• Ўзбек
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

“ЎЗБЕКИСТОН ФУҚАРОЛАРИНИ ТИНГЛАБ”: МАҚСАД – МАҲАЛЛАЛАРНИНГ УМУМИЙ ФАРОВОНЛИГИ


Жорий йилнинг 11 ноябрь куни “Тараққиёт стратегияси” маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ва Жаҳон банки ҳамкорлигида амалга ошириб келинаётган “Ўзбекистон фуқароларини тинглаб” лойиҳаси доирасида маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари орасида ўтказилган сўровнома ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ва БМТТДнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида Ўзбекистонда COVID-19 пандемиясининг иқтисодий ва ижтимоий оқибатларига оид олиб бораётган тадқиқотлар натижаларига бағишланган онлайн-семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда вазирликлар, идоралар, илмий марказлар, институтлар, халқаро ташкилотларнинг 200 нафарга яқин вакиллари ва эксперт-мутахассислар иштирок этди.

Тадбир аввалида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантонавелли сўз олиб, “Ўзбекистон фуқароларини тинглаб” лойиҳаси доирасида ҳамкорликда олиб борилаётган тадқиқотнинг мақсади ва аҳамияти ҳақида иштирокчиларга маълумот беришди.

Таъкидланганидек, “Ўзбекистон фуқароларини тинглаб” лойиҳаси доирасида бугунги мураккаб вазиятдан келиб чиқиб, COVID-19 пандемияси таъсирига қарши тезкор таъсир чораларини кўриш, тегишли сиёсий қарорлар қабул қилишда уларнинг фуқаролар фаровонлигига таъсирини баҳолаш нақадар муҳимлигини ҳисобга олиб, “COVID-19 пандемиясининг иқтисодий ва ижтимоий таъсири” ҳамда “COVID-19 пандемиясининг жамият даражасидаги таъсири хатарини динамик равишда аниқлаш” бўйича техник ҳисоботлар тайёрланди.

Мазкур ҳисоботларда ҳукумат органлари вакилларига чора-тадбирларнинг устуворлик даражасини белгилаш ҳамда кўпроқ эҳтиёжмандларни қўллаб-қувватлашига имкон яратиб бериш мақсадида COVID-19 пандемиясининг фуқаролик йиғинлари даражасидаги таъсири хавфининг омилларини аниқлашдан иборатдир. Жумладан, уларда:

-      Дунёдаги ва Ўзбекистондаги иқтисодий-ижтимоий ҳолат,

-      Кекса ёшдаги ва ногирон аҳоли;

-      Иқтисодий омиллар;

-      Ижтимоий ёрдам ва пул ўтказмалари;

-      Соғлиқни сақлаш;

-      Миграция;

-      Моддий фаровонлик, камбағаллик, ўртача жон бошига кунлик истеъмол каби мавзуларга алоҳида эътибор қаратилган.

Шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ўртасида ўтказилган сўровнома натижалари ҳам юқоридаги мавзунинг мантиқий давоми бўлиб, мазкур тадқиқотда:

-      COVID-19 пандемияси туфайли юзага келаётган умумий муаммолар;

-      Аҳоли саломатлиги ва жамият хавфсизлигини таъминлаш;

-      Меҳнат бозори, бандлик ва иш ўринлари;

-      Озиқ-овқат хавфсизлиги;

-      COVID-19 пандемияси билан боғлиқ ижтимоий ёрдам;

-      Миграция ва бошқа муҳим мавзуларга эътибор қаратилган.

Тадбирда, шунингдек, БМТТДнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Матильда Димовска, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги вакиллари, халқаро ва миллий экспертлар, мутахассислар Ўзбекистонда COVID-19 пандемиясининг иқтисодий ва ижтимоий оқибатлари бўйича олиб борилаётган тадқиқотлар натижалари юзасидан асосий хулосаларни баён этишди.

Эътироф этилганидек, 3670 нафар респондент – яъни маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, уларнинг ўринбосарлари ва мутахассислари ўртасида 2020 йил май-июнь ойларида ўтказилган тадқиқот қатъий карантин шароитида маҳаллаларнинг умумий фаровонлиги, жумладан, айрим тармоқлар, турли ижтимоий гуруҳлар ва айниқса, аёллар учун унинг оқибатларини баҳолашга қаратилган. Тадқиқот давомида маҳаллаларнинг ёрдамга муҳтож аҳолига энг кўп ижтимоий кўмакни самарали етказиб бериш имкониятлари ҳам кўриб чиқилган.

Тадбир давомида, шунингдек, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари вакиллари ўз йўналишларида ушбу соҳада олиб борилаётган чоралар хусусида тақдимот ўтказдилар.

Тадбир қизғин муҳокамалар, баҳс-мунозаралар, таклиф-мулоҳазалар, савол-жавобларга бой бўлди.

 “Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати.