"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
Отабек Назиров: Умидли реалист бўлиш керак
198 | 18 Мар. 2020 y.


Ўзбекистонда фонд биржасининг 25 йилдан бери фаолият юритиб келаётганига қарамай, бугунги кунда республикада фонд бозорининг ривожланиши дастлабки босқичда деса ҳам бўлади. Фонд биржаси ушбу давр мобайнида Давлат рақобат қўмитасининг аукцион майдончаси, яъни аксарият ҳолларда давлат мулкига қарашли корхона ва ташкилотларнинг хусусийлаштириш механизми ролини бажариб келган. Шунингдек, мазкур биржа фаолиятини тартибга солиш бевосита Давлат рақобат қўмитаси томонидан амалга оширилган. Фонд биржасида инвестор ва акциялар сотувчи ўртасидаги битим давомида юзага келадиган низолар Давлат рақобат қўмитасида қошида ташкил этилган махсус марказ ёки комиссия томонидан кўриб чиқилган.

Ўзбекистон Президентининг ўтган йили январь ойида қабул қилган фармонига кўра Давлат рақобат қўмитаси ўрнида учта янги ташкилот – Давлат активларини бошқариш агентлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитасини ва Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги тузилди. Хусусан, Капитал бозорини ривожлантириш агентлигининг асосий вазифалари қаторида қуйидагилар белгиланди:

– қимматли қоғозлар бозорини шакллантириш, ривожлантириш, тартибга солиш ва корпоратив бошқарув соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;

– иккиламчи қимматли қоғозлар бозорини жадал ривожлантириш ва унинг кўламини кенгайтириш, корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш;

– қимматли қоғозлар амалиёти билан шуғулланувчи инвесторлар ҳамда қимматли қоғозлар эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш ва бошқа вазифалар.

UzAnalytics мухбири Капитал бозорини ривожлантириш агентлигининг директори Отабек Назиров билан Ўзбекистон фонд бозорига маҳаллий ва хорижий инвесторларни жалб қилишда асосий муаммолар, бу борада амалга оширилган ишлар ва яқин ўн йилликда ривожланиш прогнозлари ҳақида суҳбатлашди.

– Капитал бозорини ривожлантириш, шу жумладан қимматли қоғозлар бозорини шакллантириш мақсадида тузилган мустақил Агентлик ташкил қилинганидан бери бу соҳада ўзгаришлар борми?

– Ўтган давр мобайнида мутахассисларимиз комплекс равишда бозор конъюнктурасини ўрганиб, таҳлил қилдилар. Яъни, унинг айни пайтдаги ҳолати, ривожланишга тўсиқ бўлаётган муаммолар аниқланди. Ушбу таҳлил натижаларидан келиб чиққан ҳолда, капитал бозорини ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилди. Агентлик уни ишлаб чиқишда Буюк Британия, Франция, Гонконг, АҚШ каби мамлакатлар капитал бозорини ривожлантиришда катта тажрибага эга нуфузли халқаро экспертлар гуруҳи билан бевосита ҳамкорлик қилди. Бундан ташқари, мазкур стратегияни ишлаб чиқишда Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Осиё тараққиёт банки катта ёрдам беришди. Ушбу ҳужжат айни пайтда тегишли идора ва вазирликлар билан келишиш учун тақдим қилинган ва у кўриб чиқилиш жараёнида. Келишув ва кўриб чиқиш жараёни якунлангач, капитал бозорини ривожлантириш стратегияси такомиллаштирилиб, фармон кўринишида имзолаш учун Президентга тақдим қилинади. Ҳужжатда амалга оширилиши лозим бўлган комплекс чора-тадбирлар, вазифалар ўз ифодасини топган. Ўзбекистон капитал бозорини барча тармоқларини ривожлантириш борасида муҳим йўналишлар белгилаб берилган.

– Сўнгги бир неча йилда республикада фаолият юритаётган қайси компаниялар қимматли қоғозлар бозорига чиқиб кенг доирадаги инвесторларга ўз акцияларини таклиф қилишди? Бу борада муваффақиятли мисоллар борми?

– Агар мавжуд фактларга таяниб гапирадиган бўлсак, бундай компаниялар кўп эмас. Масалан, “Кварц” акциядорлик жамияти IPO (Initial Public Offering) ва SPO (Secondary Public Offering) бўйича иккита битимни амалга оширди. 2018 йилда “Қўқон механика заводи” акциядорлик жамияти акциялари фонд бозорида жойлаштирилган бўлса, шу кунларда “Жиззах пластмасса заводи” акцияларининг жойлаштирилув жараёни давом этмоқда. Шуни қайд қилиш жоизки, фонд бозорида жойлаштирилган акциялар сони ва суммаси биз кутганчалик катта эмас. Бундан ташқари, операцияларни амалга ошириш механизми бозор талабларидан бир мунча узоқ. Хусусан, юқорида келтирилган мисолларда ҳар бир инвесторга нисбатан қимматли қоғозларни сотиб олишда муайян чекловлар ўрнатилган эди. Демак, бу борадаги ишларимизни ҳали такомиллаштиришимиз лозим. Қимматли қоғозларни фонд бозорига муваффақиятли олиб чиқиш учун у ерда инвестицион воситачилар ишлаши зарур. Бугунги кунда IPO жараёнини тартибга солиши керак бўлган мавжуд ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар инвестицион воситачиларга кўзда тутилган натижаларга эришиш имконини бермайди. Биз кимматли қоғозларни фонд бозорида оммавий жойлаштирув жараёнини ўтказиш тартибига буткул ўзгартиришлар киритиш орқали керакли натижаларга эришишимиз мумкин. Афсуски, ҳозирча бу борада ютуқларимиз билан мақтана олмаймиз. Республика фонд бозорида қимматли қоғозлардан ташқари банкларнинг корпоратив облигациялари жойлаштирилуви ҳам амалга оширилмоқда. Мисол учун, ўтган йилнинг ёз ойларида “Азия альянс” банк облигациялари муваффақиятли жойлаштирилди. Ҳозирги кунда ҳудди шундай корпоратив облигацияларни жойлаштириш жараёни билан “Ўзсаноатқурилишбанк” шуғулланмоқда.

– Ўтган йилнинг июнь ойида Марказий банк республика аҳолисининг жамғармалари тўғрисида аноним сўров ўтказди. Сўров натижаларига Ўзбекистон Марказий банки ўз баҳосини берди – аҳолининг жамғармалари $10 млрд. миқдорида баҳоланмоқда. Ушбу маблағларни фонд бозорига жалб қилишни имкони борми? Ушбу омонатларни фонд бозорига жалб қилишда қандай тўсиқлар ва муаммолар мавжуд?

– Бу борада муаммолар кўп. Ушбу жамғармаларни ҳозирги кунда фонд бозорига жалб қилишни деярли иложи йўқ, деб ўйлайман. Капитал бозори қандай шаклланиши лозим, бунга қарши омиллар нимадан иборат, деган мазмунда мониторинг ўтказган эдик. Мониторинг натижалари ҳақида гапирадиган бўлсам, биринчидан, қимматли қоғозларга эгалик қилувчилар орасида ишончнинг мавжуд эмаслиги. Бундан ташқари, мамлакатимиз фонд бозорида қимматли қоғозларнинг қиймати ошмайди. Аксарият ҳолларда улар ўзининг номинал қийматидан ҳам паст баҳода сотилади. Иккинчидан, кўплаб акциядорларга дивидендлар ўз вақтида тўланмайди. Бу борада ўтган йили Агентликка 700 дан ортиқ шикоят келиб тушди ва уларнинг 500 га яқини айнан дивиденд тўланмаётгани ҳақида.

Банк бозори ва капитал бозори ўзаро чамбарчас боғлиқ. Банк бозори пул қийматининг барометри саналади. Агар аҳоли жамғармалари банк секторига инвестиция сифатида жалб қилинса, яъни маълум бир фуқаро ўз жамғармаларини тижорат банкларида депозит шаклида жойлаштирса, у йиллик 24 фоизгача бўлган миқдорда даромад олади. Бундан ташқари, жисмоний шахсларнинг банк депозитлари давлат томонидан кафолатланади. Қимматли қоғозлардан олинадиган даромадлар эса, биринчидан, олдиндан номаълум (даромад миқдори), иккинчидан, бундай даромадлар кафолатланмайди. Шу боис, қимматли қоғозларга инвестициялар бўлажак даромадлардаги ноаниқликлар ва “кафолатсизлик”ни қоплаш учун даромад кўрсаткичи банк депозит ставкаларидан юқори бўлиши лозим. Облигациялар ҳам даромадлилик нуқтаи назаридан банк депозит ставкаларига нисбатан жозибадорроқ бўлиши керак. Бундай даромадлар қимматли қоғозлар орқали таъминланиши учун ўз акцияларини фонд бозорида жойлаштирган компанияларнинг рентабеллиги ҳам анча юқори бўлиши керак. Бугунги кунда мамлакатимизда фаолият юритадиган корхоналар орасида бундай компаниялар жуда кам. Ўз акцияларини фонд бозорида жойлаштириш орқали маблағларни жалб қилмоқчи бўлаётган корхоналарга бу борада ҳозирча осон эмас, албатта.

Бундан ташқари, мамлакат иқтисодиётида “долларлашиш” кўлами кенгаймоқда. Аҳоли ва бизнес вакиллари орасида сўмнинг хорижий валюталарга нисбатан курси борасида ноаниқликлар кўп. Яқин келажакда доллар/сўм курсининг тахминан қанчага ошиши ҳақида ҳеч ким тасаввурга эга эмас. Ваҳоланки, Ўзбекистон фонд бозорида қимматли қоғозлар сўмда баҳоланади. Шу боис, акцияларни сўмда сотиб олаётган шахс доллар/сўм курсининг келажакда юқори даражада ўсиш эҳтимолини ҳисобга олиши керак бўлади. Мамлакатимизда аҳоли сўмни беқарор ёки бошқача қилиб айтганда “кучсиз” валюта сифатида кўради, унга ишонч кам, деярли йўқ. Шунинг учун, мамлакат фонд бозорининг ривожланиши миллий валюта курсининг (хорижий валюталарга нисбатан) барқарорлиги билан бевосита боғлиқ.

Ҳуқуқий-меъёрий базага келсак, бизда “Акциядорлик жамиятлари тўғрисида”, “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги қонунлар мавжуд. Аммо, бевосита ҳаракат механизмларини акс эттирган ҳужжатларимиз йўқ. Бугунги кунда қонунлар, қонуности ҳужжатлари акциядор корхоналар ва акция эгалари ўртасидаги ўзаро муносабатларни тартибга солиб туриш учун етарли эмас. Шунинг учун қимматли қоғозлар бозоридаги муносабатларни тартибга солувчи барча қонунчилик ҳужжатларини ягона Қонунга жамлашимиз керак. Токи ушбу муносабатларга ҳеч қандай меъёр ва қонуности ҳужжатлари монелик қилмасин.

Яна бир масала, миноритар акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратиш ҳам ўта муҳим масала, деб ҳисоблайман. Шу жумладан, миноритар акциядорлар ва давлат органлари ўртасидаги муносабатларида ҳам. Аксарият ҳолларда, давлат органлари асосий акциядор бўлган компанияларда муайян қарорлар қабул қилинганда (давлат органлари томонидан) миноритар акциядорлар ҳуқуқининг бузилиши кузатилади. Мазкур қарорлар миноритар акциядорлар билан тегишли равишда келишилмайди ёки миноритар акциядорларга “дўстона” бўлмаган қонун-қоидалар доирасида ҳал қилинади. Бундай ҳолларда тартибга солувчи орган айбдорларга нисбатан тегишли чоралар кўриши, санкциялар қўллаши лозим. Бунинг учун суд тизими ҳам мустақил бўлиши лозим.

– Ўзбекистоннинг қимматли қоғозлар бозорига хорижий инвесторлар (хорижий инвестиция компаниялари ва фондлари) томонидан қизиқиш борми? Уларни республика капитал бозорига жалб қилишда қандай муаммолар мавжуд?

– Агар бу саволга мамлакатимиз иқтисодиётининг фундаментал кўрсаткичлари нуқтаи назаридан ёндашадиган бўлсак, хорижий инвесторлар томонидан Ўзбекистон капитал бозорига қизиқиш юқори. Сабаби, мамлакатнинг ресурс базаси ва мавжуд салоҳияти иқтисодиётнинг юқори суръатларда ўсишини таъминлаш учун етарли даражада, деб ўйлайман. Ресурслар ва салоҳият деганда, мен республиканинг мавжуд табиий бойликлари, меҳнат ресурслари, илмий-техник потенциали, ишлаб чиқариш базаси, ички бозорда кўп тармоқларда рақобатнинг пастлиги, иқлим шароитлари ва бошқа омилларни назарда тутяпман.

Хорижий инвесторларни республикамиз капитал бозорига жалб қилишга келсак, авваламбор, юқорида айтиб ўтилган муаммолар бу саволга бевосита тегишлидир. Бундан ташқари, уларни мамлакат фонд бозорига жалб қилиш учун қонун-қоидаларимиз нисбатан содда, тушунарли ва шаффоф бўлиши лозим. Шунинг учун биз ҳозир Тошкентда халқаро молия марказини барпо этиш концепциясини ишлаб чиқяпмиз. Бу экстроҳудудий форматда шакллантирилган ва алоҳида юрисдикцияга эга субъект кўринишида бўлади. Бу дегани, мазкур марказ ҳудудида хорижий инвесторларга тушунарли бўлган қонун-қоидалар қўлланилади. Бунинг учун халқаро амалиётда қўлланиладиган ҳуқуқий меъёрлар Ўзбекистон шароитига мослаштирилади.

– Жаҳон амалиётидан келиб чиққан ҳолда, ҳар қандай мамлакатнинг фонд бозорида давлат энг ишончли эмитент бўлиб, маҳаллий ва хорижий инвесторлар учун давлат облигациялари мавжуд рисклар нуқтаи назаридан энг ишончли қимматли қоғозлар ҳисобланади. Ўзбекистонда давлат облигациялари бозори қандай ривожланмоқда? Маҳаллий ва хорижий инвесторларни фонд бозорининг ушбу сегментига жалб қилишнинг истиқболлари қандай?

– Бу борада ҳозирги кунда фонд бозорининг ушбу сегментини ривожланишига катта таъсир кўрсатадиган иккита асосий омилни келтириб ўтмоқчиман. Биринчиси, бу капитал бозорини айрим сегментларини умумий қонун-қоидалардан ташқари махсус меъёрий ҳужжатлар орқали тартиблаш амалиётидир. Ҳозирги кунда бундай ҳолат айнан давлат облигациялари сегментида кузатилади. 2018 йилнинг охирида ҳукумат қарорига кўра давлат облигацияларини чиқариш ва тасарруф этиш “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги Қонунга биноан эмас, Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра амалга ошириладиган бўлди. Ушбу қарорга кўра, давлат облигациялари чиқариш ва тасарруф этиш Марказий банк ва Молия вазирлиги томонидан тартибланади. Мен учун тушунарсиз ҳол шундан иборатки, мазкур ҳужжатда жисмоний шахслар ва чет эллик инвесторлар учун давлат облигацияларини сотиб олишда муайян чекловлар белгиланган. Шундай қилиб, ҳозирги кунда давлат облигациялари бозоридаги асосий иштирокчилари (сотиб олувчилар) давлат ва тижорат банкларидан иборат.

Иккинчиси, бу давлат облигациялар даромадлилигининг бугунги кундаги пул қийматидан паст даражада эканлиги. Ушбу облигациялар бўйича жорий ставкалар 12 фоиздан иборат. Марказий банкнинг бугунги кундаги қайта молиялаш ставкаси 16 фоизлигини ҳисобга олсак, республика банклари давлат облигацияларини сотиб олиш, яъни ушбу қимматли қоғозларга сармоя киритиш қанчалик мақсадга мувофиқ, деган савол туғилиши мумкин. Ундан кўра, банклар учун даромадлилик нуқтаи назаридан аҳоли ва бизнесга 17-25 фоизда кредит бериб, деярли бир ярим ёки икки баробар кўпроқ даромад олиш афзал эмасми? Гап шундаки, ҳар бир тижорат банки муайян миқдордаги маблағни Марказий банкда мажбурий резерв сифатида ушлаб туриши лозим. Бу Марказий банкда ҳар бир тижорат банки номига очилган коррҳисобга ушбу маблағни жойлаштириб, доимо унинг муайян миқдорини (Марказий банк томонидан белгиланган) таъминлаш билан амалга оширилади. Бу жаҳонда кенг тарқалган, дунё мамлакатларининг банк тизимида қўлланиладиган амалиёт ҳисобланади. Бундан кўзланган асосий мақсадлар – мамлакат иқтисодиётида пул миқдорини ва тижорат банкларнинг операциялари билан боғлиқ рискларни тартиблаш ҳамда аҳолининг банкларда сақлайдиган маблағлари хавфсизлигини таъминлашдир. Одатда тижорат банклари мажбурий резервда ушлаб турган маблағларига жуда кам фоиз ставкаларида даромад олишади. Ўзбекистон мисолига келсак, агар республика банклари давлат облигацияларини сотиб олишса, яъни ушбу қимматли қоғозларга сармоя киритишса, бу маблағлар мажбурий резервга жойлаштирилган нақд пул сифатида қабул қилинади. Бошқача қилиб айтганда, мамлакатимиз тижорат банклари Марказий банкда очилган коррҳисобда мажбурий резерв сифатида нақд пул ушлаб туриш ўрнига давлат облигациялари сотиб олишлари мумкин. Бу механизм республика Марказий банки ва Молия вазирлиги томонидан киритилган. Мазкур коррҳисобларда нақд пул ушлаб туриш жуда кам фоиз ставкаларида даромад келтиришини ҳисобга олсак, табиийки, тижорат банклари учун бу механизмнинг афзаллик томонлари яққол кўриниб турибди. Бу амалиёт мамлакат фонд бозорини “нотуғри” шаклда ёки услубда ишлашига олиб келмоқда.

Жаҳон амалиётидан келиб чиқсак, фонд бозори таркибида давлат облигациялари (давлат томонидан чиқарилган қимматли қоғозлар) бошқа турдаги қимматли қоғозлар учун пойдевор вазифасини ўтайди. Давлат облигацияларининг даромад ставкалари ўз навбатида хавфсиз (рисксиз) инвестициялар баҳосини кўрсатади. Агар биз давлат қимматли қоғозлари бозори ликвидлилигини ва барча турдаги инвесторлар учун очиқлигини таъминлаб беролмас эканмиз, бошқа муваффақиятлар ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Бошқача қилиб айтганда, агар биз давлат қимматли қоғозларини ликвидли иккиламчи бозорга олиб чиқолмасак, маҳаллий фуқароларга ва хорижий инвесторларга тўғри бозор нархларида эркин савдо қилиш имкониятини яратиб беролмасак, биз ҳақиқий бозор механизмларига асосланган капитал бозорини ярата олмаймиз.

– Яқин 10-15 йил ичида Ўзбекистонда капитал бозорини ривожланиши бўйича сизнинг прогнозларингиз

– Бу борада менда икки ҳил прогноз мавжуд. Биринчиси – барқарор, яъни вазият деярли ҳозиргидек бўлиб қолаверади, ривожланиш эса ҳозирги суръатларда давом этади, айтарли катта ўзгаришлар бўлмайди. Иккинчиси – оптимистик прогноз, агар биз таклиф қилган стратегиядаги ўзгаришлар қабул қилинса (Президент фармони шаклида) ва ушбу стратегияни амалга ошира олсак, умид қиламанки, мазкур сценарий бўйича биз фонд бозорига қимматли қоғозлар чиқарилиш ҳажмини ЯИМнинг 10 фоизга тенг миқдоригача оширишга муваффақ бўламиз. Бу миқдор давлат, корпоратив қимматли қоғозларини чиқариш, хусусийлаштириш ва хорижий сармояларни жалб қилишни қўшиб ҳисоблаганда тахминан 60 триллион сўмни ташкил қилади.

UzAnalytics сайти таҳририяти Отабек Назировга мазкур интервью учун ўз миннатдорчилигини билдиради ва муваффақият тилайди.

Манба: uzanalytics.com


0
Похожие новости