"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
Маданият ва санъатнинг улкан ютуғини белгилаган ҳужжат
417 | 01 Июнь 2020 й.

Ҳар бир миллатнинг ўз маданияти ва санъати унинг халқ сифатидаги қадр-қимматини белгилаб берувчи асосий омилларидан биридир. Инсоният вужудга келибдики, ўзининг бутун салоҳиятини ишга солиб, яратувчилик, бунёдкорлик, ижодкорлик, мушоҳадакорлик борасида тинимсиз изланади, бундан эстетик завқ олади ва бу жараёнда руҳан юксалади. Ҳар миллат ўзининг маданияти ва санъатининг қудрати боис жаҳон тамаддунидан мустаҳкам жой эгаллайди.

Мамлакатимиз ўзининг жаҳон майдонидаги ўрни ва аҳамиятини янада мустаҳкамлаш йўлидан борар экан миллий маданиятни янада ривожлантириш, янги Ўзбекистоннинг янги тарихини яратиш, моддий ва номоддий маданий мерос дурдоналарини сақлаш ва тарғиб этиш, халқ оғзаки ижодиёти ва ҳаваскорлик санъатини янада оммалаштириш, юртимизнинг жаҳон маданий маконига фаол интеграциялашувини таъминлаш, маданият ва санъат соҳасини инновацион ривожлантиришга қаратилган тизимли чора-тадбирларни амалга оширди. 2020 йил 26 май куни давлатимиз раҳбарининг “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони соҳанинг ривожи учун зарур бўлган улкан имкониятлар эшигини очади.

Фармонга кўра концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи шахслар томонидан давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг буюртмаларига асосан кўрсатиладиган барча хизматлар ёзма ва ҳақ эвазига тузиладиган шартнома асосида тақдим этилиши ҳақидаги меъёр билан мустаҳкамланди. Бу ҳолат мамлакатимизда санъат соҳасига бўлган муносабатнинг ижобий тарафга ўзгаришини таъминлайди.

Шунингдек, мазкур ҳужжат билан санъаткорларга яна бир улкан имтиёз берилмоқда. Яъни, 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотлари тизимидаги концерт, маданият саройлари ва бошқа муассасаларда тўлиқ жонли ижро асосида ўтказиладиган концерт дастурлари учун ижара тўловидан 50 фоиз чегирма бериш тартиби жорий этилади. Бундай имкониятнинг вужудга келиши ўзбек мусиқа санъатининг янги сифат босқичига кўтарилиши, ундаги мазмун-моҳиятнинг янада юксак аҳамият касб этишига имкон яратади. Санъатнинг аслида шоу ёки кўргазма учун эмас, балки инсоннинг маънавий камолотга эришишига хизмат қилувчи ролининг янада ошишини белгилайди. Натижада, аҳолининг концерт-томоша тадбирларига борувчанлик қобилияти ўсади, аҳолининг маданий-эстетик савияси юксалади. Шу билан бирга, санъаткорнинг ўз устида ишлашга бўлган талаби ортади.

Фармоннинг учинчи бандида келтирилган меъёр Маданият вазирлигининг мамлакатдаги мавқеини ва қадр-қимматини оширишга қаратилган, дейиш мумкин. Бинобарин, шу вақтгача давлат органлари томонидан давлат тадбирлари ва бошқа тадбирларга ижодкор ва ижрочиларни жамоатчилик асосида жалб қилиш одат тусига кириб қолган эди. Бу ҳолат соҳа мутахассисларининг эътирозларига сабаб бўлган. Эндиликда, бундай ҳолатларга умуман йўл қўйилмайди. Ва бу ҳолат соҳа учун катта ютуқдир.

Мамлакатимиз жаҳон ҳамжамияти билан интеграциялашув сари илдам қадам ташлар экан, юртимиз олдида ўз ечимини кутиб турган катта бир масала мавжуд. У ҳам бўлса, муаллифлик ҳуқуқлари соҳасини ҳуқуқий жиҳатдан ишга солишдир. Аслида, бу соҳа ўз вақтида самарали фаолият олиб борган. Аммо сўнгги йилларда соҳанинг бутунлай ҳаракатдан тўхтаб қолгани мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамияти олдида маънавий савиясини тушириб юборишга қаратилган таҳдидни келтириб чиқарди.

Ушбу салбий вазиятга ижобий ечим сифатида Фармонда маданият ва санъат соҳаси вакилларининг Санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш палатасини ташкил этиш вазифаси кўтарилган. Унга кўра, палата мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарадиган ташкилот сифатида фаолият юритади. Маданият вазирлиги палата фаолиятининг дастлабки босқичларида уни қўллаб-қувватлаш учун Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 1 миллиард сўм ажратилишини таъминлаб беради.

Маълумки, муаллифлик ҳуқуқлари ўз мазмун-моҳиятига кўра улкан залворли соҳа. Унинг юртимизда тўлиқ куч билан ишлаши ҳамда жаҳон стандартлари талабига жавоб бериши учун соҳани яхши биладиган мутахассислар керак. Фармонда белгилаб берилган вазифа соҳанинг билимдон мутахассисларни тарбиялашни тақозо этади.

Фармонда санъат, хусусан, театр соҳаси жонкуярлари ва томошабинларини хурсанд этадиган бир вазифа бор. Маълумки, юртимиз равнақи учун ўз меҳнатини аямай, фидокорона хизмат қиладиган ҳар бир шахс, ҳар бир жамоа юксак даражада эътибор ва эътирофга сазовордир. Мана шу муносабат билан, бой тарихи, ўзбек миллий қўғирчоқ театри мактабининг шаклланиши ва ривожидаги беқиёс ҳиссасини инобатга олиб, Республика қўғирчоқ театрига Ўзбек Миллий қўғирчоқ театри номи берилиши санъат оламида улкан қувончга сабаб бўлган ҳодисага айланди. Унга кўра, театрнинг салоҳиятидан тўлақонли фойдаланиш ва унинг анъаналарини кенг тарқатиш мақсадида Навоий, Наманган, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида қўғирчоқ театрларини ташкил этиш тўғрисидаги Ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, 2020 йилга мўлжалланган ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида мақбуллаштирилган маблағлар ҳисобидан “Ўзбек давлат цирки” давлат муассасасининг бино ва иншоотларини реконструкция қилиш, қўшимча равишда ҳайвонларни сақлаш хоналарини қуриш ҳамда замонавий ускуналар билан жиҳозлаш ишларининг тўлиқ молиялаштирилишини, шунингдек, қурилиш, реконструкция ва жиҳозлаш ишларини жорий йил охирига қадар тўлиқ якунига етказиб, фойдаланишга топширилиши ҳақидаги вазифа ҳам устувор этиб белгиланди. Цирк санъати фаолиятини ривожлантириш мақсадида ҳар бир ҳудудда кўчма цирклар (шапито, дорбозлар гуруҳлари) ҳамда ҳайвонот боғлари ташкил этилиши асосий вазифалардан этиб белгиланди.

Фармонда ўзбек маданияти ва санъати учун катта аҳамиятга эга бўлган қуйидаги вазифалар соҳанинг илмий-тадқиқот жабҳасини янада тараққий эттиришга қаратилган катта ҳамхўрлик белгиси, десак муболаға бўлмайди. Хусусан, Ўзбекистон давлат консерваториясининг “Ўзбек мақом санъати факультети” ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг тегишли таълим йўналишлари ва мутахассисликлари негизида мақом ижрочилиги, бахшичилик ва катта ашула йўналишлари бўйича кадрлар тайёрловчи таянч олий таълим муассасаси – Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ҳамда давлат муассасаси шаклида Маданий мерос илмий-тадқиқот институтини ташкил этиш санъат соҳасидаги илм аҳли учун тинимсиз меҳнат қилиш майдонига айланади.

Маълумки, юртимизда маданият ва санъатга оид илмий-тадқиқот соҳаси сўнгги йилларда оқсаш жараёнини бошдан кечираётган эди. Бунга сабаб мутахассисларнинг фаолиятига бориб тақалмайди. Балки, соҳада мавжуд механизмнинг йўқлиги мазкур камчиликларни келтириб чиқарган эди. Эндиликда, Фармонда белгиланишича, Ўзбекистон давлат санъат музейига – санъат соҳасидаги, Ўзбекистон тарихи давлат музейига – маданият ва тарих соҳасидаги барча музейлар фаолиятини илмий-тадқиқот ва методик жиҳатдан мувофиқлаштириш, уларнинг ушбу йўналишлардаги ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш, кадрларнинг илмий салоҳиятини ошириш вазифаси юклатилди.

2021 йил 1 январга қадар Ўзбекистон давлат санъат музейи ва Ўзбекистон тарихи давлат музейида музейшунослик, санъатшунослик, маданиятшунослик йўналишларида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ихтисослаштирилган илмий кенгашлар ва илмий-методик кенгашлар ташкил этилади.

Фармонига кўра, эндиликда маданият ва санъатнинг жамиятимиз ижтимоий-маънавий ҳаётида тутган ўрнини ҳисобга олиб, соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 15 апрель санасини “Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари куни” деб эълон қилиниши хусусида қонун ҳужжати тайёрланмоқда. Ўзбек маданияти ва санъатига қаратилаётган бундай эътироф аслида жаннатмакон юртимизни улуғлаш, унинг қадриятларини юксакларга кўтариш, келажак авлодни қадди баланд, ғурурли ва ориятли халқ қилиб ўстириш йўлида амалга оширилаётган ишларнинг буюк намунасидир.

Ойдин АБДУЛЛАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси


5
Похожие новости