• Ўзбек
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
Мазмун-моҳияти
9471 | 16 Сен. 2020 й.

 

 

ҲАРАКАТЛАР СТРАТЕГИЯСИ ҲАҚИДА

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йилнинг 7 февраль кунги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармони билан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинди.

Давлат раҳбарининг ғояси ва ташаббуси билан жорий этилган, Ўзбекистонни ҳар томонлама тараққий эттириш, дунёнинг илғор демократик давлатлари қаторидан жой олиши ва жаҳон майдонида муносиб ўрин эгаллаши асосий мақсад этиб белгиланган мазкур Стратегия мамлакатнинг яқин истиқболдаги тараққиёт йўлининг бош устувор ҳужжати сифатида халқаро жамоатчилик, нуфузли эксперт-мутахассислар, давлат ва жамоат арбоблари, сиёсатшунослар томонидан юқори баҳоланди.

Ҳаракатлар стратегиясида Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши белгилаб берилган бўлиб, уларнинг ҳар бирида мамлакатда янги босқичдаги демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва самарадорлигини таъминлашга оид аниқ чора-тадбирлар ўз аксини топган.

 

1. “Давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш” деб номланган биринчи йўналишда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда парламент ҳамда сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш, давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш, давлат хизматининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини ривожлантириш, "Электрон ҳукумат" тизимини такомиллаштириш, давлат хизматлари сифати ва самарасини ошириш, жамоатчилик назорати механизмларини амалда татбиқ этиш, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ролини кучайтириш назарда тутилган.

2. “Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш” деб номланган иккинчи йўналишда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ишларида самарадорликни ошириш, судларни чинакам “Адолат қўрғони”га айлантириш юридик ёрдам ва ҳуқуқий хизматлар сифатини тубдан яхшилаш, суд-ҳуқуқ тизимида янги йўналишдаги ислоҳотларни амалга ошириш чора-тадбирлари белгиланган.

3. “Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш” деб номланган учинчи йўналишда миллий валюта ва нархларнинг барқарорлигини таъминлаш, валютани тартибга солиш, Ўзбекистонга хориж инвестицияларини кенг жалб қилиш, етакчи халқаро ва чет эл молиявий институтлари билан алоқаларни кенгайтириш, экспортга мўлжалланган товарлар ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни жорий этиш, мамлакатнинг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини юксалтириш, умуман, мамлакат иқтисодини жадал ривожлантириш бўйича тегишли вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари муҳим ўрин тутади.

4. “Ижтимоий соҳани ривожлантириш” деб номланган тўртинчи йўналиш аҳоли, айниқса ёшларнинг бандлигини таъминлаш, фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва саломатлигини сақлаш, фан, таълим, маданият ва спорт соҳасини такомиллаштириш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ҳамда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш чора-тадбирларини амалга ошириш мақсадларига қаратилган.

5. “Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш” деб номланган бешинчи йўналиш доирасида эса, давлатнинг мустақиллигини, ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишга оид чора-тадбирларни рўёбга чиқариш, Орол фожиасининг оқибатларини юмшатиш, шунингдек, дунёнинг барча давлатлари, айниқса, биринчи навбатда, қўшни давлатлар билан ўзаро тенг манфаатларга асосланган дўстона алоқалар ва мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйиш каби тинчликпарвар сиёсатга таянган чора-тадбирлар амалга оширилиши белгиланган.

“Ҳаракатлар стратегияси” беш босқичда, Ўзбекистонда ҳар бир йилга бериладиган номлардан келиб чиқиб қабул қилинадиган Давлат дастурлари асосида амалга ошириб борилиши назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти бошчилигида Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича Миллий комиссия ҳам тузилган бўлиб, изчил фаолият кўрсатмоқда.

Шунингдек, ҳар йилги Давлат дастурларига киритилган тадбирларни тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли бажарилишини Ҳаракатлар стратегиясидаги бешта йўналишининг ҳар бири бўйича тузилган комиссиялар назорат қилиб боради.

Айни вақтда беш йилга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишнинг тўртинчи йили якунига етиб бормоқда.

2017 йилда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури;

2018 йилда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури;

2019 йилда “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастури амалга оширилди.

Жорий 2020 йилда “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастури асосида белгиланган чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

“Тараққиёт стратегияси” маркази