• Ўзбек
  • Давлат дастури 2021
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

СУНЪИЙ ИНТЕЛЛЕКТ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ ҚАЙСИ СОҲАЛАРГА ТАТБИҚ ЭТИЛМОҚДА?


2021 йилнинг 17 февраль куни “Сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори қабул қилинди.

 

Мазкур Қарордан кўзланган мақсад – “Рақамли Ўзбекистон – 2030” Стратегиясига мувофиқ сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш ва уларни мамлакатимизда кенг қўллаш, рақамли маълумотлардан фойдаланиш имкониятини ва уларнинг юқори сифатини таъминлаш, ушбу соҳада малакали кадрлар тайёрлаш учун қулай шарт-шароитлар яратишдир.
 

Шунингдек, ушбу ҳужжат сунъий интеллектни қўллашнинг асосий йўналишлари ва тамойилларини, шунингдек, яқин ва узоқ истиқболда ушбу соҳани комплекс шакллантириш учун шарт-шароитларни белгиловчи Сунъий интеллектни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада, давлат бошқаруви тизимида сунъий интеллект технологияларини ишлаб чиқиш ва улардан фойдаланишда ягона талаблар, жавобгарлик, хавфсизлик ва шаффофликни белгиловчи норматив-ҳуқуқий базани ишлаб чиқиш, аҳоли манфаатлари йўлида давлат хизматлари кўрсатиш сифатини яхшилашни назарда тутади. Ўз навбатида, маълумотларни қайта ишлашда давлат органларининг самарадорлигини ошириш учун сунъий интеллект технологияларидан кенг фойдаланиш, фойдали технологик ечимларни ишлаб чиқиш бўйича фундаментал ва амалий илмий тадқиқотларни ўтказиш ва уларни кейинчалик тижоратлаштиришни рағбатлантирувчи сунъий интеллект соҳасида инновацион ишланмаларнинг маҳаллий экотизимини яратиш каби мақсад-вазифаларни амалга оширилади.
 

Қарорда сунъий интеллект технологияларининг қайси соҳаларда қай тарзда қўлланилиши, бу борада кўзда тутилган вазифалар ҳам тўлиқ ўз аксини топган.
 

Мисол учун, қишлоқ хўжалиги соҳасида: ерни масофадан зондлаш маълумотлари асосида тупроқ ва қишлоқ хўжалиги экинлари ҳолатини, шунингдек, қишлоқ хўжалиги техникаси, шу жумладан, комбайнлар ишини мониторинг қилиш жараёнида сунъий интеллект технологияларини қўллаш кўзда тутилган.
 

Банк соҳасида эса тижорат банклари фаолиятини мониторинг қилиш самарадорлигини ошириш ва улар томонидан тартибга солиш талаблари (SubTech ва RegTech) бажарилишини соддалаштириш, шунингдек, банк хизматлари кўрсатиш сифатини таҳлил қилиш, фойдаланувчиларни масофадан биометрик идентификациялаш (Face-ID) ва кредит таваккалчиликларини баҳолаш учун сунъий интеллект технологияларини қўллаш вазифаси белгиланган.
 

Молия соҳасида эса бюджет харажатлари, пенсия, ижтимоий ва суғурта тўловлари, шунингдек, нафақа тўловларини таҳлил қилиш
ва самарадорлигини ошириш учун сунъий интеллект технологияларини қўллаш назарда тутилмоқда.

 

Солиқ соҳасида юридик шахсларнинг солиқ тушумларини таҳлил қилиш, солиқ тўловларидаги тафовутларни аниқлашда сунъий интеллект технологияларини қўллаш, транспорт соҳасида эса локомотивларни бошқариш жараёнида уларнинг ҳаракатини кузатиб бориш ва хавфли вазиятларда машинистларни огоҳлантиришда, жамоат транспорти ҳаракатини таҳлил қилиш ва уларнинг оптимал йўналишларини аниқлашда, шунингдек, автомобиль ҳаракатини ва транспортдаги тирбандликларни мониторинг қилишда сунъий интеллект технологияларини қўллаш вазифалари белгиланган.
 

Мазкур Қарорда бошқа соҳаларда ҳам сунъий интеллект технологияларидан кенг фойдаланиш бўйича вазифалар ўрин олган.
 

Қарорга мувофиқ, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ҳузуридаги Ахборот-коммуникация технологиялари илмий-инновацион маркази ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети ҳузуридаги Интеллектуал-дастурий тизимлар илмий-амалий маркази негизида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институтини ташкил қилиш юзасидан вазифалар белгиланган.
 

Шунингдек, Қарорда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги марказий аппарати тузилмасида 15 та штат бирлигидан иборат бўлган Сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш ва ривожлантириш департаментини ташкил этиш бўйича вазифалар ҳам ўрин олган.
 

Шу билан бирга, ушбу Қарорда бир ой муддатда пилот лойиҳаларини тезкорлик билан ва самарали амалга ошириш, маҳаллий мутахассисларни ўқитишни ташкил қилиш, шунингдек, мазкур қарорда белгилаб берилган бошқа йўналишларда ҳамкорлик қилиш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифалари ҳам назарда тутилган.
 

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, мазкур Қарор 2020 йилги — “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурининг Иқтисодиётни ривожлантиришнинг устувор йўналишларида белгиланган — “Рақамли иқтисодиёт”ни жадал ривожлантириш, инсон фаолиятининг барча соҳаларига рақамли технологияларни кенг жорий этиш, жумладан соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларига, иқтисодиётнинг реал секторида ишлаб чиқариш ва бошқариш тизимларини автоматлаштириш, ахборот тизимининг яхлитлиги ва барқарор фаолиятини ҳамда ахборот хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ вазифалар ижросини таъминлашга хизмат қилгани билан ҳам аҳамиятлидир.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати.