• Ўзбек
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Қонун устуворлигини такомиллаштириш йўлида фуқаролик жамияти билан мулоқот


Бугун Олий суд, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, «Тараққиёт стратегияси» маркази ва «Юксалиш» УМҲ ҳамкорлигида “Қонун устуворлигини такомиллаштириш йўлида фуқаролик жамияти билан мулоқот” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

Олий суд судялари, Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори офиси, профессор-ўқитувчилари, фуқаролик жамияти институтлари ва ОАВ вакиллари иштирок этган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталарига Мурожаатномасида кўзда тутилган стратегик вазифаларни амалга ошириш юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов тадбир иштирокчиларини инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия концепцияси билан батафсил таништириб ўтди. Олдимизда одил судлов ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳаларида амалга оширилиши лозим бўлган ҳали кўплаб вазифалар турганига барчани эътиборини қаратди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Бахтиёр Исаков давра суҳбати иштирокчиларини қутлар экан, мустақил суд тизимини шакллантиришнинг энг муҳим омили, бу, ҳақиқий демократиянинг асосий таянчи ва қонун устуворлигини мустаҳкамловчи фуқаролик жамиятининг мавжудлиги эканини таъкидлади. Шу нуқтаи назардан, у фуқаролик жамияти институтлари билан конструктив мулоқотни кучайтириш зарурлигини алоҳида эътироф этди.

Жамоатчилик назорати одил судловни таъминлашнинг асосий омили эканини таъкидлар экан «Тараққиёт стратегияси» маркази Ижрочи директори Элдор Туляков давлатимиз раҳбарининг «қонунчиликни такомиллаштириш жараёнида биз янги қонунларни қабул қилиш фактига эмас, балки янги қонунлар одамларга қандай фойда келтириши, уларнинг ҳаётини қандай осонлаштириши ҳақида қайғуришимиз керак» деган сўзларини яна бир бор ёдга солди. “Таъкидлаш лозимки, 2020 йилга ном берилгани ҳам илм, маърифатни ҳам иқтисодиётни ривожлантиришимиз албатта олдимизга қўйган мақсадлар ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга бевосита хизмат қиладиган давлат дастури қабул қилиниш арафасида. Биз илм, маърифатни ривожлантирсак, эртага фуқароларимиз бу орқали қандай ҳуқуқи борлиги, давлат органлари билан қайси даражада, қанақа муомала ва муносабатга киришиш керак эканини англаган ҳолда ўз ҳуқуқларини бузилишини олдини олади. Яъни фуқароларимиз ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишига замин яратган бўламиз. Керак бўлса, ўз вақтида чоралар кўрилишини таъминлашга эришамиз” – деди Элдор Туляков.

Давра суҳбатининг асосий қисми муҳокамаларга бағишланди. Хусусан, унда судьяларнинг қарор қабул қилишида дахлсизлигини таъминлаш, суд жараёнларининг ўз вақтида ўтказилишини назорат қилиш, суд жараёнлари ҳаражатлари қимматлиги ва уларни қайта кўриб чиқиш лозимлиги, шунингдек, жамоатчилик назорати ва ОАВ вакилларининг суд мажлисларида бевосита иштирок этишини бутун республика бўйича бир хилда таъминлаш каби масалалар муҳокамалар марказида бўлди.

Тадбир иштирокчиларининг суд жараёнлари ўз вақтида бошланмаслигига оид саволларига республика бўйича 20 фоиздан ортиқ судья лавозимлари вакант экани, қолаверса, кўриладиган ишлар жуда кўплиги ва суд мажлислари давомийлиги судьяларга бевосита боғлиқ бўлмаган ҳолат экани сабаб қилиб кўрсатилди.

Тадбир қатнашчилари бу каби тадбирлар ўтказилиши муҳим аҳамият касб этиши ва бир давра атрофида давлат органлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари йиғилиб фикр алмашиши кўплаб муаммоларни ҳал этишда ўзига хос майдон вазифасини ўташини таъкидлашди.

«Тараққиёт стратегияси» маркази Ахборот хизмати