• О'zbek

Uzbekistan2030.uz

"TARAQQIYOT STRATEGIYASI"
  MARKAZI
"Taraqqiyot Strategiyasi" markazi

TOŞKENT ŞAHRIDA TIBBIYOT VA SPORT SOHALARIDA BELGILANGAN VAZIFALAR IJROSI ÖRGANILDI

“Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан 2026 йил 24–27 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида “Ўзбекистон — 2030” стратегияси ва жорий йилги Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши юзасидан ўрганишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, Стратегияда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ва қамровини ошириш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизимини такомиллаштириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳамда оммавий спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Шу нуқтаи назардан, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков Юнусобод туманидаги Марказий кўп тармоқли поликлиника ҳамда Шайхонтоҳур туманидаги спорт мактаби фаолияти билан танишди.

Юнусобод туманидаги Марказий кўп тармоқли поликлиникада аҳолига бирламчи ва ихтисослаштирилган тиббий хизмат кўрсатиш тизими, муассасанинг хизмат кўрсатиш қуввати, малакали тиббиёт кадрлари билан таъминланганлик даражаси ўрганилди.

Бугунги кунда 57 457 нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш имкониятига эга мазкур поликлиникада 146 нафар шифокор ва 257 нафар ҳамшира фаолият юритиб, уларнинг 170 нафари олий малака тоифасига эга.

Ўрганиш жараёнида поликлиниканинг мавжуд имкониятлари ва аҳолининг тиббий хизматларга бўлган эҳтиёжи, тор доирадаги мутахассислар хизматидан фойдаланиш ҳамда амбулатор ва кундузги стационар шароитида даволаниш имкониятлари кўздан кечирилди.

Шунингдек, Шайхонтоҳур туманидаги спорт мактабида аҳолини, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил қилиш ҳамда мавжуд спорт инфратузилмасидан самарали фойдаланиш имкониятлари ўрганилди.

Мазкур спорт мактабида волейбол, баскетбол, таэквондо, кикбоксинг, фитнес ва сузиш каби 6 та спорт йўналиши бўйича машғулотлар ташкил этилган бўлиб, уларда 300 нафардан ортиқ киши мунтазам шуғулланиб келмоқда.

Бугунги кунда спорт мактаби 10 та нодавлат нотижорат ташкилоти билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Шунингдек, муассасада кечки вақтларда маҳалла аҳолисининг ҳам спорт машғулотлари билан шуғулланиши учун имкониятлар яратилган.

Ўрганишлар давомида тиббиёт ва спорт муассасаларининг мавжуд салоҳиятидан самарали фойдаланиш, аҳоли учун яратилган шароитларни янада яхшилаш ҳамда кўрсатилаётган хизматлар қамровини кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати