"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
Бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш – парламент назоратида
136 | 12 Май. 2020 й.

Олий Мажлис Сенати томонидан ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан парламент назоратини олиб бориш, давлат дастурлари бажарилишини таъминлаш борасидаги ишлар изчил олиб борилмоқда.
Жумладан, парламент юқори палатаси девони таркибида Давлат бюджети ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларини таҳлил қилиш бошқармаси ташкил этилгани ҳам Давлат бюджетини шакллантириш ва ижро этиш жараёнлари устидан ҳудудлар манфаатидан келиб чиққан ҳолда назорат олиб боришда муҳим аҳамият касб этади. Мазкур йўналишдаги қонунларни Сенат қўмиталарида дастлабки тарзда кўриб чиқилишига кўмаклашади. 

Шунингдек, келгуси йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонун ва бюджет лойиҳасини ҳудудий манфаатлар нуқтаи назаридан молиявий экспертизадан ўтказиш ва хулоса бериш, хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиб, қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади. Сенат  раҳбарияти ва сенаторларга бюджет, пул-кредит сиёсати, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масаласига доир материалларни ўз вақтида етказиб туриш ҳам бошқарма зиммасига юклатилган вазифалардан саналади.

Куни кеча Олий Мажлис Сенати ва Ҳисоб палатаси томонидан Андижон вилоятида бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш ҳолатлари ўрганилиши натижаларининг муҳокамасига бағишланган онлайн видеоконференцияда ҳам бошқарма мутахассислари томонидан бу борадаги ишлар танқидий таҳлил қилинди.

Таъкидлаш жоизки, яқин кунларда Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан Тошкент ва Сирдарё вилоятларида 2020 йил I чорак буйича бюджет ижроси юзасидан масъулларнинг ҳисоботи эшитилади. Ҳозирги кунда бошқарма ходимлари ушбу ҳудудлардан тақдим этилган ҳужжатларни таҳлил этиш жараёнида ҳам  фаол иштирок этмоқда.

Мухтасар қилиб айтганда, ушбу янги бошқарма бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш юзасидан парламент назорати олиб борилишида бевосита иштирок этади.

Малика КАДИРХАНОВА, Олий Мажлис Сенати аъзоси.  

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати


0
Похожие новости