтда Ўзбекистонда давлатга қарашли Humo Air авиакомпаниясини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинмоқда, бу йўловчиларга чўнтакбоп нархларда вилоятларга саёҳат қилиш ҳамда мамлакатнинг салоҳиятидан фойдаланиш имконини беради. Европа лоукостерларининг мамлакатга қатнашига рухсат берилса, бу туристлар сони ўсиши учун муҳим омиллардан бири бўлиши мумкин.

Хавфсизлик ва қулайлик

Tуристларни жалб қилиш учун яратиладиган яна бир қулайлик кўпроқ одамлар учун шароит (accessibility) яратиб беришдир. Инклюзив муҳит туризмни ривожлантиришда ёрдам беради. Муҳимлиги шундаки, саёҳат қилиш учун ҳам вақти, ҳам маблағи бўлган кекса кишилар кўпинча инклюзив, яъни ногиронлиги бор одамлар учун ҳам муҳит бўлишини талаб қилади. Қулайлик ва шароит бўлмаган тақдирда бундай сайёҳлар сони қисқаради. Шунинг учун туризмни ривожлантириш учун мамлакатларда ногиронлиги бop кишилар учун шароит яратилган бўлиши керак.

Венеция сингари кўҳна шаҳарни эсга олайлик. У гарчи Италиянинг ўрта асрларга тааллуқли ва кўприклари кўп шаҳри бўлса ҳам, у ерда ногиронлиги бор кишилар сайр қилиши учун йўллар кўп, бу саёҳатни анча енгиллаштиради. Sage Traveling ташкилоти эътирофича, шаҳарнинг 50 фоиз қисми ногиронлар аравачаси юриши учун мослаштирилган. Венеция кўчаларига Италиянинг бошқа шаҳарларидан фарқли ўлароқ, чағиртош ётқизилмаган. Албатта, Венециядаги қулайликни рисоладагидай деб бўлмайди, бироқ у шу ҳолича ҳам Тошкент сингари пойтахт шаҳарлардаги жуда чекланган шароитдан кескин фарқ қилади[7].

Эҳтимол Ўзбекистонда шаҳарларни яхшироқ режалаштириш ногиронлиги бор одамлар учун инклюзив муҳит яратишда ёрдам берар. Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги фаолиятига оид олдинроқ ўтказилган тадқиқотдан маълум бўлишича, гарчи туризмни ривожлантиришга йўналтирилган муайян ташаббуслар бўлмаса-да, шаҳарларни ривожлантириш ва инсон ресурсларини ривожлантиришга мўлжалланган лойиҳалар мавжуд. Тадқиқотчилар тахминича, ушбу лойиҳалар билвосита Ўзбекистонда туризм саноати ўсиши ва уни ривожлантиришга ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.

Эътибор қилиниши керак бўлган тамойиллар

Барқарор ва ақлли туризм

Сўнгги пайтларда “туризм” атамаси қулоғимизга “барқарор” ва “ақлли” (sustainable tourism, smart tourism) сифатловчилари билан бирга тез-тез чалинмоқда. Барқарор туризм (sustainable tourism) фойдани кўпайтириш ҳамда туризмнинг қадамжоларга кўрсатадиган салбий таъсирини камайтиришни мақсад қилиб олади. Бу одамлар ва бизнес юритувчи компаниялар мажбуриятларини яхшироқ англаб олиши билан характерланади. Гап ривожланиш мақсадлари, атроф муҳит ва иқлим хатарларига бефарқ бўлмаган кишилар ва ташкилотлар ҳақида кетяпти. Бундай туриcтлар саёҳати мамлакат ривожланиши ва унинг маданий меросига қанчалик ҳисса бўлиб қўшилишини баҳолайди. Улар яна бунда саёҳат иқлим ўзгаришига ва табиий муҳитни сақлаб қолишга қандай таъсир этиши мумкинлиги ҳақида ҳам бош қотиради.
 

Яқинда илгари сурилган “Европанинг ақлли туризм пойтахти” ташаббуси (The European Capital of Smart Tourism initiative) “ақлли туризм” воситалари, чора-тадбирлари, шаҳарларда тўртта тоифа: бақарорлик, ногиронлиги бор инсонлар учун махсус имкониятлар яратиб бериш, рақамлаштириш, маданий мерос ва ижодкорона ёндашув бўйича амалга оширилаётган лойиҳалардан хабардорликни оширишни назарда тутади. Туризмни ривожлантириш стратегияси маҳаллий ҳамжамиятларни айни соҳа орқали қанчалик кўп қўллаб-қувватласа, у мамлакатда шунчалик барқарор бўлади. Олинадиган даромадлардан фойдаланишнинг энг яхши йўли ёдгорликларни таъмирлаш, ҳамжамиятни қўллаб-қувватлаш, одамларга ҳуқуқ ва имкониятлар бериш, камбағаллик даражасини пасайтириш[8]. Барқарор туризм ҳам меҳмонларнинг, ҳам уларга мезбонлик қилувчи шаҳарларнинг хавфсизлигини таъминлаши, атроф муҳитнинг ифлосланишига ва аҳоли тиқилинч бўлишига йўл қўймаслиги керак. Туристлар оқимини адолатли тақсимлаш ҳам барқарорлик учун муҳим аҳамиятга эга. Бу ривожланган мамлакатлар учун ҳам, ривожланаётган мамлакатлар учун ҳам бирдай муҳим.

Гастрономик туризм

Туризмга иштиёқ туғдирувчи сабаблар ҳақида гап кетганда, мазали таомни татиб кўриш музейни томоша қилиш ва меъморчиликлар завқ олиш билан баробардир. Бугунги кунда энг оммабоп амалиётлардан бири гастрономик туризмни ривожлантиришдир. Ушбу соҳада бошқа мамлакатлар қатори Испания билан Италия ҳам жуда олдинлаб кетган. 2017 йил Испаниянинг Сан-Себастиaн шаҳрида Жаҳон туризм ташкилотининг гастрономик туризмга бағишлаб ўтказилган 3-умумжаҳон форумида гастрономик туризмнинг барқарор туризм принципларига амал қилиши хусусида фикрлар билдирилди[9]. Тасдиқланишича, гастрономиянинг сайёҳлик қадамжоларини бошқариш, маданиятларни қўллаб-қувватлаш ҳамда қишлоқ ҳўжалиги ва озиқ-овқат ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш борасида кучли салоҳияти бор. Туризм ҳақида гап кетганда, Ўзбекистон ўзининг таомлари билан машҳурлигидан ҳам фойдаланиши зарурлигини, шу билан бирга бошқа нарсаларни ҳам таклиф эта олишини ва уларни муайян бозорлар талабига мослаштириши лозимлигини эслатиб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак[10].

Саломатлик ва диний туризм; Саргузашт

Қуёшда тобланиш, озиқ-овқат ва шароблардан татиб кўриш сингари жисмоний лаззатлардан ташқари туризм иш жойидан бошқа ёққа боришдан бошқа нарсага ҳам айланмоқда. Одамлар янги ҳиссиётлар ва мияга дам бериш йўлларини ахтаради. Улар болалигида кўрганларидан бутунлай бошқа бўлган ҳиссиётлар каби янги нарсаларни қидиради. Ривожланаётган мамлакатлар яширин дурдоналари, унутилган ибодатхоналари, табиати ва бошқа воқелиги, жумладан, анъаналарини тарғиб қилиш билан бундан энг кўп фойда олиши мумкин. Янги жойларга саёҳат қилишни истаган инсонлар сони ортиб бормоқда.

Диний туризм, яъни одамларнинг маънавий эҳтиёжи ҳам меҳмонлар сони ортишига хизмат қилади. Мусулмон мамлакатлар аҳолисининг ортиб бориши ва ҳамда ривожланган мамлакатлардаги мусулмонлар диаспораси кўпаяётгани ушбу омилга эътибор қаратиш зарурлигини англатади. Шу муносабат билан Британия мусулмонлари Истанбулдан Бухоро ва Самарқанд шаҳарларига янги ва тўғридан-тўғри рейслар борлигини эшитиб хурсандлигини бекитмайди. Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон туризмнинг ушбу соҳасига индивидуал ёндашувдан фойда кўриши аниқ. Зиёрат туризми ҳақидаги бир неча ташаббуслар бу ҳақида бош қотирилаётганини кўрсатмоқда[11].

Саргузашт ҳам трендга чиқди. Фаол ва “экстремал” туризм – ёш ва ўрта ёшдаги кишилар учун жозибали. Яқинда мен учрашиб қолган корпоратив юрист танишим дам олишнинг икки тури: оилавий саёҳат ва экстремал саёҳатга чиқиб туришини айтиб қолди. У экстремал саёҳат қилганда, дунё харитасидаги бирор “хавфли” жойни танлашини ва ўша жойга ўзи боришини айтди. Шу сабабли у Европанинг исталган мамлакатида мавжуд бўлган қулайликларсиз Туркманистон, Ўзбекистон ва Қирғизистонга саёҳат қилибди. Марказий Осиёдан сўнг Суданга борибди. Минтақамиз унга мутлақо хавфсиз бўлиб туюлган бўлса ажаб эмас..

Одатий бўлмаган жойларни зиёрат қилиш ва ўша ерлардаги саргузаштлар сайёҳлиқ қадамжоларини зиёрат қилишдай муҳимдир. Эҳтимол, одамлар кўпроқ адреналин ва ноодатий ҳиссиётларни туйишга интилгани учун ҳам ушбу тренд қизиқарли бўлиб туюлаётгандир.

Ғоялардан фойдаланиб қолиш вақти

Дунё тобора ўзаро боғланиб, саёҳат ва туризм саноатига эътибор қарата боргани сари ушбу соҳани ривожлантириш учун инновацион бизнес моделлари муҳим аҳамият касб эта бормоқда. Энг яхши амалиётлар ва жорий тамойиллардан воқиф бўлиш Ўзбекистон каби мамлакатларга туризм соҳасида энг мақбул қарорлар қабул қилишни давом эттириш имкониятини беради. Ҳукумат ва тегишли бизнес юритувчи компаниялар дунёнинг бошқа мамлакатларидан келаётган сайёҳларга янги таассуротлар олишида шароит яратиб бериш учун янги ва оригинал ғояларни олға суриши мумкин. Ҳар бир ғояни тегишли тартибда шароитга мослаштириш кўпроқ иш ўринлари ва даромад яратиши мумкин, бу маҳаллий ҳамжамият учун ҳам, умуман олганда, мамлакат учун ҳам фойдалидир. Минтақа табиати, таомлари, маданияти ва тарихи ноёб ҳиссиётларга ошно бўлиш имконини беради. Тарғиб қилинадиган анча жой бор: кимдир мадрасалар зиёратига қизиқади, бошқалар эса қуриб кетган Орол денгизи ўртасидаги Возрождение оролига боради. Lonely Planet[12] Марказий Осиёни 2020 йилда саёҳат қилиш учун энг қизиқарли минтақа дея тавсия қилаётган экан, буларнинг барчаси амалга оширилиши керак бўлган муҳим вазифалардир. 

Манба: uzanalytics.com


[1] Hostel (ингл.) – кичик ва арзон меҳмонхона.

[2] https://www.worldbank.org/en/news/feature/2017/10/31/central-asia-tourism-a-driver-for-development

[3] 2017 йилда TripAdvisor саёҳат вебсайти ўтказган сўровдан маълум бўлишича, 47 фоиз сайёҳлар учун минтақада жорий қилинган алоҳида виза режими уларнинг Марказий Осиёнинг Буюк ипак йўли бўйида жойлашган мамлакатларига сафар қилиш истагини оширади.

Манба: https://thediplomat.com/2019/01/can–a–silk–visa–boost–tourism–in–central–asia

[4] https://www.thenews.com.pk/print/590505-uzbekistan-expects-more-tourists-from-pakistan-says-deputy-minister

[5] ETC 2005, European Travel Commission, European Tourism Insights 2005. Including Outlook for 2006, A report of the Market Intelligence Group of the ETC no. 2006/1, Brussels, April 2006.

[6] Ўша ерда.

[7][7] Ўзбекистон ногиронлар жамиятининг раиси – Ойбек Исоқов айтишича, Тошкентда бино ва иншоотларнинг фақагина 23% ногиронларнинг эҳтиёжларига мослаштирилган.

Афсуски, ногиронлиги бор одамлар учун қурилган янги уйларнинг ҳаммаси ҳам бу мақсад учун мослаштирилмаган. Батафсил маълумот учун: https://www.gazeta.uz/ru/2019/08/07/accessible–environment/

[8] Туризм ушбу соҳада хизмат қилaётган аёлларни қўллаб-қувватлаш билан ҳам боғлиқдир. Кўплаб аёллар саёҳат ва туртизм саноатида хизмат қилади. https://www.e-unwto.org/doi/pdf/10.18111/9789284419685

[9] https://www.unwto.org/archive/global/press-release/2017-05-17/2nd-unwto-report-gastronomy-tourism-sustainability-and-gastronomy

[10] Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон (Boris Johnson) сингари кишиларга ёғли таомлар ёқмаган бир пайтда (у 2006 йилги хотираларида ўзбек таомларини танқид қилган эди), Италия, Франция, Туркия ва АҚШлик сайёҳлар нонимиз, қовунларимиз, манти, шашлик, палов ва сомса каби таомларимизни жон-жон деб истеъмол қилади. Марказий Осиё ва ўзбек таомлари Ўрта ер денгизининг парҳез таомлари сингари дунёда машҳур бўлиши мумкин.

[11] https://uzbektourism.uz/en/newnews/view?id=801

[12] Mашҳур сайёхлик нашриёти ва сайти


0
Похожие новости