• Ўзбек
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ДАВЛАТ ДАСТУРИ ИЖРОСИ: ЭКСПОРТЁРЛАРНИ МОЛИЯВИЙ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ КУЧАЙТИРИЛАДИ


Маълумки, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида сўнгги йилларда республикада экспорт фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг замонавий усуллари жорий этилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистонда халқаро стандартлаштириш ва сертификатлаштириш тизимларини жорий этиш, миллий маҳсулотларни хорижий давлатларда рўйхатдан ўтказиш, халқаро кўргазма-ярмаркаларида иштирок этиш, тақдимотлар ва реклама кампанияларини олиб бориш, анъанавий миллий маҳсулотлар ва брендларни потенциал бозорларда илгари суриш бўйича экспорт қилувчиларга амалий молиявий кўмак бериш механизми яратилди.

Мазкур йўналишдаги саъй-ҳаракатлар жорий йилда ҳам изчил давом эттирилмоқда. Жумладан, “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурининг 112-бандида экспортёрларни молиявий қўллаб-қувватлаш ягона тизимини жорий этиш чораси белгиланган эди. Бу борада қабул қилиниши мўлжалланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатда экспортни олдиндан молиялаштиришга қаратилган Экспорт-кредит агентлигини ташкил қилиш, экспортёрлар учун кредит олишда кафиллик бериш, кредит харажатлари бир қисмини қоплашни Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси зиммасига юклаш ҳамда экспорт қилишда замонавий суғурта хизматларини жорий этиш ва амалда қўллаш масалалари назарда тутилганди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 21 октябрдаги “Экспорт фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони Давлат дастурининг 112-бандида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади.

Фармонга мувофиқ, 2022 йил 1 январга қадар Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан экспорт қилувчиларга, шу жумладан, асосий фаолият тури савдо-воситачилик бўлган экспорт қилувчиларга:

экспортолди молиялаштириш, шу жумладан, айланма маблағлар учун ажратиладиган кредитлар бўйича тижорат банки томонидан белгиланган кредит фоиз ставкаси ва миқдоридан қатъи назар:

миллий валютадаги кредитлар бўйича фоиз харажатларининг 50 фоизигача, бироқ 10 фоиз банддан кўп бўлмаган миқдорда;

чет эл валютасидаги кредитлар бўйича фоиз харажатларининг 50 фоизигача, бироқ 5 фоиз банддан кўп бўлмаган миқдорда компенсациялар тақдим этиш;

тижорат банкларининг экспортолди молиялаштириш, шу жумладан, айланма маблағлари учун бериладиган кредитлари бўйича кредит суммасининг 50 фоизигача, бироқ 8 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда кафиллик бериш;

ижобий кредит тарихига эга бўлса, аввал олган кредитлари бўйича қарздорлиги бўлишидан қатъи назар, экспортолди молиялаштириш, шу жумладан, айланма маблағлар учун қўшимча олинадиган кредитлари бўйича мазкур бандда белгиланган миқдорлар ва шартларда компенсация ва (ёки) кафилликлар тақдим этиш;

тақдим этиладиган кафилликлар бўйича комиссия тўловларини икки бараварга камайтирилган миқдорда ундириш тартиби ўрнатилмоқда.

Шунингдек, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлигига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилмоқда:

тижорат банкларига экспорт билан боғлиқ савдо операциялари ва экспортолди молиялаштириш кредитлари учун молиявий ресурслар ажратиш;

халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари, хорижий банклар ва молия компанияларидан экспортолди молиялаштириш учун маблағлар жалб этиш ишларини ташкиллаштириш.

Фармонга мувофиқ, Агентликка юкланаётган қўшимча вазифаларни амалга ошириш учун унинг ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда ресурс базаси қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантириладиган Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади:

Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан қайтармаслик шарти билан 100 миллион АҚШ доллари;

халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари, хорижий банклар ва хусусий молия компанияларининг қарзлари;

Жамғарма маблағларини тижорат банклари депозитларига белгиланган тартибда жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Мазкур ҳужжатда яна қуйидагилар белгилаб қўйилди:

Ушбу Фармонда назарда тутилган қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 ноябрдаги ПФ–5587-сон Фармони билан тасдиқланган рўйхатдаги хомашё товарларига нисбатан татбиқ этилмайди;

Агентлик томонидан тижорат банкларига экспорт билан боғлиқ савдо операциялари ва экспортолди молиялаштириш кредитлари учун бир марталик молиявий ресурслар 1 миллион АҚШ доллари эквивалентидан ошмаган миқдорда ҳамда бир йилгача муддатга тақдим этилади;

Агентлик томонидан ажратиладиган молиявий ресурслар ҳисобидан берилган кредитни тўлиқ сўндирмаган экспорт қилувчи учун бундай молиявий ресурслар ажратишга йўл қўйилмайди;

тижорат банкларига экспорт билан боғлиқ савдо операциялари ва экспортолди молиялаштириш кредитлари Агентлик томонидан ажратиладиган молиявий ресурслар ҳисобидан молиялаштирилганда, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан компенсациялар тақдим этилмайди.

Фармонга мувофиқ, уч ой муддатда хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда, экспорт қилувчиларнинг ташқи савдо операцияларини молиялаштиришнинг диверсификацияланган воситалари тўплами ишлаб чиқилади ва тижорат банклари амалиётига жорий этилади.

Экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси бир ой муддатда Агентлик томонидан тижорат банкларига экспорт билан боғлиқ савдо операциялари ва экспортолди молиялаштириш кредитлари учун молиявий ресурслар тақдим этиш тартибини тасдиқлайди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати.