"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
Иқтисодий эркинлик индекси – 2020” да Ўзбекистон 26 поғона кўтарилди
142 | 22 Мар. 2020 y.

Ўзбекистон бир йил давомида Иқтисодий эркинлик индексида 26 поғона юқорилаб, 186 давлат орасида 114-ўринни эгаллади. “Мерос” (Heritage Foundation) жамғармаси томонидан “The Wall Street Journal” билан ҳамкорликда тузиладиган мазкур рейтинг 1995 йилдан буён эълон қилиб келинади.

Рейтингни ишлаб чиқишда таҳлилчилар 12 омил — эгалик ҳуқуқи, суд самарадорлиги, ҳукумат жипслиги, солиқ юкламаси, давлат сарф-харажатлари, фискал сиёсат, тадбиркорлик эркинлиги, меҳнат эркинлиги, монетар эркинлик, савдо эркинлиги, инвестициявий эркинлик, молиявий эркинлик каби унсурларни инобатга олишади.

Ушбу кўрсаткичлар тўрт гуруҳга бўлинган — “Қонун устуворлиги”, “Иқтисодиётда давлатнинг роли”, “Барқарор самарадорлик” ва “Бозор шаффофлиги”. Йиллик индекс ҳисоботида 186 мамлакатнинг ҳар бири 100-баллик тизимда алоҳида баҳоланади.

80 дан 100 баллгача тўплаган мамлакатнинг иқтисоди “тўлиқ эркин” ҳисобланади, 70-79,9 балли давлатлар “асосан, эркин” баҳога муносиб кўрилади. 60-69,9 балл “муайян эркин”ликни, 50-59,9 балл “асосан, эрксизлик”ни ва 0-49,9 балл “тўлиқ эрксизлик”ни англатади.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги мутахассисларининг айтишича, мазкур индекс давлат органлари томонидан ва Жаҳон иқтисодиёт форуми, Жаҳон банки, Халқаро валюта фонди, “Credendo Group”, “Transparency International” каби халқаро тузилмалар рейтингларида эълон қилинган очиқ-ойдин маълумотлар асосида тузилган.

“Иқтисодий эркинлик индекси-2020” ҳисоботида 2018 йилнинг 1 июлидан 2019 йилнинг 1 июлигача бўлган даврга оид маълумотлар базаси кўриб чиқилган.

Ўзбекистон бу галги таҳлилда 57,2 балл йиғиб, аввалги рейтингга нисбатан 26 позиция юқорига кўтарилди ва 114-ўринни банд этди. Кейинги уч йилга назар ташлайдиган бўлсак, мамлакатимизнинг бу борадаги натижаси +38 ижобий кўрсаткични қайд этган. Бошқача айтганда, 2018 йил республикамиз 152-ўринда эди.

Баҳо ҳисобида Ўзбекистон рейтинги + 3,9 баллга яхшиланди. Мамлакатимизда иқтисодий эркинликни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ижобий ишлар ўсиш суръатини Осиё-Тинч океани минтақаси мисолида таҳлил қилинса, республикамиз Вануату (+4,3), Қозоғистон (+4,2), Вьетнам (+3,5) ва Мальдив ороллари (+3,3) билан бирга юқори бешликда эътироф этилган. Мазкур минтақада Ўзбекистон 42 давлат ичида 10 поғона кўтарилиб, 26-ўринга жойлашган.

Мамлакатимизда мезон сифатида олинадиган 12 кўрсаткичнинг 11 тасида қуйидаги ижобий ўзгаришлар кузатилган:

Сўнгги уч йилдаги бюджет тақчиллиги асосида шакллантирилган Фискал сиёсат — 98,9 балл, +0,2 ўсиш. Бу борада Ўзбекистон жаҳонда энг юқори кўрсаткичлардан бирини қайд этган.

ЯИМга нисбатан корхоналар соф даромади, жисмоний шахслар даромади ва бевосита ва билвосита солиқлар билан бирга ҳисобланган умумий юкламадан иборат Солиқ юкламаси — 91,6, +0,3. Ушбу кўрсаткич бўйича олдинги ҳисоботдан 0,9 фоиз пасайиш кузатилган. Янги таҳрир асосида қабул қилинган Солиқ кодекси айни шу бўшлиқни тўлдириш мақсадига йўналтирилган.

Мамлакат бюджети тақсимоти асосида аниқланадиган Давлат сарф-харажатлари — 74,7, +7,3. Ўзбекистонда давлат харажатлари ЯИМга нисбатан 4,0 фоизга камайган.

Бизнесни лицензиялаштириш, йўлга қўйиш ва тўхтатиш, шунингдек электр таъминоти тизимига улаш жараёни таҳлилига асосланган Бизнес эркинлиги — 72,6,+0,1.

Маҳсулот ва хизматлар импорти ва экспортига таъсир кўрсатувчи ўртача тарифли ва нотариф тўсиқлар бўйича аниқланадиган Савдо эркинлиги — 67,6, +5.

Қолган меъёрлар бўйича кўрсаткичларимиз, афсуски, манфий даражага эга ва яхшилашни талаб этади:

Кредитлар ажратилишига давлатнинг аралашуви, капитал бозорининг ривожланиш даражаси ва рақобат эркинлигига қараб баҳоланадиган Молиявий эркинлик — 20 балл, +10 ўсиш. Мазкур натижа ушбу соҳани жиддий ислоҳ қилиш зарурлигини кўрсатмоқда.

Инвестициявий эркинлик — 20, +10. Мазкур индекс одатда, инвестицияларга нисбатан қўлланадиган турли меъёрий чекловларни баҳолайди. Бу борадаги паст кўрсаткич соҳада чуқур таҳлилларга асосланган ислоҳотлар ўтказишни тақозо этади.

Давлат интеграцияси — 28,2, +3. Бу компонент порахўрлик, давлат сиёсати ва коррупциянинг шаффофлиги, давлат хизматчилари фаолияти шаффофлиги каби кўрсаткичларни таҳлил қилади. Гарчи, айни шарт бўйича ўсишга эришилган бўлса-да, умумий натижадан кўриниб турибдики, бу йўналишда аниқ ва самарали чора-тадбирлар амалга оширилиши шарт.

Судлар мустақиллиги, суд фаолияти самарадорлиги, давлат хизмати қарорларида фаворитизм ва сиёсатчиларга жамоатчиликнинг ишончи кўрсаткичларига асосланган Суд жараёнининг самарадорлиги — 34,2, -0.1.

Мол-мулкка нисбатан ва интеллектуал ҳуқуққа эгалик, инвесторларни муҳофазаловчи куч, мол-мулкни мусодара қилиниши эҳтимоли ва ер ресурслари бошқарилиши сифати даражаси асосида аниқланадиган Эгалик ҳуқуқи — 59,1, +9.3.

Меҳнат эркинлиги — 59.9, +1.2. Ушбу меъёр мамлакатда меҳнат бозорининг энг кам иш ҳақи билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий базаси, ишдан озод этилишга тўсиқ бўладиган қонунлар, муайян нафақаларга талаблар, ёлланиш ва меҳнат соатларига нисбатан ўлчовли меъёрий чекловлар, шунингдек меҳнат бозорида ишчи кучининг ишга жойлашиш имконияти индикатив кўрсаткичи сифатидаги иштироки сингари омилларни ҳисобга олади.

Сўнгги уч йил давомидаги инфляция ва нархларни чегаралаш даражасига асосланган Монетар эркинлик — 59,9, +1.

“Иқтисодий эркинлик индекси-2020” ҳисоботида Сингапур, Гонконг, Янги Зеландия, Австралия, Швейцария, Ирландия, Буюк Британия, Дания, Канада, Эстония кучли ўнликни ташкил этган. Сўнгги ўринларни эса Конго Республикаси, Эритрея, Куба, Венесуэла ва Корея Халқ Демократик Республикаси “банд этган”.

Манба: uza.uz


0
Похожие новости