• Ўзбек
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

МЕДИА-КАМПАНИЯНИНГ 5-КУНИ ДАВЛАТ ДАСТУРИНИНГ ДАВЛАТ ВА ЖАМИЯТ ҚУРИЛИШИ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЙЎНАЛИШИГА БАҒИШЛАНДИ


“Тараққиёт стратегияси” маркази ташаббуси билан бошланган жорий йилги “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастури тарғиботига бағишланган медиа-кампания давом этмоқда.

2020 йил 23 июль куни “Тараққиёт стратегияси” маркази ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Конрад Аденауэр жамғармаси ҳамда ЕҲҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори офиси билан ҳамкорликда Давлат дастурининг биринчи йўналиши – Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш йўналиши бўйича белгиланган чора-тадбирларнинг ярим йиллик ижроси натижаларига бағишланган халқаро онлайн давра суҳбати видеоконференция шаклида ташкил этилди.

Халқаро онлайн тадбирда, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати аъзолари, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, ННТлар, фуқаролик жамияти институтлари, халқаро ташкилотлар, хорижий давлатлар элчихоналари ва дипломатик корпус вакиллари, хорижий экспертлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Видеоконференцияга модераторлик қилган “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш йўналиши бўйича жорий йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган ишларга тўхталар экан, бунда алоҳида эътиборни мамлакатда янги институт – Жамоатчилик палатаси ташкил этилганига қаратди.

«Жамият — ислоҳотлар ташаббускори» деган янги ғояни амалда рўёбга чиқариш, аҳолининг давлат ва жамият ишларини бошқаришдаги иштироки кўламини кенгайтириш, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, фуқаролар, жамият ва давлатнинг ўзаро яқин ҳамкорлигини ўрнатиш, шунингдек давлат органлари ва муассасалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Жамоатчилик палатаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар жамоатчилик палаталари ташкил этилди.

Дарҳақиқат, давлат ҳокимияти органларининг самарали фаолият юритиши, пировардида, мамлакатнинг жадал тараққий этишида жамоатчилик назорати омилининг ўрни беқиёс. Ўзбекистон Республикаси Жамоатчилик палатасининг Президент ҳузурида мутлақо янги институт сифатида ташкил этилишидан кўзланган мақсад ҳам, фуқаро – жамоат ташкилотлари – давлат бирлигини мустаҳкамлаш орқали халқнинг ҳокимиятдан, ҳокимиятнинг халқдан узоқлашишининг олдини олиш, Конституциямизда белгиланган халқ ҳокимиятчилиги принципини амалда рўёбга чиқаришга қаратилган.

ЕҲҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори, Элчи Жон МакГрегор Ўзбекистон Президентининг ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегиясининг аҳамияти ҳақида гапирар экан, уни ЕХҲТ доирасидаги мажбуриятлар билан таққослаб кўрилганида, 90 фоиз ҳолатда бир-бири билан мувофиқ экани аниқланганини қайд этди. Шунингдек, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори идораси “Тараққиёт стратегияси” маркази билан биргаликда бу каби экспертлик муҳокамаларни изчил равишда йўлга қўйишга тайёр эканини билдирди.

Маълумки, бу йилги Давлат дастурининг биринчи йўналишида 38 та банддан иборат чора-тадбирларни бажариш белгиланган. Ярим йиллик сарҳисоби бу борада ислоҳотлар амалга оширилганини кўрсатди.

Жумладан, Сенатнинг Давлат бюджетини шакллантириш ва ижро этиш жараёнлари устидан ҳудудлар манфаатидан келиб чиққан ҳолда назорат олиб бориш фаолиятини кучайтириш, давлат бюджети, иқтисодиёт, пул-кредит сиёсати масалаларида сенаторларга профессионал ва холис ахборот-таҳлилий, экспертлик хизматини ташкил этиш мақсадида Сенат таркибида Давлат бюджети, пул-кредит сиёсати ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларини таҳлил қилиш бошқармаси ташкил қилинди.

Шу қаторда, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияларнинг фаоллигини ошириш мақсадида ЎзЛиДеП, ЎзМТДП, “Адолат” СДП, ЎзХДП ва Экологик партия фракцияларининг сайловолди учрашувларда аҳоли томонидан кўтарилган долзарб масалаларни ҳал этиш бўйича аниқ дастур ва “йўл харита”лари ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.

Вазирлар Маҳкамаси фаолиятида халқ билан мулоқот қилишнинг “қайта алоқа” воситаларини кенг жорий қилиш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Бундан ташқари, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва маҳаллий дастурларга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишиш тартиби жорий қилинди.

Шунингдек, тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош вазири виртуал қабулхонаси ахборот тизими – “business.gov.uz” ягона интерактив порталини моддий-техник жиҳатдан такомиллаштириш бўйича чора тадбирлар белгилаб олинди.

Онлайн давра суҳбати давомида депутат ва сенаторлар ҳам сўзга чиқиб, 2020 йилги Давлат дастурининг биринчи йўналиши бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан маълумотларни тақдим этишди ва бу борада парламент назорати таъминланганлигини таъкидлаб ўтишди.

2020 йилги Давлат дастурининг 5 та йўналиши бўйича маҳаллий ва хорижий экспертлар томонидан билдирилган таклиф ва тавсиялар ваколатли орган ва ташкилотларга тегишли тартибда тақдим этилади.

«Тараққиёт стратегияси» маркази
Ахборот хизмати