• Ўзбек
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
2020 ЙИЛНИНГ I ЧОРАГИДА РЕСПУБЛИКАНИНГ ИҚТИСОДИЙ ҲОЛАТИ ВА КУТИЛАЁТГАН ТЕНДЕНЦИЯЛАР
4736 | 01 Май. 2020 й.

Қисқа вақт ичида коронавирус касаллиги (COVID-19)нинг глобал миқёсда кенг тарқалиши деярли барча давлатлардаги иқтисодий ва ижтимоий вазиятга салбий таъсир кўрсатиб, унинг таъсир кўлами кенгайишда давом этмоқда.

Кўплаб халқаро ташкилот ва экспертлар томонидан дунёда ва умуман олганда ҳар бир мамлакат иқтисодиётида кузатилаётган мураккаб вазият ва қийинчиликлар характери жиҳатдан олдинги иқтисодий инқирозлардан фарқ қилиб, кўлами жиҳатидан 1929-1932 йиллардаги “Буюк депрессия” дан кейинги энг оғир ҳолат сифатида қайд этилмоқда.

Хусусан, 1929-1932 йиллар мобайнида дунё иқтисодиёти умумий ҳисобда тахминан 15 фоизга қисқарган бўлса, 2008-2009 йиллардаги глобал молиявий инқироз натижасида глобал иқтисодий ўсиш суръатлари мос равишда
3 ва -0,6 фоизни ташкил этган.

Халқаро валюта жамғармасининг (ХВЖ) жорий йил биринчи ярмид коронавирус пандемияси кенгайишининг тўхтатилиши ва иккинчи ярим йилдан бошлаб иқтисодий фаолликнинг босқичма-босқич тикланиши бўйича тахминларига асосланган базавий прогнозларига кўра 2020 йилда жаҳон иқтисодиёти 3 фоизга қисқариши кутилмоқда. Бунда, иқтисодий пасайиш ривожланган давлатларда 6,1 фоизни (шу жумладан, АҚШ – 5,9 фоиз, Еврозона мамлакатлари – 7,5 фоиз) ва ривожланаётган мамлакатларда 1 фоизни, шунингдек, Россияда – 5,5 фоизни ва Қозоғистонда 2,5 фоизни ташкил этиши, Ўзбекистонда эса 1,8 фоизлик иқтисодий ўсиш прогноз қилинмоқда.

Жаҳон иқтисодиётида кузатилаётган инқирозли ҳолатнинг ўзига хос хусусиятлари шундан иборатки:

биринчидан, юзага келган мураккаб иқтисодий вазият банк ва молия секторидаги қандайдир инқирозли ҳолат натижаси эмас ҳамда фискал ёки монетар сиёсат орқали унинг тўлиқ ечимини таъминлаш имконияти чекланган. Мавжуд вазият, энг биринчи навбатда “инсоний” ёки “инсон соғлиги инқирози” билан боғлиқ;

иккинчидан, одатда инқирозлар талаб (банк тизимидаги инқироз ва кредитларнинг секинлашуви, ёки давлат қарзининг ошиб кетиши натижасида харажатларнинг қисқариши, даромадларнинг камайиб кетиши) ёки таклифнинг яъни, ишлаб чиқариш ҳажмларининг кескин қисқариши (уруш ва табиий офатлар, қарз инқирозлари ва ҳ.к.) билан боғлиқ омилларнинг бири таъсирида юзага келади. Амалдаги иқтисодий вазиятнинг мураккаблиги, бир пайтнинг ўзида талаб ва таклифнинг қисқариши билан изоҳланади;

учинчидан, коронавирус пандемиясининг тўхтатилиши ва ундан кейинги босқичда чекловларнинг олиб ташланиши ҳамда ушбу касаллик тарқалишининг иккинчи тўлқини билан боғлиқ юқори даражадаги ноаниқликларнинг мавжудлиги: (а) бизнес субъектлари учун ишлаб чиқариш ва инвестицион лойиҳалар бўйича; (б) аҳолининг истеъмол  фаоллигига;  ҳамда  (в)  ҳукуматлар   томонидан   фискал ва монетар қўллаб қуватлаш, ташқи ва ички қарзларни жалб қилиш, ижтимоий ҳимоя ҳажми ва дастурларини белгилаш борасида аниқ қарорларни қабул қилишда қийинчиликларни келтириб чиқармоқда.

Шу нуқтаи назардан коронавирус пандемиясининг мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий вазиятга таъсирини юмшатиш вазифаси, биринчи навбатда, ушбу касалликнинг аҳоли соғлигига таъсирини минималлаштириш, ушбу борада киритилган чекловларни эҳтиёткорлик билан босқичма-босқич олиб ташлаш ва келгусидаги вазиятни имкон қадар аниқроқ баҳолай олиш орқали инқироздан кейинги иқтисодий тикланиш сиёсатини тўғри шакллантириш ва амалга оширишдан иборат бўлади.

Коронавирус касаллигининг тарқалиши дастлабки босқичларда, яъни, 2020 йилнинг январь-февраль ойларида, асосан Хитой иқтисодиётига ва кейинчалик ушбу мамлакатдаги вазиятнинг бошқа давлатларга таъсири сезила бошланди. Февраль ойининг иккинчи ярмидан бошлаб ва март ойида эса мазкур касаллик дунёнинг деярли барча давлатларига тез тарқалиб, ушбу мамлакатлар иқтисодиётига бевосита ўз салбий таъсирини кўрсата бошлади.

Мазкур материалда жорий йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар, апрел ойидаги айрим иқтисодий кўрсаткичлар тенденциялари ва республика иқтисодиётига таъсир қилувчи айрим омилларга тўхталиб ўтилади.

2020 йилнинг I чорагидаги иқтисодий ҳолат ва асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар таҳлили


2020 йилнинг I чорагида иқтисодий ўсиш суръати 4,1 фоизни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос давридаги кўрсаткичига (5,7 фоиз) нисбатан 1,6 фоизга секинлашиши кузатилди.

Иқтисодиётдаги талаб ва уни шакллантирувчи омиллар

2020 йилнинг I чорагида иқтисодиётга йўналтирилган инвестицияларни ўзлаштириш ҳажми 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 10,2 фоизга қисқариши кузатилди.

Мазкур тенденция қатор йирик инвестицион лойиҳалар ўзлаштирилишининг ўтган йилнинг I чорагига тўғри келиши ва натижада “юқори база” таъсири билан изоҳланади.

Ўтган йилнинг мос даврида қуйидаги йирик лойиҳалар доирасида юқори ўзлаштириш ҳажмлари кузатилган:

“Шўртан ГКМ” базасида амалга оширилаётган синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш– 444 млн. доллар;

“Навоий ИЭС” АЖда 450 МВт қувватга эга иккинчи газ-буғ ускунаси қурилиши – 230 млн. доллар;

Тўрақўрғон ИЭСни қуриш – 220 млн. доллар ва бошқалар.

Шунингдек, январь ойидан бошлаб Хитойдан технологик асбоб ускуналар, бутловчи ва эҳтиёт қисмларнинг ҳамда мутахассисларнинг етиб келишида узилишларнинг вужудга келиши инвестициялар ҳажмининг қисқаришига олиб келди.

Ўз навбатида, амалга оширилган қурилиш ишларининг инвестициялар ҳажмига нисбати ўтган йилдаги мос кўрсаткич – 38,9 фоиздан 46,3 фоизгача ошди. Бу амалга оширилаётган инвестицион лойиҳаларни жорий даврдаги ЯИМ ошишига “соф таъсири” нисбатан ошганлигини изоҳлайди.

Чакана савдо айланмаси 40,1 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,8 фоизга ёки аҳоли жон бошига нисбатан эса 1,8 фоизга ўсди (2019 йилнинг мос даврида аҳоли жон бошига чакана савдо айланмаси ўсиши 4 фоизни ташкил этган).

Жорий йилнинг I чорагида иқтисодиётга ажратилган кредитлар ҳажми 29,7 трлн. сўмни ташкил этиб, ўсиш суръатларининг секинлашуви кузатилди.

Аҳолига ажратилган кредитлар ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,6 баробарга ошиб, жами кредитларнинг қарийб тўртдан бир қисмини ташкил этди.

Кўрилаётган даврда, банклар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида 22,7 трлн. сўм ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 трлн.сўм кўп кредит маблағлари ажратилди.

Консолидациялашган бюджет харажатлари. Жорий йилнинг I чорагида консолидациялашган бюджет харажатларининг даромадларга нисбатан юқори суръатларда ўсиши кузатилди. Жумладан, даромадлар – 14,1 фоизга, харажатлар эса – 14,6 фоизга ошиб, давлат бюджет баланси ЯИМга нисбатан 0,5 фоиз тақчиллик билан ижро этилди. Бундай ҳолат йилнинг биринчи чорагига хос бўлган тенденциядир.

Ушбу харажатларнинг ошиши соғлиқни сақлаш, ижтимоий нафақалар, моддий ёрдам ва компенсация тўловлари миқдорининг сезиларли кўпайиши билан изоҳланади.

Аҳоли даромадлари. Ушбу даврда бюджетдан молиялаштириладиган иш хақи ва бошқа бирламчи харажатларни, шунингдек нафақа ва ижтимоий тўловларнинг муддатидан кечиктирмай тўлаб борилиши аҳолининг реал умумий даромадларининг шаклланишида муҳим аҳамият касб этди.

Кўрилаётган даврда ўртача номинал ҳисобланган иш ҳақи миқдори 26,5 фоизга, аҳоли жон бошига тўғри келадиган реал умумий даромадлар эса 7,6 фоизга кўпайди.

Бунда, меҳнат фаолиятидан олинадиган жами даромадлар аҳолининг умумий даромадлар таркибида 66 фоизни, расмий сектордаги даромад улуши 33,3 фоизга етди.

Халқаро пул ўтказмалари. Жорий йилнинг январь-февраль ойларида пул ўтказмалари ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 15,6 фоизга ошган бўлса, март ойида 23 фоизга камайиб, натижада I чоракда пул ўтказмалари ҳажмининг 2 фоизга ўсиши кузатилди.

Ташқи иқтисодий фаолият. 2020 йилнинг I чорагида республиканинг ташқи савдо айланмаси 8,1 млрд. долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 924,0 млн. долларга ёки 10,2 фоизга камайди.

Ушбу чоракда импорт ҳажми 4,8 млрд. долларни ташкил қилиб солиштирилаётган даврга нисбатан 9,7 фоизга қисқарди. Импорт ҳажмларидаги қисқариш асосан коронавирус пандемияси натижасида таъминот занжири билан боғлиқ муаммолар билан ифодаланиши мумкин. Ташқи талабнинг пасайиши ва кўпгина экспорт товарлари нархларининг пасайиши таъсирида экспорт ҳажми 10,9 фоизга камайиб, 3,4 млрд. долларни ташкил қилди.

Иқтисодиётда ишлаб чиқариш (таклиф) ҳажмларининг ўзгариши ва иқтисодий фаоллик

Жаҳон бозорларида хом-ашё товарлари нархининг пасайиши ва конъюнктуранинг ёмонлашуви натижасида табиий газ нархларининг тушиб кетиши ҳамда қазиб олиш ҳажмларининг 7,8 фоизга қисқариши саноат маҳсулотлари ҳажмининг ўсиш суръати секинлашишига таъсир этди. Бунда газ қазиб олишнинг камайиши тўлиғича чет эл компаниялари ҳиссасига тўғри келди.

Шунга қарамасдан иқтисодиётдаги энергоресурсларга бўлган талабнинг барқарор қондирилиши ҳисобига саноат маҳсулотлари ҳажми 4,0 фоизга (ўтган йилнинг мос даврида - 6,9 фоиз), истеъмол товарлари ҳажмининг 11,2 фоизга (18,3 фоиз), шу жумладан озиқ-овқат маҳсулотлари – 8,5 фоиз (10,4 фоиз) ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 12,6 фоизга (22,2 фоиз) ошиши кузатилди.

Аҳоли томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига талабнинг ошиши тармоқда тадбиркорлик субъектлари фаоллигини оширишда муҳим ўринга эга бўлди.

Жорий йилнинг I чораги мобайнида сабзавотлар ишлаб чиқариш 11,3 фоизга, гўшт 4 фоизга, сут 2,9 фоизга, тухум 5,2 фоизга ўсиши, аҳолининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талабини қондириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим асос яратди.

Чорак мобайнида 23,3 мингта (ўтган  йилнинг шу даврида 30,4 мингта) янги кичик тадбиркорлик (бизнес) субъектлари, жумладан қишлоқ хўжалиги соҳасида 2,6 минг (1,8 минг), алоқа ва ахборотлаштиришда 487 та (366 та), соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизмат кўрсатишда 386 та (297 та) ташкил этилди.

Иқтисодий фаоллик. Ҳисобот даврида товар ва хом-ашё биржасида жами 10,5 трлн. сўмлик битимлар (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 30,6 фоизга ошган) тузилди.

Жумладан, 86,6 минг тонна қора металлар прокати (36 фоизга ошган), 19,3 минг тонна полипропилен (13,1 фоиз), 21,7 минг тонна полиэтилен (20,4 фоиз), 17,5 минг тонна шакар (24,2 фоиз), 805,3 минг тонна минерал ўғитлар (17,3 фоиз), 34,7 минг тонна автомобиль бензини (2,1 баробар), 110,0 минг тонна дизель ёқилғиси (7,7 фоиз) сотилди.

Мазкур даврда, хизматлар ҳажмининг ўсиш суръати ўтган йилнинг шу давридаги 11,1 фоиздан 9,9 фоизгача секинлашди. Ушбу ҳолат, март ойининг иккинчи ярмидан карантин тадбирларининг амалга оширилиши, транспорт, ташиш хизматларининг, айниқса авиақатновларнинг тўхтатилиши ҳамда қатор хизмат кўрсатиш объектлари фаолиятининг тўхталиши билан изоҳланади.

Шунга қарамасдан, молиявий хизматлар 36,6 фоизга, алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари 17,9 фоизга кўпайиши ҳисобига соҳадаги ўсиш тенденциялари сақлаб қолинди.

Инфляция даражаси 2020 йилнинг I чорагида 2,8 фоизни ташкил этиб, (прогноз – 3,3 фоиз) сўнгги 4 йиллик даврда энг паст кўрсаткични қайд этди. Бунда, озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўсиши ўтган йилнинг мос давридаги 6,4 фоиздан 4,3 фоизгача секинлашди.

Инфляция даражасининг пасайиш тенденциясини монетар омилнинг қисқариши ҳамда алмашув курсининг барқарор даражада сақланиб туриши билан тушунтириш мумкин.

Апрель ойидаги асосий кўрсаткичлар

Республикада коронавирус пандемияси тарқалишининг олдини олиш бўйича киритилган чекловлар таъсири апрель ойидан сезила бошланди ва бу иқтисодий ҳолатни акс эттирувчи айрим кўрсаткичлар динамикасида ўз аксини топмоқда.

Ўз навбатида, коронавирус пандемиясининг мамлакатдаги иқтисодий-ижтимоий вазиятга салбий таъсирини юмшатиш борасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонларига [i]мувофиқ қабул қилинган инқирозга қарши чоралар тўпламининг амалга оширилиши мамлакатда тиббий, санитар ва эпедемиологик вазиятни яхшилаш, аҳолининг моддий ва ижтимоий ҳолатининг ёмонлашиб кетишини олдини олиш, иқтисодиётнинг муҳим тармоқларида фаолиятнинг барқарорлигини сақлаб қолиш имкониятини берди. Хусусан:

а) соғлиқ сақлаш ва тиббиёт соҳасининг моддий техник базасини мустаҳкамлаш ва уни яхшилаш учун Инқирозга қарши курашиш жамғармасида тегишли ресурсларнинг тезкорлик билан шакллантирилиши ва йўналтирилиши коронавирус инфекциясининг кенг тарқалишининг олдини олиш билан бирга мавжуд вазиятни самарали назорат қилиш ва карантин билан чекловларни босқичма- босқич юмшатиш имконини бермоқда;

б) коронавирус пандемиясининг аҳоли даромадлари ва тўлов қобилиятига таъсирини камайтириш борасида:

бюджет сектори ишчиларини пуллик меҳнат таътилига чиқариш, бир қисм ходимларни масофадан туриб ишлаш тизимига ўтказиш орқали иш билан бандлигини таъминлаш йўли билан давлат секторида банд бўлган ишчиларнинг иш ҳақларини тўлиқ сақлаб қолиш;

алоҳида йўналишдаги хусусий сектор корхоналарига иш хақи ҳисоблашда ижтимоий солиқ миқдорини 1 фоизгача пасайтириш;

  • жисмоний шахслар томонидан олинган кредитларни қайтариш муддатларини кечиктириш;
  • ишсиз қолган аҳолини жамоатчилик ишларига банд қилиш;

давлат томонидан хусусий секторни рағбатлантириш (ёки компенсация қилиш) орқали вақтинчалик ишсиз қолган аҳолини зарур истеъмол товарлари ва моддий ёрдам билан қўллаб-қувватлаш тизими жорий этилиши ижтимоий вазиятнинг кескин ёмонлашиб кетишининг олдини олишга хизмат қилмоқда.

в) хусусий сектор корхоналарини қўллаб-қувватлаш борасида фискал рағбатлантириш (айрим солиқ тўловларининг кечиктирилиши ва имтиёзлар берилиши) ҳамда кредит ва монетар юмшатиш чораларининг ўз вақтида жорий этилиши иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларида молиявий танглик ҳолатининг вужудга келиши ва иқтисодий инқироз чуқурлашишининг олдини олиш имконини берди.

Иқтисодий фаоллик. Карантин чоралари даврида иқтисодий фаоллик сусайишининг энг қуйи даври апрель ойининг биринчи декадасига тўғри келиб, товар хом-ашё биржасида савдолар битимлари ҳажми ўртача 30 фоизгача, айрим товарлар бўйича эса сотиш ҳажми 80 фоизгача тушиб кетди.

Апрель ойининг иккинчи ярмидан бошлаб қурилиш ва юк ташиш соҳасидаги карантин чораларининг юмшатилиши натижасида қурилиш материалларига ва юқори ликвидли маҳсулотларга бўлган талабнинг нисбатан жонланишига таъсир этди.

Жумладан, апрель ойининг учинчи ҳафтасида цемент маҳсулотининг сотилиши  дастлабки ҳафтага нисбатан 1,4 баробарга, қора металлар прокати 2,7 баробарга, полипропилен 4,3 баробарга, полиэтилен 2 баробарга ва шунингдек дизель ёқилғиси 21 фоизга ошди.

Натижада, апрелнинг 1-25 саналари оралиғида цемент маҳсулотларининг сотилиши ўтган йилнинг мос даврига  нисбатан  13,4 фоизга, мис катоди 6,5 фоизга, минерал ўғитлар ҳажми 7 фоизга, дизель ёқилғиси эса 10 фоизга ўсиши кузатилди.

Дизел ёқилғисига талабнинг кўпайиши – бу қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолликнинг мавсумий ошиши, юк автомобиллари ҳаракатланишига чекловларнинг олиб ташланиши ҳамда қурилиш ишларининг санитар ва эпидемиологик талабларга қатъий риоя қилган ҳолда амалга ошириш бўйича рухсат берилиши билан фаоллик ошиб бормоқда.

Апрель ойининг 1-27 кунларида март ойининг мос даврига нисбатан республика бўйича жами пул тушумлари 45 фоизга, бунда, маҳсулотларни сотишдан тушган тушумлар 31 фоизга ҳамда пуллик хизматлар соҳасидан келадиган тушумлар эса қарийб 2,7 баробарга қисқариши кузатилди.

Шу билан бирга, апрель ойининг иккинчи ўн кунлигидан бошлаб маҳсулотлар сотуви тушумларида сезиларли ўсиш кузатилиб, шу декададаги ўртача кунлик тушумлар 337,1 млрд. сўмни ташкил қилди (биринчи ўн кунликда ўртача тушум – 255,5 млрд. сўм). Мазкур тенденция апрель ойининг сўнгги ўн кунлигида ҳам давом этиб, кунлик ўртача тушумлар 340,1 мрлд. сўмни ташкил қилди.

Пуллик хизматлардан келадиган тушумлар динамикасида ҳам кескин қисқаришдан сўнг фаоллик кузатилаётганига қарамасдан ўсиш суръатлари пастлигича қолмоқда (биринчи ўн кунликда ўртача кунлик тушум – 38,4 млрд. сўм, иккинчи ўн кунлик – 40,5 млрд. сўм, учинчи – 43,7 мрлд. сўм).

Иқтисодий фаолликнинг маълум даражада секинлашувига қарамай апрель ойида табдиркорлик субъектлари томонидан жалб қилинган кредитлар қолдиғи 2,3 трлн. сўмга ошди. Хусусан, апрель ойининг дастлабки 20 кунида ушбу соҳага ажратилган кредитлар миқдори 4,3 трлн. сўмни ва сўндирилган кредитлар миқдори қарийб 2 трлн. сўмни ташкил этди.

2020 йил иқтисодий кўрсаткичларига таъсир қилувчи айрим омиллар

Глобал иқтисодий инқирознинг чуқурлашиб бориши, шунингдек коронавирус касаллигини буткул енгиб чиқиш ҳамда дунё иқтисодиётининг тикланиши борасида ноаниқликларнинг сақланиб қолиши шароитида республикада макроиқтисодий, шу жумладан фискал, монетар ва ижтимоий сиёсатни аниқ режалаштириб олиш ва амалга ошириш маълум маънода мураккаблашади.

Шундан келиб чиққан ҳолда, қисқа муддатли истиқболда қуйидаги йўналишлар ва ёндашувларга алоҳида эътибор қаратилади:

Коронавирус мавжудлиги шароитига мослашиш ва бунга тайёргарлик кўриш

Бунда, коронавирус пандемиясини енгиб чиқиш муддати ва келгусида (2020 йил куз ойларида) ушбу касаллик тарқалишининг иккинчи тўлқинининг юзага келиш эҳтимоли билан боғлиқ сценарийларни имкон қадар аниқроқ баҳолаш лозим бўлади.

Бугунги кунда кўплаб хорижий мутахассислар келгусида инсоният ушбу вирус мавжудлиги шароитида яшашга кўникиши ва мослашиши лозимлигини қайд этмоқдалар.

Юқорида таъкидланганидек, бугунги юзага келган вазиятда иқтисодий қийинчиликлар анъанавий фискал ёки монетар сиёсат инструментларни қўллаш орқали эмас балки, энг биринчи навбатда, коронавирусга қарши вакцина ва тўлиқ даволаш усуллари йўқлиги шароитида иқтисодий фаолликни босқичма-босқич тиклаш ва айни пайтда ушбу касаллик тарқалишининг ҳамда одамлар соғлигига таъсирини минималлаштириш бўйича ишларнинг самарадорлигига боғлиқ бўлади.

Шу нуқтаи назардан, келгусида тиббиёт соҳасининг моддий- техник базасини кучайтириш, касалларни қабул қилиш ва даволаш қувватларини ошириш, тиббиёт ходимлари сони ва малакасини ошириб бориш мақсадларига тегишли ресурсларни шакллантириш орқали касалликни самарали даволаш ва инсоний йўқотишларни минималлаштиришга асосий эътибор берилади.

Юқори эҳтимол билан дунёдаги иқтисодий вазиятнинг тикланиши секин кечади ва бу иқтисодий фаолликни қўллаб- қувватлашда давлат ролининг ошишига олиб келиши мумкин.

Келгусида коронавирус пандемияси тарқалишининг олди олинишига қарамай айрим чекловларнинг маълум бир муддатга сақланиб қолиши ҳамда ушбу касалликнинг иккинчи тўлқини билан боғлиқ тахминлар глобал иқтисодий фаолликнинг секин тикланишига олиб келиши мумкин.

Бу, ўз навбатида, ташқи талабнинг секинлашиши шароитида иқтисодиётда ялпи талабни шакллантиришда ва уни рағбатлантиришда алоҳида ёндашув ва ечимларни ишлаб чиқишни талаб этади.

Бунда асосий эътибор мавжуд ресурсларни, шу жумладан инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилиши кўзда тутилган қўшимча 3,6 трлн. сўмлик ва ишга тушиш арафасидаги инвестицион лойиҳалар доирасида қурилиш ишларини тезлаштириш орқали:

аҳолини иш билан бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш;

туташ тармоқларда ҳам ишлаб чиқаришнинг нисбатан фаоллашувини таъминлаш имкони пайдо бўлади.

2020 йилда иқтисодий ўсиш бўйича дастлабки прогнозлар

Вазиятнинг кескин ўзгарувчан бўлишини инобатга олиб бугунги кунда кутилаётган макроиқтисодий вазият бўйича нисбатан аниқ прогноз кўрсаткичларини ишлаб чиқиш мураккаб бўлиб қолмоқда.

Шу билан бирга, бугунги кунда вазиятдан келиб чиқиб  ҳамда дунё мамалкатларида коронавирус пандемияси билан боғлиқ чекловларнинг аососий қисми жорий йилнинг биринчи ярмида олиб ташланишини тахмин қилиш асосида 2020 йил якуни бўйича иқтисодий ўсиш суръатлари 1,5-2,5 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.

Ижобий ўсиш суръатларининг сақлаб қолиниши қуйидаги омиллар ҳисобига таъминланади:

  • қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг дастлабки прогноз кўрсаткичдан 3,5-4 фоиздан нисбатан юқорироқ кутилиши. Бунда қишлоқ хўжалигининг ЯИМ таркибидаги улуши 30 фоиз атрофида эканлигини инобатга оладиган бўлсак, ушбу соҳадаги ижобий динамика иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамиятга эга;
  • саноат соҳасида ишлаб чиқариш ҳажми ўсиш суръатларининг секинлашишига қарамай 3,4 фоиздан зиёдга ошиши прогноз қилинмоқда. Саноат соҳасининг ЯИМ таркибида 30 фоиздан юқорилиги ҳисобига мазкур ижобий ўсиш суръати ҳам умумий иқтисодий ўсиш суръатларини қўллаб-қувватлайди.

Иқтисодий ўсишнинг секинлашувига таъсир қилувчи омиллар:

  • коронавирус пандемияси биринчи навбатда хизматлар кўрсатиш соҳасига кўпроқ таъсир кўрсатишини инобатга олиб мазкур соҳасида иқтисодий ўсиш 2020 йил якуни бўйича 0,7-1,0 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.

Ушбу тенденциянинг сақланиб қолиши жорий йил биринчи чоракда хизматлар соҳасининг 3,8 фоизга ошиши ҳамда учинчи чоракдан бошлаб жонланиши билан изоҳланади;

  • халқаро пул ўтказмаларининг 30-40 фоизга қисқариши аҳоли даромадларининг ва иқтисодиётда истеъмол харажатларининг камайишига олиб келади.

Умуман олганда хусусий секторда якуний истеъмол харажатлари дастлабки прогноз қилинган 6,8 фоизлик ўсишдан паст бўлиб, 1,2 фоизгача қисқариши мумкин.

Ўз навбатида инқирозга қарши жамғарманинг  шаклланиши ҳамда ички ва ташқи ресурсларни мобилизация қилиш ҳисобига давлат харажатларининг прогноз қилинган даражада ушлаб турилиши иқтисодиётда умумий талабни рағбатлантирувчи омил бўлиб хизмат қилади.

Вазирлик бундан буён мунтазам равишда тегишли ҳисоботларни ва прогнозларни эълон қилиб боради.

Манба: Ўзбeкистон Рeспубликаси
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни
қисқартириш вазирлиги


3
Похожие новости