"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди


Давлат раҳбари “Ҳалоллик вакцинаси” ва коррупцияга қарши курашишга масъул бўладиган алоҳида орган ташкил этилиши ҳақида илк бор Парламентга йўллаган мурожаатномасида қайд этган эди. Кейинчалик ушбу фикрлар, 2020 йилги Давлат дастурида ҳам акс этди.

2020 йилги “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурининг 53-бандига кўра, Давлат раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Мазкур ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилмоқда.

Агентлик:

  • Коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш, давлат органлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа нодавлат сектор вакилларининг биргаликдаги самарали фаолиятини таъминлаш, шунингдек, мазкур соҳадаги халқаро ҳамкорлик учун масъул бўлган махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.
  • ўз фаолиятини қонунийлик, холислик, ҳисобдорлик, очиқлик ва шаффофлик принциплари асосида бошқа давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади, Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади ва Олий Мажлис палаталари олдида ҳисобдордир;
  • Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор томонидан бошқарилади. Президентнинг Агентлик директорини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш тўғрисидаги фармонлари Олий Мажлис Сенати томонидан тасдиқланади.

Агентликнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари қуйидагилардан иборат:

  • коррупция ҳолатини тизимли таҳлил қилиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш;
  • коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатини, коррупцияга қарши курашиш чораларининг самарадорлигини оширишга қаратилган давлат ва бошқа дастурларни шакллантириш ва амалга ошириш;
  • жамиятда коррупциянинг барча кўринишларига муросасиз муносабатни шакллантириш;
  • коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида вазирлик ва идораларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш, ОАВ, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа нодавлат сектор вакилларининг ушбу масалалар бўйича биргаликдаги самарали фаолиятини ташкил этиш;
  • давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари ва устав капиталида давлат улуши бўлган корхоналар, шу жумладан банкларда коррупцияга қарши ички назорат тизими (“комплаенс-назорат”) ҳамда коррупцияга қарши курашишнинг бошқа халқаро воситаларини жорий этиш, уларнинг мазкур соҳадаги фаолияти бўйича рейтингини тузиш;
  • норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизаси самарадорлигини таъминлаш;
  • давлат хизматчиларининг даромад ва мол-мулкини декларация қилиш тизими жорий этиш;
  • давлат хизматига ҳалоллик стандарти (“ҳалоллик вакцинаси”) ва манфаатлар тўқнашувини ҳал этиш стандартларини жорий этишда кўмаклашиш бўйича таъсирчан чораларни кўриш, шунингдек, уларга риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш;
  • бюджет маблағлари, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг қарзларидан фойдаланиш, давлат активларини реализация қилиш ва давлат харидлари соҳасида коррупцияга қарши назорат тизимининг самарадорлигини таҳлил қилиш;
  • халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, мамлакатнинг имиджини мустаҳкамлаш ва халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш;
  • социологик, илмий ва бошқа тадқиқотларни ташкил этиш ва коррупцияни олдини олиш, унга қарши курашишнинг таъсирчанлигини ошириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;
  • коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш.

Фармон билан Агентлик ҳар йили ОАВда эълон қилиниши лозим бўлган Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисида миллий маърузани тайёрлайди ва уни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Президенти ва Олий Мажлис палаталарига киритади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларига ва халқаро имиджига зарар етказувчи коррупцияга оид жиноятларни тергов қилиш натижаларини комплекс таҳлил қилади ҳамда натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ахборот беради.

Қолаверса, коррупцияга оид жиноятлар оқибатида жамият ва давлат манфаатларига етказилган зарар тўлиқ қопланилишига эришиш устидан назоратни амалга оширади.

Шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари билан биргаликда ҳудудлар, иқтисодиёт тармоқлари ва бошқа соҳалар кесимида коррупциянинг даражасини баҳоловчи Коррупцияни қабул қилиш миллий индексини тузишни ташкиллаштиради.

Агентлик давлат харидлари соҳасида коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш мақсадида давлат буюртмачиси ISO 37001 коррупцияга қарши стандартини қўллашни кўзда тутувчи талабни ўрнатади.

Фармон билан Агентликка қуйидаги ҳуқуқлар берилмоқда:

  • бюджет маблағларининг сарфланиши, давлат активларининг реализация қилиниши, давлат харидлари, инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ва давлат дастурлари бажарилиши билан боғлиқ материалларни талаб қилиш, олиш ва ўрганиш;
  • ўз ваколатига тааллуқли масалалар юзасидан ўрнатилган тартибда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг коррупция масалалари бўйича мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўриш;
  • давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида коррупция ҳолатини ўрганиш;
  • коррупцияга оид жиноятлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, тизимли коррупциянинг ривожланиш тенденцияларини таҳлил қилиш мақсадида қонунчилик, шу жумладан жиноят-процессуал қонунчилигига мувофиқ жиноят ишлари материалларини ўрганиш;
  • ўрганиш ва бошқа тадбирлар натижалари бўйича тўпланган материалларни фаолиятида коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик аломатлари бўлган шахсларга нисбатан қонунга мувофиқ чоралар кўриш, жумладан жиноят ишларини қўзғатиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органларига тақдим этиш;
  • коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий суриштирувлар ўтказиш;
  • ижро ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органлари
    ҳамда уларнинг мансабдор шахслари қарорларида коррупция белгилари аниқланган ҳолларда уларнинг ижросини тўхтатиш
    ёки бекор қилиш тўғрисида кўриб чиқилиши мажбурий
    бўлган тақдимномаларни киритиш
    ;
  • давлат органлари, ташкилотлари ва уларнинг мансабдор шахсларига кўриб чиқилиши мажбурий бўлган коррупцияга
    оид ҳуқуқбузарликка йўл қўймаслик тўғрисида огоҳлантиришлар
    ҳамда коррупцияни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш тўғрисида тақдимномалар киритиш.

Агентликнинг огоҳлантириш, тақдимнома ва мурожаатлари ўн кун ичида кўриб чиқилиши ва натижалари юзасидан ёзма ахборот берилиши шарт қилиб белгиланмоқда.

Бундан ташқари, Агентликнинг ҳужжатлар, материаллар ва бошқа маълумотларни тақдим этиш, тафтиш ва текширишлар ўтказиш, мутахассислар ажратиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни, уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисидаги талабларини бажариш давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, уларнинг мансабдор шахслари ва фуқаролар учун мажбурий этиб қўйилмоқда.

Шу қаторда, Агентлик ходимлари ўз ваколатлари доирасида коррупциянинг сабаб ва шарт-шароитларини ўрганиш ҳамда таҳлил қилиш мақсадида давлат органлари ва ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ушлаб турилганларни ва қамоққа олинганларни сақлаш жойлари, жазони ижро этиш муассасаларига монеликсиз киришга ва ҳужжатлар билан танишишга ҳақли этиб белгиланмоқда.

Коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий равишда Агентлик билан келишилиши лозимлиги қайд этилган.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ва унинг ҳудудий идоралараро комиссиялари Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ва унинг ҳудудий кенгашлари этиб қайта ташкил этилмоқда.

Фармон асосида Агентлик Миллий кенгашнинг ишчи органи этиб белгиланди.

Агентликни ходимлар билан тўлдириш конкурс асосида халқаро стандартларга мувофиқ амалга оширилади. Шу билан бирга, Агентликка биринчи марта ишга қабул қилинадиган ходимлар ишдан ажратилган ҳолда Бош прокуратура Академиясида махсус ўқув дастурлари бўйича таълим олади.

Агентлик зиммасига:

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари учун коррупцияга қарши курашиш бўйича тармоғининг Истанбул ҳаракатлар дастури доирасидаги ишлар ҳамда ишлаб чиқилган тавсияларнинг амалга оширилишини таъминлаш;

БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси ва Ўзбекистон Республикасининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги бошқа халқаро шартномалари қоидаларининг бажарилиши билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда ушбу йўналишдаги фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий координатори вазифа ва ваколатлари юклатилмоқда.

Агентлик давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги фаолияти, шунингдек, ушбу соҳадаги давлат ва бошқа дастурлар самарадорлигини мониторинг қилиш ҳамда баҳолаш имконини берувчи “E-Anticor.uz” электрон платформасини ишлаб чиқади. Шу билан бирга, коррупция ҳолатлари ҳақида Агентликни хабардор қилиш имконини берувчи махсус мобил дастур яратилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг коррупцияга қарши курашиш соҳасида халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилади.
 

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг коррупцияга қарши курашиш соҳасида халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилади.

Айтиш жоизки, ушбу ҳужжатни ишлаб чиқиш жараёнида тегишли давлат органлари билан бир қаторда, фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, “Тараққиёт стратегияси” маркази халқаро тажрибани ўрганишга оид таҳлил ва таклифлари билан иштирок этди. Ўрганиш натижаларига кўра, бугунги кунда дунё бўйича 150 дан ортиқ антикоррупцион тузималар фаолият юритмоқда. Коррупцияга қарши курашишга ихтисослаштирилган органлар фаолиятини юритишда Гонконг, Сингапур, Франция, Руминия, Ҳиндистон, Корея Республикаси, Финляндия, Норвегия давлатлари катта тажрибага эга.

Аҳамиятлиси, мазкур ҳужжат коррупция билан самарали курашаётган давлатларнинг илғор тажрибаларини ўзида мужассамлаштирган. Мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши эса норматив-ҳуқуқий ва институционал базани янада такомиллаштириш, шунингдек, коррупцияга қарши курашишнинг самарали механизмини жорий этишга ёрдам беради.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати