
Президентимиз “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармонни имзолади.
Унга кўра, парламентимиз, хусусан, Олий Мажлис Сенати зиммасига ҳам улкан вазифалар юклатилмоқда.
Жумладан, 2020 йил 1 августдан бошлаб Сенатда Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчилари ҳисоботини эшитиш, шунингдек, Сенат кенгаши ва қўмиталарининг сайёр мажлисларини ўтказиш тизими йўлга қўйилади.
Бугун жамиятимизда янгиланиш йўлида олиб борилаётган ислоҳотларда жамоатчилик ўрни алоҳида аҳамият касб этади. Сенаторлар ва депутатларнинг халқ вакиллари сифатида янада ташаббускор бўлишлари лозим. Бу борада “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” деган янги ғоя кундалик ҳаётимизга кириб бориши назарда тутилмоқда. Хорижий давлатлардаги элчилар ҳисоботини эшитиш, халқаро экспертлар ва соҳанинг етакчи мутахассислари иштирокида муҳокама этилган мавзулар, асосан, шу йўналишларга қаратилади.
Бунинг замирида жуда катта масъулият ётади. Сенаторлардан ҳудудларни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор билан ёндашув талаб этилмоқда. Шу билан бирга, миллий иқтисодиётимиз ривожини таъминлаш масалаларида парламент ролини янада мустаҳкамлаш, халқаро парламентар тузилмалар билан ҳамкорликни кучайтириш юқори палатанинг асосий фаолият йўналишларидан биридир.
Хорижий давлатлардаги элчиларимиз олий даражада эришилган келишувларнинг самарали ижросини, яъни тўғридан-тўғри инвестицияларнинг ўз ўрнида, муваффақиятли кириб боришини таъминлаш юзасидан ҳисобот берадилар.
Ўз навбатида, давлат дастурига мувофиқ, 2020 йил давомида юқори палатанинг халқаро ташкилотлар билан ҳам алоқалари тобора ривожлантирилади. Мамлакатимизда БМТнинг 17 та барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш юзасидан қатъий парламент назорати ўрнатилади ва Ҳукумат аъзоларининг ушбу масала бўйича тегишли ҳисоботларини эшитиш амалиёти жорий этилади.
Равшанбек АЛИМОВ,
Олий Мажлис Сенатининг
Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий
алоқалар, хорижий инвестициялар
ва туризм масалалари қўмитаси раиси