"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
Танзила НАРБАЕВА: Ўзбекистонлик хотин-қизлар илм, маърифатга йўғрилган ислоҳотлар, эзгу ишлар йўлида она Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшмоқда
991 | 18 Мар. 2020 й.

Бугун Ўзбекистон аёллари ҳар бир жабҳада ўз ўрнига эга бўлиб бораётганини барчамиз бевосита амалда кўриб, чуқур ҳис этмоқдамиз. Ўтган йили юртимиз тарихида биринчи марта миллий парламентда аёллар сони бугунги кўрсаткичга кўтарилгани ҳам бунинг ёрқин тасдиғидир. Гап шундаки, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган 150 нафар депутатнинг 48 нафари ёки 32 фоизини хотин-қизлар ташкил этди. Сенатда эса бу кўрсаткич қарийб 25 фоизга етди. 

Маҳаллий Кенгашлар депутатларининг 31 фоизи ҳам жонкуяр, фаол аёллардир. Ана шундай натижалар туфайли Ўзбекистон парламенти аёл депутатлар сони бўйича дунёдаги 190 та миллий парламент ўртасида 37-поғонага кўтарилди. Ҳолбуки, бундан 5 йил илгари 128-ўринда эдик. Бундай кескин ижобий ўзгаришлар парламент сайловлари шунчаки ўтказилмагани, “Янги Ўзбекистон — янги сайловлар” шиори ҳаётда бевосита ўз инъикосини топганини англатади.

Кимлардир аёл кишининг раҳбар бўлганининг нимаси яхши, дейиши мумкин. Бундай саволга жавоб аниқ: нозик ҳилқат соҳибалари ижтимоий масалаларга кўпроқ юракдан ҳис қилиб ёндашади, дилидан ўтказиб қарорлар қабул қиладилар. Ижтимоий масалалар эса, бу — халқнинг дарди, халқнинг муаммоси, шу кеча-кундузда унинг бошидан ўтаётган муаммолар билан узвий боғлиқдир.

Аёл буни кўпроқ, теранроқ туйишининг яна бир сабаби у оила бекаси, болалар тарбиячиси, уларнинг соғлиғи учун қайғурадиган шифокордир. Сиёсий ҳаётда фаол бўлган хотин-қизларимиз айнан мана шундай хислатлари туфайли қонунларнинг янада ҳаётий бўлиши учун курашадилар, уларда аниқ масалалар, муаммоларнинг ечимларини ифодалаш учун жон куйдирадилар.

Бинобарин, Ўзбекистонда хотин-қизлар масаласига жуда катта эътибор қаратиляпти. Уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатлари Конституциямиз, қонунларимизда мустаҳкамлаб қўйилган.

Тан олиш керак, орада бу борадаги ислоҳотларнинг кўпи қоғозда қолиб кетди. Айрим ҳолатларда аёллар ўзларини намоён этишлари учун шароитлар камлик қилди, стереотиплар тўсиқ бўлди. Масалан, аёл тадбиркорлик қиламан, деса, преференциялар бериш тизими йўқ эди. Умуман, уларга имтиёзлар яратиш бўйича ҳуқуқий база яратилган бўлса-да, шуларни рўёбга чиқариш бўйича аниқ “Йўл харитаси” ишлаб чиқилмаган эди. Оқибатда жамиятнинг аслида фаол бўлиши керак бўлган мазкур қатлами тобора пассивлашиб кетди.

Бир томондан бу менталитетга ҳам боғлиқ бўлган, деб ўйлайман.

Биргина таълим соҳасини оладиган бўлсак, бизда қизлар ва ўғил болаларнинг билим олишлари, касб танлашлари бўйича келажакларини таъминлашда фарқлар бор эди, ҳали ҳам бундай дунёқараш учраб турибди. Тўғри, ҳамма болалар мактабда ўқитилади. Бироқ кейинчалик касб танлаш, олий ўқув юртида таҳсил олишга келганда, кўпроқ эътибор ва устунлик ўғил боланинг таълим олишига, унинг учун барча шароитни яратишга қаратилади. Чунки баъзи инсонларда фақат ўғил болага билим бериш керак, ўқитиш керак, чунки у бизнинг боқувчимиз, деган қарашлар устунлик қилади.

Қиз болага келганда, бу бошқача тус олади. Мактаб таълими мажбурий бўлгани боис ўқийди. Аммо кейин “бу бировнинг хасми, керак бўлса турмуш ўртоғи боқиб олади”, деган тушунчага урғу берилади.

Ваҳолонки, қиз бола олий маълумотли бўлса, қанчалик билим ва салоҳият олса, буни келгусида фарзандларига ҳам “юқтиради”, ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказиш масаласига масъулият билан ёндашади. Юртнинг келажаги эса мана шундай дунёқарашга эга оналар томонидан яратилади.

Ўз навбатида, бугун жамиятимизда ўта билимли, қобилиятли бўлса-да, ўзини оиласига, турмуш ўртоғи ва фарзандларига бағишлаган кўплаб аёлларни биламан. Зеро, оиланинг таъминоти учун турмуш ўртоғи етарли маблағни топса, аёлнинг ўзи ҳам бор вақтини, меҳнатини болалари учун сарфласа, нима учун биз уни мажбурлаб ишга олиб чиқишимиз керак? Бу ҳам уларнинг ўз ҳуқуқи, танлови аслида.

Демак, хотин-қизларнинг жамиятда ўз ўрнини топишида, биринчи навбатда, ота-оналарнинг муносабати катта роль ўйнаса, иккинчиси, олий таълимда уларни қамраб олиш имконияти муҳим ўрин тутади. Масалан, талаба қиз турмушга чиқса, ўқишни қийналиб давом эттиришга мажбур бўлади. Қўллаб-қувватлайдиган қайнота билан қайнонанинг қўлига тушса-ку яхши, аммо “ўқиб нима бўлардинг”, дейдиган оилага келин бўлса, буёғини тасаввур қилаверинг. Йиллар давомида тўпланиб қолган шу каби муаммолар, олий ўқув юртларига ёшларни қамраб олиш кўрсаткичининг тўққиз фоиз эканлиги олий маълумотли, кенг тафаккур ва дунёқараши бор аёлларни тарбиялашда катта тўсиқ бўлди.

Қувонарлиси, бугунги кунда замонавий фикрлайдиган ота-оналар, қайнота-қайноналар, куёвлар кўпайиб боряпти. Ўз навбатида, хотин-қизларнинг таълим олиши, касбли бўлиши учун қоғозда эмас, реал ҳаётда катта қулайликлар, енгилликлар яратилмоқда. Бугун гендер тенглик деган демократик тамойил ҳақида очиқ-ойдин гапирилаётгани, бу борада изчил чора-тадбирлар олиб борилаётгани фикримизга мисол бўла олади.

Аслида гендер тенглик 
нима дегани?

Шундай пайтлар бўлдики, зўравонлик, камбағаллик сўзини ишлатишдан қанчалик қўрқсак, раҳбарларимиз гендер тенглик сўзини қўллашдан ҳам шунчалик қўрқар эдилар. Бу сўзлар мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ҳаётида деярли ошкора тилга олинмасди. Шунинг учун ҳам, гендер тенглик деганда одамларимиз онгида нотўғри тушунчалар шаклланиб қолди.

Худдики, гендер тенглик атамаси аёллар эркаклардан устун бўлиши, уларни менсимаслик, эркакларга ўз гапини ўтказиш, деган маъноларни англатади, дея қабул қилинди. Ваҳолонки, гендер тенглиги жуда ҳам чиройли тушунча. Бу эркаклар ва аёлларга ҳамма нарсада тенг имкониятлар бериш керак, дегани. Яъни билим олиш, касб танлаш, лавозимда кўтарилишда эркаклар билан аёлларга бирдек имкониятлар яратилиши — гендер тенгликдир.

БМТга 1992 йилдан буён аъзо бўлсак ҳам, лекин унинг кўп талабларини бажармасдан келганмиз. Чунки бизда шу гапларни айтиш мумкин эмас эди. Камбағаллик йўқ эди, гўё ҳамма чиройли яшарди.

Ҳозирги даврда бу каби муносабатлар тубдан ўзгарди.

Давлатимиз раҳбари ўзларининг лавозимларига киришганларидан кейин халқ билан мулоқот сиёсатини бошлади. Бошида мулоқот деганда кўп раҳбарлар, ҳар хил даражадаги масъуллар ҳам эсанкиради, қандай қилиб ишлаши кераклигини тушунмади. Бир-икки марта бировларнинг муаммосини ҳал қилсам, мен ўзимни ишимни бажараман, деганлар ҳам бўлди.

Эндиликда жойлардаги масъулларимиз, сенаторларимиз ва депутатларимиз бу масъулиятни ҳис қилиб, алоҳида эътибор билан қарашга ўрганмоқда. Бу гендер тенгликни таъминлаш масаласига ҳам бевосита тааллуқлидир.

Олтита аёл ҳоким бўлди, бу ҳали ҳаммаси эмас

2017 йилда республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси сифатида барча ҳудудларга бордим, ҳақиқий аҳволни ўргандим. Афсуски, Хотин-қизлар қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари вилоят, туман ҳокимларининг ўринбосарларига тенглаштирилган бўлса-да, уларнинг моддий имкониятлари анчайин чекланган эди. Мисол учун, қийналган аёлларни қўллаб-қувватлаш, қария онахонлар ҳолидан хабар олиш каби тадбирларни уюштириш учун ҳам маблағ топилмас эди.

Аёллар муаммолари, жиноятчилиги, миграция масалалари, ақидапарастликка берилиши билан боғлиқ муаммолар кўп эди. Айнан шуларни бартараф этиш мақсадида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан, энг аввало, хотин-қизларга ёрдам бера оладиган шароит яратиш мақсадида “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон қабул қилинди. У гендер тенглик бўйича ишларни изчиллик билан йўлга қўйиш учун дастлабки қадамлардан бўлди.

Унга кўра, оғир шароитда яшаётган аёлларга уй бериш тизими шаклланди. Шундан сўнг ҳар йили бир ярим минг нафар аёл биринчи тўловини давлат тўлаб берадиган имтиёзли уйлардан оладиган бўлди.

Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташкил этилди. Шу орқали бизнесини йўлга қўйиш истагидаги хотин-қизларга имтиёзли кредитлар ажратиш, бир ҳафталик ўқув курсларида ўқитиш, бизнес режаларни шу ернинг ўзида ишлаб чиқиш механизми йўлга қўйилди.

Қийналган, ночор аёллар билан ишлаш учун реабилитация марказлари ташкил этилди. Мисол учун, оилавий жанжаллар сабаб қийналиб қолган, сиқилиб юрган ёки қайнонаси билан келишмасдан, бировларнинг қўлида қолган, айрим ҳолларда кўчада қолиб кетган, жиноят қилиб қўйиб, жамиятимизга қўшила олмаётган аёлларимиз бор. Ана шулар билан ишлаш учун маҳаллада мутахассис лавозими жорий этилди.

Олдимизда яна бир долзарб вазифа турган эди. У ҳам бўлса, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масаласидир.

Қонунларимизда хотин-қизлар учун парламентдаги сайловларда 30 фоизлик квота мавжуд бўлса-да, амалда бу нарса йўқ эди. Шундан сўнг, барча туман, вилоят ва шаҳар ҳокимларига ўша ҳудуддаги фаол аёллар рўйхатини сўраб хат ёзганмиз. Натижада қўлимизда 6 минг нафардан иборат рўйхат шаклланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви академияси ва унинг ҳудудий филиалларида улар қайта ўқитилди, социал кўникмалари, сиёсий билимлари такомиллаштирилди. Бугунги кундаги зарур фанлар, ҳаттоки, кийиниш ва нутқ сўзлаш маданияти юзасидан ҳам тегишли билимлар ўргатилди.

Қилинган меҳнатларимиз самарасиз кетмади. Олдинги сайловларда иштирок этган аёллар умумий кўрсаткичини 2019 йилдагиси билан солиштирганда, кейинги пайтда бу рақам бирмунча ошганини кўрамиз. Аёлларимизни мана шундай жараёнларга қанчалик пухта тайёрласак, улар билан ҳамкорликда ишласак, бундан нафақат давлат, биринчи навбатда, халқимиз ютади.

Бинобарин, парламентда аёллар сони кескин ошди. Олти нафар хотин-қизимиз эса туман ҳокими вазифасига тайинланди. Бу — жуда катта муваффақият. Сенат бу раҳбар аёлларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Улар билан биргаликда ҳудудларни ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда энг яқин ҳамкор бўлади. 

Ишончим комилки, яқин орада аёллар орасидан вазирлар, бошқа юқори лавозимларга муносиб кўрилган раҳбарлар тайинланади. Ва улар, албатта, жамиятда, ишда ўзининг муносиб ўринларини топишади. Давлат раҳбарининг юксак эътиборини, халқнинг ишончини оқлайди, ўзининг бор салоҳиятини ишга солиб, олдига қўйган мақсадларига эришишга ҳаракат қилади. Гендер тенгликнинг асосий жиҳатларидан бири ҳам шудир.

Гувоҳи бўлаётганингиздек, аёлларга давлат ва жамият тақдирига дахлдор қарорларни ҳаётга татбиқ этиш, хусусан, қонунларни ишлаб чиқиш, қабул қилиш, ислоҳотларни амалга ошириш жараёнларида бевосита қатнашишлари учун кенг йўл очилди. Бу аёл-ку, эртага қийналиб қолиши мумкин, деган тушунча тарихда қолди. Энди улар мана шундай масъулиятли вазифани шараф билан бажаришлари керак, деб ҳисоблайман.

Янги комиссия ва қўмита ҳамиша кўмакка тайёр

Бунда янги ташкил этилган гендер тенглик масалалари бўйича комиссия уларга ҳар томонлама кўмак беришга тайёр. Ўз навбатида, Сенатда Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил этилди. Ҳар икки тузилма айни пайтда амалдаги қонунчиликнинг барча нормасини аёллар ва эркаклар тенглиги нуқтаи назаридан ўрганиб чиқяпти.

Комиссиямиз таркибида кўплаб нодавлат ташкилотлар, фаол аёлларимиз, эркакларимиз ҳам бор. Ўзаро ҳамкорликда дунё тажрибаси ҳам ўрганилмоқда.

Шулар асосида ҳар бир меҳнат жамоасида гендер тенглик бўйича маслаҳат кенгашларини тузиш ташаббусини ўртага ташладик. Бу тегишли ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам назарда тутилган. Бу нима беради?

Аввало, ўша меҳнат жамоаси раҳбарининг ижтимоий масалаларга масъул ўринбосари ушбу кенгашни бошқаради. Унинг таркибига етти нафаргача корхона ходимлари аъзо қилинади. Кенгашнинг асосий вазифаси эса барча бўлимлар, ҳудудий тузилмаларида юқоридан пастга қадар аёллар ва эркаклар учун тенг имкониятлар яратилишини таъминлаб беришдан иборат бўлади. Ойлик иш ҳақларини белгилаш, лавозимларга тавсия қилишда аёллар ва эркакларга тенг қараш, ҳар бир корхона-ташкилотда тайёрланадиган резерв кадрлар базасига хотин-қизларнинг ҳам номзодларини киритиб, уларни хизмат вазифасида раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш каби масалаларни тизимли таҳлил этиб боради, хулосалар беради. Айни чоғда жойларда хотин-қизлар учун яратилган шарт-шароитларни ҳам ўрганади.

Яна бир муҳим масала шуки, иш берувчи корхона жамоаси, айниқса, аёл ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш масаласига алоҳида эътибор қаратиши лозим. У бу борадаги қарашларини ўзгартириши, масъулиятни ҳис қилиши зарур. Чунки тан олишимиз керак, аёлларимиз ҳеч қачон ўзига, саломатлигига етарлича вақт ажратмайди, болам-чақам, уйим-жойим, деб юради. Афсуски, шунинг оқибатида бугунги кунда улар орасида турли онкологик касалликлар кўпайгани ҳеч кимга сир эмас.

Ана шундай кенгаш ва комиссиялар фаолиятини кучайтирсак, иш берувчиларнинг аёллар ҳамда эркакларга тенг имкониятлар ва шароитлар яратиш борасидаги масъулиятини оширсак, ходимларни мунтазам тиббий кўриклардан ўтказишни йўлга қўйсак, бундан нафақат хотин-қизлар, балки бутун жамиятимиз ютади.

Айни пайтда шу бўйича тегишли низом ишлаб чиқилмоқда ва бу ташаббус охиригача етказилади. Энг намунали кенгашлар фаолиятини рағбатлантиришни ҳам назарда тутганмиз. Улар қатори ушбу йўналиш бўйича ишни ташкил эта олмаган жамоалар фаолияти ҳам батафсил ўрганилади. Ҳудудларга борганимизда ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратамиз.

Етарли билимларга эга бўлмаслик кўплаб муаммоларни келтириб чиқаради

Президентимиз биздан аёллар учун яна нима керак, қандай имкониятлар яратиб берайлик, деб кўп сўрайдилар.

Бугунги кунда хотин-қизларимизни қийнайдиган кўплаб муаммоларнинг илдизи улар билимларининг етишмаслиги, ўз ҳуқуқларини етарли даражада талаб қила олмаслигига бориб тақалади. Афсуски, оиладаги ажримлар, келишмовчиликлар сабаб уйсиз, жойсиз қолаётган, ҳаттоки, болаларининг таъминоти учун ҳам пул талаб қила олмаётган аёлларимиз бор орамизда. Жамият ва давлат бунинг олдини олиш учун нималар қилиши мумкин?

Мен аёл бўлганим учун ана шу муаммоларни юрагимдан ўтказа оламан. Ва бу каби нохуш ҳолатларни бартараф этишда касбдошларим билан бир ёқадан бош чиқариб, қонуний йўлларни топишга ҳаракат қиламан. Бунинг учун етарли имкониятлар яратиб берилган. Айнан шулардан келиб чиқиб, нималарни амалга ошириш лозим?

Аввало, қизларимизнинг таълимига, билим олишига, касб эгаллашига катта эътибор қаратиш лозим.

Улар ўртасида турли мавзуларда кенг тушунтириш ишларини мунтазам равишда олиб бориш зарур. Хотин-қизларимизни ҳаётга тайёрлашга барча тизим бирдек жавобгар бўлиши керак. Бунга бутун жамиятни жалб қилишнинг уддасидан чиқилса, аёллар масалалари билан шуғулланадиган махсус идорага ҳам ҳожат қолмайди.

Бунда айни пайтда ишлаб чиқилаётган Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш стратегияси дастуриламалга айланиши, шубҳасиз. Шундан келиб чиқиб, стратегияда давлат ва жамият томонидан бу борада қилиниши лозим бўлган барча тадбирлар акс эттирилади. Унда 2020 йилдан 2030 йилгача бўлган давр қамраб олинади. Энг муҳими, ушбу мақсадлар БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари билан ҳам уйғундир.

Ушбу стратегия фақат Сенатнинг тегишли қўмитаси ва комиссияси аъзолари томонидан ишлаб чиқилмади, балки унинг тайёрланишида кўплаб нодавлат ташкилотлар, жамоатчилик вакиллари ҳам фаол қатнашди. Мазкур изланишлар давом эттириляпти. Яқин орада унинг лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига ҳам қўйилади.

Марказий Осиё давлатлари интеграциясида опа-сингилларимиз, ёшларимиз ҳам фаол бўлади

Гендер масалалари юзасидан Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида анча илғор сиёсат юритмоқда. Шу боис БМТ Марказий Осиёдаги гендер платформасини Ўзбекистонда тузиш бўйича амалий таклифларни кўриб чиқяпти. Ҳозирги кунда мазкур масала юзасидан БМТ билан мулоқотлар олиб борилмоқда. Яқинда юртимизга БМТнинг мартабали вакилаларидан бири Наталья Германнинг ташриф буюриши кутилаётир. Айнан у билан ҳам шу масалада мулоқотлар олиб борилади.

Натижада ушбу нуфузли халқаро ташкилот ва қўшни давлатлар билан ҳамкорликда гендер тенгликни фаол илгари сураётган мамлакат сифатида Марказий Осиё платформасини яратиш ишлари янги босқичга кўтарилади. Бундан кўзланган асосий мақсад Марказий Осиё минтақаси бўйлаб гендер масаласида олиб бораётган саъй-ҳаракатларимизни тақдим этиш ҳамда қардошлар билан ўзаро билим, фикр ва тажриба алмашишдир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги Фармонида ҳам хотин-қизларимизнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни олий таълимга янада кўпроқ қамраб олишга алоҳида эътибор қаратилгани ҳам бежиз эмас.

Мана шундай ғамхўрлик меваси ҳам ширин бўлади. Қизларимиз, эртага ишлаган ёки ишламаган тақдирда ҳам, олий маълумотли бўлса, оқилалик либосини кияди, қўпол гапирмайди, бир қўлида қайнонаси, бир қўлида турмуш ўртоғини кўтариб юради, чиройли оиланинг дилбар ва доно бекасига, ўзаро муносабатларда моҳир дипломатга айланади. Мустаҳкам оила қуришда айнан шу жиҳатлар ниҳоятда муҳим эканлигини йигитлар ҳам яхши тушунади, улар ҳам, ўз навбатида, ўзига яқин бўлган турмуш ўртоғи ва онасини ҳурмат қилади, эъзозлайди.

Ҳам уй бекаси, ҳам моҳир дастурчи

Давлатимиз раҳбари йил номини бежиз илм, маърифат, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш билан боғлаб қўймадилар. Бунинг замирида ҳам халқимиз фарзандларини илмли қилиш, уларнинг тафаккурини, дунёқарашини юксалтириш мақсади ётибди. Шундагина рақамли иқтисодиёт ҳам ривожланади. Одамларда, айниқса, бўлажак оналарда келажак тақдирига бўлган ишонч мустаҳкамланади.

Боиси интеллект ва инновация бирлашган жойда аёллар учун ҳам янгидан-янги имкониятлар яратилади. У ҳатто уйда ўтириб илғор АКТ ёрдамида ишлай олади, ўқиб-ўрганиб, янги касбларни эгаллайди.

Шунинг учун ҳам айни пайтда амалга оширилаётган “Бир миллион дастурчи” лойиҳасида қизларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб бориляпти. Натижада ахборот технологиялари соҳасида нафақат ўғил болалар, балки қизларнинг салоҳиятини кашф этиш эшиклари кенг очилади. Боз устига, қизларда нозик бармоқлар, нафис тасаввурдан сув ичадиган фантазия, ижодкорлик бор. Фақатгина уларни юзага чиқариш керак, холос. Бундай ишларни нафақат дастурий таъминот, балки заргарлик, телефонларни созлаш каби йўналишларда ҳам амалга ошириш мумкин.

Бир марталик ишлар масаласи ҳам долзарб. Бу борада янгича қарашлар, тузилмаларга эҳтиёж бор. Шундай агентликлар, мономарказлар ташкил қилиш керакки, хотин-қизларга ҳам уларнинг хизматларидан бирдек фойдаланиш имконияти яратилсин. Шунда аёллар мардикорлиги, уларнинг зўравонлик қурбонига айланишлари, алданишлари, турли салбий йўлларга кириб кетишининг олди олинади.

Шундай экан, энди муаммоларнинг оқибати билан ишлаш вақти ўтди. Уларнинг олдини олишга қатъий киришиш вақти аллақачон келган. Буни эса оиладан бошлаш керак ва шу бўйича қилинадиган ишлар ҳали жуда кўп.

Сабаби узоқ йиллар давомида мазкур масалага комплекс ёндаша олмадик. Бундай ҳолат ҳамон мавжуд. Ҳар бир давлат идораси муаммо юзага келиб, жамиятимизда кўндаланг турганидан кейингина унинг оқибатлари билан курашишга мажбур бўлмоқда. Аслида уларнинг барчасини оиладаги тарбияни тўғри ташкил қилиш орқали ҳал этиш мумкин. Одамларнинг дахлдорлик ҳиссини ошириш, давлатга, оиласига, жамиятга нисбатан муносабатини ўзгартириш, масъулиятни ҳис қилишга ўргатиш эса ўзаро аҳилликни, давлатимизнинг халқчил сиёсати остида жипслашишини талаб қилади.

Бундай эзгу ишларга бағрикенг, меҳнаткаш, зукко, фаҳм-фаросатли, оқила, меҳрибон оналаримиз, опа-сингилларимиз, қизларимиз ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишларига ишонаман. Уларнинг гўзаллиги, юзларидаги самимий кулги, байрамона руҳ, кўтаринки кайфият эса халқимизнинг забардаст инсонлари кучига куч, ғайратига ғайрат, илҳомига илҳом қўшиши, шубҳасиз.

Манба: xs.uz


2
Похожие новости