"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

2021 йилдан бошлаб миллий сертификати бор абитуриентлар математика фанидан тест топширишмайди


“Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурининг 179-бандида назарда тутилган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган “Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Қарори қабул қилинди.

Мазкур ҳужжатга кўра:

2020–2023 йилларда Ўзбекистон Республикасида математика фанлари бўйича таълим сифатини яхшилаш, илмий-тадқиқотларнинг натижадорлиги ва амалий аҳамиятини оширишнинг мақсадли дастури тасдиқланди.

Ҳар бир туманда (шаҳарда) математика фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар босқичма-босқич ташкил этилади.

Ихтисослаштирилган мактабларда:

  • мактаб директори тегишли туман (шаҳар) ҳокимининг иқтисодий ва бошқарув жараёнларига математик усуллар ва моделларни жорий қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси ҳисобланади;
  • мактаб директори Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан Институт директори билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;
  • математика фани чуқурлаштирилиб ўқитиладиган синфлар босқичма-босқич, мавжуд эҳтиёж ва ўқувчиларнинг қобилиятидан келиб чиқиб ташкил этилади;
  • ўқувчилар белгиланган тартибда танлов асосида саралаб олинади;
  • математика фани чуқурлаштирилиб ўқитиладиган синф битирувчилари тегишли олий таълим муассасаларининг математика таълим йўналишларига улар учун белгиланган мақсадли параметрлар бўйича ўқишга қабул қилинади.

Ихтисослаштирилган мактабларнинг низомларини, мазкур мактабларда математика фани ўқитувчиларини танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби ишлаб чиқилади.

2021 йил 1 сентябрдан бошлаб Ихтисослаштирилган мактаблар раҳбар кадрлари ва математика фани ўқитувчиларининг базавий тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорида ҳар ойлик устама ҳақ тўлаш тартибини назарда тутувчи Ҳукумат қарори қабул қилинади.

Ихтисослаштирилган мактабларда Институт ва олий таълим муассасаларининг юқори малакали профессор-ўқитувчиларини жалб қилган ҳолда масофавий таълим орқали дарс машғулотлари ўтказилади.

2021 йил 1 январга қадар Математика фанини билиш даражасини баҳолаш бўйича миллий сертификатлаш тизими жорий қилинади.

  • Математикани билиш даражасини баҳолаш ва бу тўғрисида миллий малака сертификатини (кейинги ўринларда – миллий сертификат) бериш Давлат тест маркази томонидан амалга оширилади.
  • Математикани билиш даражасини баҳолаш табақалаштирилган ҳолда амалга оширилади.
  • Имтиёз бериладиган даражадаги миллий сертификатга эга абитуриент давлат олий таълим муассасасига ўқишга киришда математика фанидан тест синови топширишдан озод этилади ва унга математика фани учун белгиланган максимал балл берилади.
  • 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб Ихтисослаштирилган мактабларнинг математика фани бўйича ўқитувчилари тегишли даражадаги миллий сертификатга эга бўлишлари мажбурий ҳисобланади;
  • Миллий сертификатлаш тизими учун тест топшириқлари базасини шакллантириш ва мунтазам янгилаб боришда эксперт сифатида Институт илмий ходимлари жалб қилинади.
  • Миллий сертификатнинг тегишли даражасига эга математика фани ўқитувчиларига (Ихтисослаштирилган мактабларнинг математика фани ўқитувчиларидан ташқари) базавий тариф ставкасига нисбатан 25 фоиздан 50 фоизгача ҳар ойлик устама ҳақ тўланади.
  • 2021 йил 1 январга қадар Миллий сертификатлаш тизимининг онлайн платформаси ишлаб чиқилади ва жорий этилади.

Институт таркибида Математика таълими бўйича ўқув-услубий материалларни мувофиқлаштириш лабораторияси ташкил этилади.

2021 йил 1 сентябрдан давлат таълим муассасаларида қўлланиладиган математика фани бўйича дарсликлар ва ўқув қўлланмаларни ишлаб чиқишда мажбурий тартибда Институтнинг эксперт хулосаси олинади.

Математика фани ва таълимини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади.

  • Жамғарма фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида Институт тузилмасида Математика фани ва таълимини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларини бошқариш гуруҳи фаолияти ҳам йўлга қўйилади.

Математика соҳасидаги фундаментал ва амалий илмий изланишлари натижаларига кўра амалиётдаги муайян муаммонинг ечимини таклиф этган олимларни мукофотлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги халқаро мукофоти таъсис этилади.

  • Мукофот икки йилда бир марта Ўзбекистон Президенти томонидан Фан ва технологиялар бўйича республика кенгашининг таклифига кўра учта йўналиш (фундаментал соҳадаги тадқиқот, ёшлар ўртасидаги тадқиқот ва иқтисодиётнинг реал секторидаги муаммонинг ечимини таъминлаган тадқиқот) бўйича берилади.
  • Ҳар бир йўналиш бўйича Мукофот совриндорларига 50 минг АҚШ доллари эквивалентидаги пул мукофоти берилади.
  • Фан ва технологиялар бўйича республика кенгашида Мукофот номзодларини кўриб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг тавсияномасига кўра амалга оширилади.
  • Тақдирлаш учун номзодлар бўйича таклифлар Ўзбекистон математика жамияти томонидан ўтказиладиган доимий кузатувлар асосида шакллантирилади ва Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига тақдим этилади;
  • Мукофот совриндорига пул мукофотини тўлаш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш 2021 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Инновацион ривожланиш вазирлигига ажратиладиган маблағлар доирасида амалга оширилади.

Қорақалпоғистон Республикасида, Бухоро, Наманган, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг В.И.Романовский номидаги Математика институтининг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилади.

  • Ҳар бир ҳудудий бўлинма таркибида бир штат бирлигидан иборат Ўқув марказлари фаолият юритади.
  • Ҳудудий бўлинмалар раҳбарлари Институт директори томонидан тегишли ОТМ ректори билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
  • Институт ҳузурида математика ихтисосликлари бўйича фан доктори (DSc) ва фалсафа доктори (PhD) илмий даражаларини берувчи илмий кенгаш ташкил этилади.
  • Илмий кенгаш таркиби Институт кенгаши тавсиясига кўра, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси билан келишилган ҳолда Институт кенгаши қарори билан тасдиқланади.

 “Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати