"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
Марказ фаолияти
11595 | 14 Фев. 2020 й.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 февралдаги Фармони билан 2017-2021-йилларда мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси тасдиқлангани ўзбек давлат бошқаруви тарихида янги босқични бошлаб берди. Мазкур ҳужжатда аниқ, ҳаётий ислоҳотлар ва уларни амалга ошириш механизмлари белгилаб берилгани мамлакатимизда ислоҳотлар самарадорлигини тубдан ошириш, давлат ва жамиятни ҳар томонлама уйғун, жадал ривожлантириш, барча соҳани модернизация қилиш ва эркинлаштиришдек буюк мақсадларга хизмат қилади.

Давлат раҳбарининг 2017 йил 14 февралдаги Фармойиши билан Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга доир ташкилий чора-тадбирлари белгиланди. Мазкур фармойиш асосида, Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган тадбирларнинг экспертлик ва жамоатчилик муҳокамасини самарали ташкил этиш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, уларни мукаммал амалга ошириш, фуқаролик жамияти институтларини, экспертлар ва олимларни мамлакатимизни демократлаштириш ҳамда модернизация қилиш жараёнларига фаол жалб этиш мақсадида Тараққиёт стратегияси маркази ташкил этилди.

Марказ – нодавлат нотижорат ташкилоти бўлиб, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Aмалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон адвокатлар палатаси, Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари, Нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциациялари муассислигида ташкил этилди.

Тараққиёт стратегияси маркази Ҳаракатлар стратегиясидаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти ва натижаларини изчил муҳокама қилиш, давлат органлари ва халқ ўртасидаги очиқ мулоқотни таъминлаш, жамоатчилик назоратини самарали ташкил этишда ўзига хос замонавий медиа-майдон вазифасини ўтайди.

Марказ Ҳаракатлар стратегияси доирасидаги тадбирлар бўйича илғор хорижий тажриба, халқаро стандартлар, халқаро ташкилотлар ва экспертларнинг баҳолари, фикр-мулоҳазаларини ўрганмоқда. Бу борада амалга оширилаётган тадбирларнинг экспертлар ва жамоатчилик ўртасида кенг муҳокама этилишини ташкил қилиб, Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган қонун, қонуности ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш юзасидан аниқ чора-тадбирлар бўйича таклифлар ишлаб чиқиш билан шуғулланади.

Марказ халқаро ва хорижий ташкилотлар, илмий-тадқиқот, ахборот-таҳлилий ҳамда таълим муассасалари билан ҳамкорлиги ҳам йўлга қўйилган. Унинг яна бир асосий вазифаси – Ҳаракатлар стратегияси ва унинг асосидаги давлат дастурлари доирасида амалга ошириладиган тадбирлар бўйича аҳолининг фикр-мулоҳазаларини ўрганиш, улар юзасидан таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.

Марказ 3 йил мобайнида

“Тараққиёт стратегияси” маркази 2017 йилнинг 14 февралидан ақл маркази сифатида иш бошлаган бўлса, қисқа вақт ичида ўзида Ҳаракатлар стратегиясининг 5 та устувор йўналиши бўйича тажрибали, таҳлилчи ва кучли экспертларни жамлай олди. Ақл маркази мутахассислари мониторинг, таҳлил ва таклифлар ишлаб чиқиш билан бирга турли идора, ташкилот, муассасаларда семинар ва давра суҳбатлари ташкил этиб, уларда Ҳаракатлар стратегияси ва Давлат дастурларининг мазмун-моҳияти ҳақида қизиқарли маърузалар билан иштирок этиб келишмоқда.

170 га яқин давлат органлари ва ташкилотлари билан алоқа ўрнатган марказ хорижий тажрибани ўрганиш билан бирга халқаро ақл марказлари билан ҳамкорлик қилади ва тажриба алмашади. Хусусан, 2019 йилда Марказ дунёдаги энг яҳши йигирматалик рейтингидан мустаҳкам жой олган Италиядаги “European House – Ambrosetti”, 700 дан ортиқ экспертларни ўзида жам этган Сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий тадқиқотлар институтлари ҳамда Франциядаги 46 йиллик тажрибага эга ва ўз сафида кучли мутахассисларни жамлаган Таҳлил, прогнозлаш ва стратегия Маркази (CAPS) каби ақл марказлари билан ўзаро ҳамкорлик меморандумларини имзолади.

“Тараққиёт стратегияси” маркази 3 йил ичида 58 та меморандум имзоланган бўлса, шундан 18 таси 2019 йилга тўғри келмоқда. Шунингдек, ҳар йили 300 га яқин конференция, давра суҳбати, очиқ мулоқот, учрашув ва бошқа тадбирлар ташкил этиб келинмоқда.

Бундан ташқари, Марказ ижрочи директори 2019 йилнинг ўзида 100 дан ортиқ хорижий давлат ва халқаро ташкилот вакиллари делегацияларини, Ўзбекистонда фаолият юритаётган ҳорижий мамлакатлар элчиларини қабул қилди.

Халқаро ташкилотлар билан ўтказилган семинар, матбуот анжумани, давра суҳбати ва бошқа тадбирлар сони 3 йил давомида деярли 600 тани ташкил этмоқда.

Ўтган 3 йил ичида экспертлик муҳокамаларида 60 дан ортиқ қонун лойиҳалари ўрганилди ва тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Қолаверса, 2019 йилнинг ўзида марказ жамоаси томонидан 100 дан ортиқ таҳлилий ва муаллифлик мақолалари чоп этилди ва шунча миқдорда ОАВ орқали лавҳа, кўрсатув, интервью ва суҳбатлар кенг омма эътиборига хавола этилди.

Ўзбек, рус ва инглиз тилларида мамлакатда амалга оширилган ислоҳотлар натижалари таҳлилий шаклда акс этган “Ўзбекистон стратегияси” журнали ҳар чоракда чоп этилса, ислоҳотларнинг рақамлардаги акси инфографика кўринишида “Тараққиёт даври” рисоласида жамланади. Таъкидлаш жоиз, 2019 йилдаги сайлов жараёнларида халқаро кузатувчи ва меҳмонлар айнан ушбу қўлланмалар орқали Ўзбекистоннинг ривожланиш кўрсаткичлари билан таништирилди. Бундан ташқари, “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан 2020 йилда «Ҳаракатлар Стратегияси билан 3 йил: кутилган натижалар, юқори самарадорлик ва юксак марралар» номли рисола ҳам чоп этилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази 2017 ва 2018 йилларда Давлат дастури бўйича турли инфографик роликларни ОАВ билан ҳамкорликда тайёрлаган эди. 2019 йилдан эса Марказ мустақил равишда барча турдаги медиа махсулотларни креатив ва замонавий ёндошув асосида тайёрлаб давлат ва нодавлат теле ва радиоканаллар эфирларига узатишни бошлади. Ушбу медиа материаллар strategy.uz расмий сайти ва унинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларига ҳам жойлаштирилмоқда.

Марказ Сайлов-2019 жараёнларида Республика даражасида тузилган ишчи гуруҳларга аъзо сифатида сайловни ўтказиш билан боғлиқ барча босқичларда жамоатчилик назоратини олиб борди, ахборот-таҳлилий материаллар тайёрлашда фаол иштирок этди. Шунингдек, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда “САЙЛОВ-2019” видеороликлар танлови ўтказилди. Унда 98 нафар профессионал ва хаваскор ижодкорлардан 180 та ижодий ишлар қабул қилинди ва муносиблар 4 та номинация бўйича диплом ва пул мукофотлари билан тақдирландилар.

Ҳар йили Давлат дастури қабул қилинишидан аввал “Тараққиёт стратегияси” марказининг махсус сайтига (2017.strategy.uz, 2018.strategy.uz, 2019.strategy.uz, 2020.strategy.uz) ҳамда regulation.gov.uz  жойлаштирилади. Мана шу жараёнда ҳар бир йўналиш бўйича экспертлар таклифларни саралаб, ўрганади ва кунлик таклифлар тўпламини тегишли давлат органларига ва давлат дастури юзасидан шакллантирилган Комиссияларга тақдим этади. Бу орқали Давлат дастурида халқ фикри, ишончи ва иродасининг акс этишига эришилади.

 

 

     Марказ ҳақида брошюра

Батафсил

 


 

"Тараққиёт стратегияси" маркази ҳақида нималарни биласиз?