"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ДАВЛАТ ДАСТУРИ ИЖРОСИ: ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ БЎЙИЧА МИЛЛИЙ СТРАТЕГИЯ ТАСДИҚЛАНДИ


Жорий йилги “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурининг
268-бандида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегиясини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш вазифаси белгиланган эди.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида узоқ муддатли стратегиянинг мавжуд эмаслиги мазкур соҳада давлат сиёсатининг самарали амалга оширилиши, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат муносабати шаклланиши, юртимизнинг халқаро майдондаги обрўсини янада ошириш, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий рейтинглар ва индекслардаги мавқеини яхшилашга тўсқинлик қилиб келаётган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонни имзоланиши юқорида келтирилган барча муаммолар ечимини таъминлаши баробарида, Давлат дастурининг тегишли банди ижросини ҳам амалга оширди.

Миллий стратегияда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро рейтинг ва индексларда ТОП-50 қаторига киришини таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланди.

Мазкур ҳужжат билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси ва унинг «Йўл харитаси», қолаверса, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ҳамда шартномавий қўмиталари хабарномалари ва қарорларини кўриб чиқиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси давлат органларининг ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги Низом ҳам тасдиқланди.

Фармонга кўра, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномалар нормалари талабларини бажариш юзасидан масъул давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг асосий йўналишлари ҳам белгилаб берилмоқда.

Улар қуйидагилардан иборат:

  • халқаро ташкилотларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тавсияларини амалга оширишга қаратилган миллий ҳаракат режалари («йўл хариталари»)нинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш;
  • қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталарининг тавсияларини бажаришга тўсқинлик қилаётган сабаб ва шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш ҳамда бартараф этиш;
  • Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларини бажариш соҳасида Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси ва фуқаролик жамияти институтлари билан самарали ҳамкорликни амалга ошириш.

Миллий стратегия ўзида 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишида парламент ва фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга мувофиқлаштириш каби вазифаларни ҳам мужассам этган.

Стратегияни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси»да қуйидаги кодекслар ишлаб чиқилиши режалаштирилган:

  • Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодекс;
  • Экология кодекси;
  • Соғлиқни сақлаш кодекси;
  • Тадбиркорлик кодекси.

Миллий стратегиянинг ўзига хос жиҳати шундаки, унинг асосида янги таҳрирда ишлаб чиқиш лозим бўлган ҳамда қонунчиликда мавжуд бўлмаган қуйидаги қонунлар ишлаб чиқилиши кутилмоқда:

  • «Фавқулодда ҳолат тўғрисида»;
  • «Ўзбекистон Республикасида оммавий тадбирлар тўғрисида»;
  • «Адвокатура ва адвокатлик фаолияти тўғрисида»;
  • «Тенг муомала қилиш ва камситмаслик тўғрисида»;
  • «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонуннинг янги таҳрири;
  • «Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисида»;
  • «Бепул юридик ёрдам тўғрисида"ги қонун лойиҳаси;
  • «Хусусийлаштириш тўғрисида»;
  • «Ижтимоий тадбиркорлик асослари тўғрисида»;
  • «Мажбурий тиббий суғурта тўғрисида»;
  • «Меҳнат миграцияси тўғрисида»;
  • «Ижтимоий суғурта тўғрисида»;
  • «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси тўғрисида".

Шунингдек, Фармонга асосан, Олий Мажлис ҳузурида Инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мажбуриятларга риоя этилиши бўйича парламент комиссияси тузилади. Ушбу комиссия вазирлик ва идоралар, давлат ташкилотларининг Миллий стратегияда белгиланган устувор вазифалар ижроси юзасидан ҳисоботларини тинглаб, муҳокама қилади.

Ушбу тартибда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашларига вазирлик ва идоралар ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг Миллий стратегия ва «Йўл харитаси»нинг ҳудудлар кесимида ижро этилиши юзасидан ахборотини ҳар чоракда эшитиш ва танқидий муҳокама қилиш тавсия этилган.

Бундан ташқари, «Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишонини таъсис этиш ва уни ҳар йили Халқаро инсон ҳуқуқлари кунида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва маданиятини оширишда муносиб ҳисса қўшган шахсларга топшириш режалаштирилган.

Шунингдек, ҳар икки йилда юқори савияда, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар экспертлари, фахрий меҳмонлар иштирокини таъминлаган ҳолда Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми ўтказилиши кўзда тутилган.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати