• Ўзбек
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
СУД-ҲУҚУҚ ТИЗИМИДАГИ СТРАТЕГИК ИСЛОҲОТЛАР ИНСОН МАНФААТЛАРИ УЧУН ХИЗМАТ ҚИЛМОҚДА
16006 | 25 Ноя. 2021 й.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илгари сурилган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегиясида қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш иккинчи устувор йўналиш сифатида белгилангани бежиз эмас. Зеро, давлат ва жамиятни тубдан модернизация қилишда, энг аввало, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, суд мустақиллигини таъминлаш, одил судловга эришиш, қонунийликни мустаҳкамлаш, коррупцияга қарши самарали курашиш муҳим аҳамият касб этади. Ўтган давр мобайнида Ўзбекистонда барча соҳалар қатори суд-ҳуқуқ йўналишида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Маълумки, мустақил ва холис судни талаб қилиш ҳар бир инсоннинг ҳуқуқи ҳисобланади. Бу ҳуқуқ Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларациясининг 10-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси қўшилган бошқа халқаро ҳуқуқ ҳужжатларида белгилаб қўйилган. Фақат мустақил судгина ҳар бир фуқаронинг ишини судда холис ва ошкора кўриш орқали топталган ҳақ-ҳуқуқларни ҳимоя қилиши мумкинлигига ишонч уйғота олади. Бу жиҳатдан Ҳаракатлар стратегияси асосида амалга оширилган ислоҳотлар суд-ҳуқуқ соҳасини демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга замин яратди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган навбатдаги Мурожаатномасида таъкидланганидек[1], сўнгги 4 йил давомида суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ этиш борасида дадил қадамлар қўйилди. Бу йўналишдаги устувор масалалар юзасидан 40 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш борасида стратегик аҳамиятга эга муҳим қадам ташланди.

Жумладан, судлар мустақиллигини таъминлаш мақсадида, Судьялар олий кенгаши ташкил қилинди. Шунингдек, Олий суд ва Олий хўжалик суди бирлаштирилиб, Олий суд фаолияти такомиллаштирилди. Ҳудудлардаги хўжалик судлари иқтисодий судлар сифатида қайта ташкил этилди, 71 та туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судига ишларни биринчи инстанцияда кўриб чиқиш ваколати берилди. Судья лавозимида фаолият юритишнинг илк маротаба беш йиллик, кейин ўн йиллик муддати ва муддатсиз даври белгиланди. Судларнинг ўз молиявий, моддий-техник масалаларини мустақил ҳал қилиш борадаги ваколатлари адлия органларидан олиниб, Олий судга ўтказилди. Суд томонидан жиноят ишини қўшимча терговга қайтариш институти бекор қилинди. Шахснинг жиноят содир этишдаги айбдорлиги фақат суд муҳокамасида ўз исботини топган далилларга асосланиши кераклиги қатъий белгилаб қўйилди. Қийноққа солиш, руҳий, жисмоний босим ўтказиш ва бошқа зўравонлик ҳолатлари қатъиян тақиқланди.

Судда ишларни кўриб чиқишда инсон ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тарафларнинг тортишувчанлик тамойилини рўёбга чиқариш мақсадида жиноят ишлари бўйича судларда дастлабки эшитув институти жорий этилди[2]. Судлар фаолиятининг шаффофлиги, очиқлиги йўлида 10 мингдан ортиқ жиноят иши сайёр суд муҳокамаларида кўриб чиқилди. Эҳтиёт чораси сифатида қамоқда сақлаш ва дастлабки терговнинг энг юқори муддатлари камайтирилди.

Судьяликка номзодларни танлов асосида ишга қабул қилиш механизми жорий этилгани алоҳида эътирофга лойиқ. Илк бор судьялик лавозимига номзодларни танлаш бўйича имтиҳон жараёнларини онлайн ёритиб бориш амалиёти йўлга қўйилди[3]. Шунингдек, судьялик лавозимига биринчи марта тайинланадиган номзодларни кўриб чиқиш муқобиллик асосида амалга ошириладиган бўлди. Албатта, малакали ва етук судьялар корпусини ҳамда суд аппарати ходимларини тайёрлашнинг янги тизими жамиятда суд идораларига бўлган ишончни ошириш, адолат барқарорлиги ва қонун устуворлигини таъминлаш, том маънода судни “Адолат қўрғони”га айлантириш ҳамда одил судловнинг юқори даражага кўтарилишига хизмат қилади.

Шунингдек, инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишлар фақат иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқиладиган бўлди. Прокурорларнинг барча иқтисодий суд мажлисларида иштирок этиш ҳуқуқи бекор қилинди. Энди, бундан буён прокурор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ёки прокурорнинг даъво аризаси билан қўзғатилган ишлардагина иштирок этиши мумкин[4].

Яна бир эътиборга молик жиҳат шундаки, суд ишларини юритишда назорат инстанцияси тугатилди. Суд тизимида ортиқча суд босқичларини бекор қилиш орқали “Бир суд — бир инстанция” тамойили, шунингдек, туманлараро судларнинг қарорларини вилоят судлари томонидан, вилоят судларининг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъати томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш амалиёти йўлга қўйилди.

Айбига иқрорлик бўйича келишув институти жорий қилинди. У мамлакатда жиноят, жиноят-процессуал қонунчилигининг татбиқ этилиши, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ҳимояси юқори поғонага кўтарилишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Шунингдек, Бош прокурор ва ўринбосарларининг суднинг қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқи бекор бўлди. Судья фаолиятининг самарадорлигини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳолашни таъминлайдиган аниқ мезонлар (рейтинг дастури) амалиётга татбиқ этилди. Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш мақсадида тузилган суд инспекцияси, шубҳасиз, судьялар дахлсизлигини таъминлашга хизмат қилади. Давлат айбловчиси айбловдан воз кечган тақдирда, реабилитация асосларига кўра, жиноят иши тугатиладиган бўлди[5].

Бугун мамлакатнинг суд тизимида гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги мавқеини ошириш, айниқса, аёл судьяларни қўллаб-қувватлаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2019 йилда 149 аёл судья фаолият юритган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 157 тани ташкил этди. 2021 йилнинг I чорагида мамлакатда жами 1214 нафар судьядан 1053 нафари эркак бўлиб, аёл судьялар 161 та, яъни 15,3% ни ташкил этди. Шунингдек, бугунда олий судда фаолият юритиб келаётган жами 63 судьядан 15 нафари аёл судьядир (31,25%).

Ўзбекистон тарихида илк маротаба давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг қарорлари ҳамда ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш борасида тизим йўлга қўйилди. Конституциявий ҳуқуқни амалда таъминлаш мақсадида яратилган ушбу тизим қисқа муддатда ўз натижасини бера бошлади. Мисол учун, 2019 ва 2020 йиллар мобайнида маъмурий судлар томонидан 31 321 та ариза кўрилиб, шундан 21 272 таси ёки салкам 67,9% и қаноатлантирилган. Жумладан, ҳокимларнинг 2852 та қарори ноқонуний деб топилиб, фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

Taraqqiyot strategiyasi markazi[11] 

Ўтган 4 йил мобайнида 2770 нафар, 2020 йилда 781 кишига нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди, 3434 нафар шахс суд залидан озод қилиниб, 5958 фуқарога нисбатан асоссиз қўйилган моддалар айбловлардан чиқарилди ёки ўзгартирилди. Бу, шубҳасиз, суд-ҳуқуқ соҳасида эришилган улкан ютуқлардан биридир.

[12] 

Таъкидлаш жоизки, узоқ йиллар мамлакат учун тамға бўлиб келган “Жаслиқ” жазони ижро этиш колонияси тугатилди. Ушбу муассасанинг ёпилиши мамлакат сиёсий ҳаёти ва жаҳон ҳамжамияти олдида жуда катта воқеа бўлди. Шунингдек, озодликдан маҳрум қилиш жойларида сақланаётган маҳкумлар сонининг 2,5 баробарга камайиши инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида муҳим қадамдир.

 

Божхона ислоҳотлари жадал кечмоқда
 

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида жисмоний шахслар учун божхона ҳудудига кириб келиш ва уни тарк этиш бўйича “яшил” ва “қизил” йўлак тизими амалиёти йўлга қўйилганини қайд этиш жоиз. “Яшил йўлак” жорий этилмасдан олдин Ўзбекистон Республикасига кириб келишда йўловчи божхона назоратидан ўтиш учун ўртача 2 соатгача вақт сарфлаган бўлса, эндиликда ўртача 30 дақиқадан 1 соатгача вақт ичида чегара ва божхона назоратини тарк этмоқда.
 

Прописка тизимини ислоҳ қилиш — тарихий қадам
 

Ислоҳотлар самараси ўлароқ, узоқ йиллар давомида аҳоли учун оғриқли масала бўлиб келган “прописка” тизими тубдан ислоҳ этилди[6]. Хусусан, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича муҳим қадамлар ташланди. Фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини бериш, уларнинг ўз сиёсий ҳуқуқларидан тўлиқ фойдаланишлари, сайлов жараёнларида мамлакат фуқароси сифатида иштирок этишларини таъминлаш мақсадида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Қонуни[7] қабул қилинди. Натижада, мамлакат ҳудудида доимий истиқомат қиладиган фуқаролиги бўлмаган 50 мингга яқин шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиши белгиланди. Бу борадаги масалаларни кўриб чиқишда идоралараро электрон ҳамкорлик механизмларига амал қилиш белгилаб қўйилди[8].

Шунингдек, халққа қулайлик яратиш йўлида фуқароларни доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш “ягона дарча” тамойили асосида Ички ишлар вазирлигининг “Манзил” дастури орқали амалга оширилиши йўлга қўйилди. Яна паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига рўйхатга олиш штампини босиш амалиёти ҳам бекор қилинди.
 

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш — бош мақсад
 

Таъкидлаш жоизки, инсонийлик нуқтаи назаридан, вояга етмаган маҳкумларнинг яқинлари билан учрашиш ҳуқуқига нисбатан бўлган чекловлар бекор қилинди. Маҳкума аёлларнинг ўз фарзандлари билан учрашишининг алоҳида тартиби белгиланди ва маҳкумларнинг учрашувлари ҳамда телефон орқали мулоқотлари сони кўпайтирилди.

2020 йилнинг октябрь ойида миллий давлатчилик тарихида илк бор Ўзбекистон БМТнинг асосий органларидан бири — Инсон ҳуқуқлари кенгашига аъзо этиб сайланди. Бу мамлакатда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари таъминланаётганининг халқаро эътирофидир. АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни диний эркинлик бўйича “Махсус кузатувдаги давлатлар рўйхати” (“Special Watch List”)дан чиқарилганини эълон қилди. Бундай натижага эришиш йўлида Ўзбекистон экстремизмга қарши курашиш чора-тадбирларини амалга оширишдаги ёндашувларни концептуал жиҳатдан қайта кўриб чиқди. Жумладан, 20 минг нафардан зиёд фуқаро “махсус рўйхатлар”дан чиқарилди.

Давлат раҳбари томонидан афв этиш тизимининг йўлга қўйилгани ва изчил тарзда давом эттирилаётгани мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар инсонпарварлик тамойилларига тўлиқ мос эканига далилдир. Жумладан, 2017–2020 йилларда жазо муддатини ўтаётган 5 мингга яқин маҳкумга нисбатан афв этиш актлари қўлланилди. Ушбу давр ичида хулқи ижобий таснифланган 67,4 минг маҳкумга нисбатан енгил чоралар қўлланилди. Хусусан, бу борада 2020 йил давомида Президент томонидан 5 та тегишли фармон имзоланди. Натижада, 616 нафар маҳкум афв этилди[9]. Афв этилган шахсларнинг 274 нафари жазони ўташ муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди, 237 та шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди, 76 нафарига тайинланган жазо енгилроғи билан алмаштирилди. Афв этилганларнинг 87 нафарини аёллар, 29 тасини чет эл фуқаролари, 290 нафарини тақиқланган ташкилотлар иштирокчилари ташкил этди.
 

Коррупцияга қарши курашиш — бугунги кун талаби
 

Жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш борасида Ўзбекистонда илк бор “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун[10] қабул қилинди. Қонунга мувофиқ, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди, коррупцияга қарши курашиш институционал ва тизимли равишда амалга оширилиши белгиланди. Агентликнинг асосий вазифаларидан бири коррупция юқори бўлган соҳаларни чуқур таҳлил қилиш ва коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаб, шарт-шароитларини бартараф этиш ҳисобланади. Агентлик ҳар йили оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилиниши лозим бўлган Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги Миллий маърузани шакллантиради. Коррупцияга оид жиноятлар оқибатида жамият ва давлат манфаатларига етказилган зарар тўлиқ қопланишига эришиш устидан назоратни амалга оширади[11].
 

Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ўрни ва нуфузи
 

Шу ўринда, Президент Ш. Мирзиёевнинг “Адолат — бу давлатчиликнинг мустаҳкам пойдеворидир”, деган сўзларини эслаб ўтиш мақсадга мувофиқ. Зеро, бугун мамлакатда олиб борилаётган барча соҳалардаги ислоҳотлар, демократик ўзгаришлар ортга қайтмайдиган тарзда тус олмоқда. Буни, ўз навбатида, халқаро ҳамжамият ҳам эътироф этмоқда.

Хусусан, Ҳуқуқ устуворлиги индекси (The Rule of Law index) кўрсаткичларига кўра, Ўзбекистон 2019 йилда 128 давлат ичидан 94-ўринни, 2020 йилда эса 92-ўринни эгаллади.

“Тартиб ва хавфсизлик” кўрсаткичи бўйича эса Ўзбекистон энг яхши натижани қайд этиб, Канада, БАА, Венгрия билан бир қаторда 9-ўриндан жой олди.

Шунингдек, 2020 йилда эълон қилинган Transparency International халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан 2019 йил бўйича Коррупцияни қабул қилиш индексида Ўзбекистон 180 та давлат орасида 25 балл билан 153-ўринни эгаллаб, 5 поғонага кўтарилган. 2018 йилда эса бу кўрсаткич 23 балл билан 158-ўринни ташкил этди.

Кўриниб турибдики, Янги Ўзбекистонда ислоҳотларнинг долзарб бўғини бўлган қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилиш борасида стратегик қадамлар ташланмоқда. Шубҳасиз, бу туб ўзгаришлар халқ манфаатлари йўлида олиб борилаётган амалий ишларнинг ифодасидир.


37
Похожие новости