"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
ПРОПИСКА ТИЗИМИНИ ИСЛОҲ ЭТИШ - ФУҚАРОЛАРНИНГ КОНСТИТУЦИЯВИЙ ҲУҚУҚЛАРИНИ ТАЪМИНЛАШ КАФОЛАТИ
187 | 23 Мар. 2020 y.


 

Ҳозирда глобаллашув ва интеграциялашув жараёнлари натижасида миграция оқимининг кучайиши хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш билан бир қаторда, шахснинг эркин ҳаракатланиши ҳамда яшаш учун турар жой танлашига доир ҳуқуқларини самарали кафолатлаш механизмларини жорий этишни тақозо этмоқда.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда паспорт тизимини, хусусан, унинг шахс ҳуқуқларини чекловчи элементларини бекор қилишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, паспорт тизимида юзага келган қуйидаги бир қатор муаммо ва камчиликлар ушбу соҳани тубдан ислоҳ этиш заруратини юзага келтирди. Яъни: республикада (айниқса, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида) мулкка эгалик қилиш (турар жой сотиб олиш), меҳнат қилиш (ишга жойлашиш), тиббий хизматдан фойдаланиш, ўқиш (мактабгача, ўрта, ўрта-махсус ва олий таълимда) ва бошқа бир қатор ҳуқуқларнинг прописка фактига бевосита боғлиқ бўлиб қолганлиги; мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш ҳуқуқининг бевосита доимий ёки вақтинча пропискадан ўтганлик фактига боғлиқлиги; миграция ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасидаги давлат хизматлари кўрсатишнинг тўлиқ автоматлашган электрон тизимининг йўлга қўйилмаганлиги; прописка институтини соддалаштириш ва мақбуллаштириш, шунингдек ушбу соҳада кўрсатиладиган давлат хизматлари турларини янада кенгайтириш чораларининг кўрилмаганлиги, бунинг натижасида аҳолини автоматлашган ҳолда ҳисобга олиш амалиётининг йўлга қўйилмаганлиги.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида қабул қилинган давлат дастурларида прописка қоидаларини мақбуллаштириш ва либераллаштириш, бу борада шахснинг эркин ҳаракатланишига халақит бераётган бюрократик тўсиқ ҳамда коррупцион ҳолатларни олдини олиш вазифалари белгиланди ҳамда уларни ҳаётга татбиқ этиш механизмлари кўрсатиб берилди. Жумладан, Ҳаракатлар стратегиясини 2018 йилда амалга оширишга оид давлат дастури асосида вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмаган фуқароларни ишга қабул қилишга бўлган тақиқ, шунингдек вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаб турган фуқароларни ишга қабул қилганлик учун иш берувчининг жавобгарлиги бекор қилинди. Яъни илгари мавжуд бўлган фуқароларнинг пропискасиз ишга жойлашишга бўлган чеклов олиб ташланди. Эндиликда прописка фактидан қатъий назар республиканинг барча минтақасида меҳнат қилиш имкони юзага келди.

Вояга етмаганларнинг паспорт тизими қоидабузарликлари учун жавобгарлик либераллаштирилиб, қонунда белгиланган муддатда паспорт олмаганлик учун маъмурий жавобгарлик бекор қилинди. Яъни илгари шахс 16 ёшга тўлгач бир ой муддат ичида фуқаролик паспорти ёки мамлакатда доимий яшаш гувоҳномасини (ушбу ҳужжат чет эл фуқароси ва фуқаролиги йўқ шахсга Ўзбекистонда яшаш ҳуқуқини беради) олмаганлик учун маъмурий жавобгарлик мавжуд эди. Эндиликда 16 ёшдан 18 ёшгача бўлган шахсларнинг ушбу ҳолат учун жавобгарлиги бекор қилинди.

2019 йил давлат дастурига асосан, аҳолининг турган жойи бўйича ҳисобдан ўтиши онлайн шаклда Давлат хизматлари агентлиги томонидан амалга оширилиши йўлга қўйилди. Фуқароларнинг вақтинча пропискасиз мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш муддати 5 суткадан 10 суткага узайтирилди. Паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун жазо чоралари енгиллаштирилди. Хусусан, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистонда бўлиш қоидаларини бузганлиги учун жиноий жавобгарлик бекор қилинди (Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 224-моддаси чиқариб ташланди).

Аҳолини электрон ҳисобга олиш амалиётини йўлга қўйишда давлат хизматлари марказлари томонидан кўрсатиладиган хизмат турлари кенгайтирилди. Жумладан, эндиликда доимий пропискага эга бўлиш ва турган жойлари бўйича ҳисобда туриш учун фуқаролар Давлат хизматлари марказларига ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилишлари мумкин.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ички миграцияни либераллаштириш ва мақбуллаштириш, хусусан, прописка институтини тубдан ислоҳ қилиш бўйича халқаро тажрибани ўрганиб, аниқ таклифлар киритиш вазифаси белгиланди. Бу борада айниқса мазкур институтнинг республикамиз маъмурий ҳудудларини мутаносиб равишда иқтисодий ривожлантиришга тўсқинлик қилувчи механизмларини бекор қилишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги кўрсатиб ўтилди. Шу билан бирга, туризм ва миграция жараёнларидан иқтисодиётимизга келадиган даромадлар ҳажмини янада кенгайтиришга хизмат қиладиган инновацион ахборот коммуникация технологияларини амалиётга татбиқ этиш - бугунги куннинг кечиктириб бўлмас вазифаларидан ҳисобланиши қайд этилди.

Шу асосда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 мартдаги «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида»ги фармонида ушбу институтнинг шахс ҳуқуқларини чекловчи элементларини тўлиқ бекор қилиш асосида уни жаҳон стандартларига мослаштириш, аҳолини қулай ва мақбул шаклда ҳисобга олиш (қайд этиш) тизимини ишлаб чиқиш вазифалари белгиланди ҳамда давлат органларига бу борадаги механизмларни ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.

Давлат дастури асосида қабул қилиниши режалаштирилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги прописка тизимига доир кутилаётган ўзгаришлар қуйидагилардан иборат:

1) 2020 йил 1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкни олишда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун ушбу ҳудудларда доимий пропискага эга бўлиш талаб қилинмаслигини кўзда тутувчи тартибни жорий этиш.

Мазкур ҳолат келгусида мамлакатимиз пойтахти ва Тошкент вилояти ҳудудидан Ўзбекистон Республикасининг барча (шу жумладан, мазкур ҳудудларда пропискаси бўлмаган) фуқароларига иккиламчи бозордан ўз номларига кўчмас мулк расмийлаштириш ҳуқуқини беради. Бу эса, келгусида мазкур тоифадаги шахсларнинг Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 14 сентябрдаги ЎРҚ-296-сон қонунига мувофиқ доимий пропискадан ўтиш ҳуқуқини вужудга келтиради (шу билан бирга, янги қурилган уйларни сотиб олиш орқали прописка қилиш имкони аввалроқ юзага келганлигини таъкидлаш лозим). Шу асосда узоқ йиллар давомида пропискаси бўлмаганлиги сабабли ўз номларига кўчмас мулк расмийлаштириш имконига эга бўлмаган шахсларнинг бу борадаги муаммоларига барҳам берилади.

2) Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи ва республиканинг бошқа минтақаларида доимий пропискага эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги янги қурилган уйларда кўчмас мулк олди-сотдиси шартномаларини расмийлаштириш учун давлат божининг алоҳида ставкасини бекор қилиш.

Бу ўринда гап Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари ўртасида конституциявий тенгликни таъминлаш, уларнинг ҳуқуқларини бир хилда кафолатлаш ҳақида келмоқда. Жумладан, амалдаги тартиб (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 июлдаги 527-сон қарори) бўйича Ўзбекистонда доимий яшовчи ва республиканинг бошқа минтақаларида доимий пропискага эга бўлган жисмоний шахслар томонидан қиймати энг кам ойлик иш ҳақининг 2500 бараваридан кам бўлмаган миқдорида кўчмас мол-мулк сотиб олинганда - шартнома суммасининг 5 фоизи миқдорида; Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига бошқа давлатлардан келган ва Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасига эга бўлган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан шартнома тузилган санадаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банки курси бўйича қиймати 150 минг АҚШ доллардан кам бўлмаган миқдорида янги қурилган кўчмас мол-мулкни сотиб олинганда - шартнома суммасининг 10 фоизи миқдорида бож тўлаш талаб этилади (Тошкент пропискасига эга фуқароларга бундай талаб қўлланилмайди). Эндиликда мазкур божларнинг ундирилиши барча тоифадаги шахслар учун бекор қилинади.

3) Қонунчиликка киритилиши кутилаётган муҳим ўзгартишлардан яна бири - Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 14 сентябрдаги  «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар - Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги ЎРҚ-296-сон қонунига мувофиқ Рўйхатнинг 2,5,9,11-бандлари билан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига доимий прописка қилинган шахсларнинг ўз номларига кўчмас мулк расмийлаштириш ҳуқуқининг 3 йилдан сўнг юзага келиши билан боғлиқ талабни бекор қилиш;

Эндиликда юқоридаги бандлар асосида прописка қилинган шахслар Тошкент шаҳри ва вилояти ҳудудида қанча муддат ишлагани ёки яшаганидан қатъий назар ўз номларига кўчмас мулк расмийлаштириш ҳуқуқига эга бўладилар. Бу эса келажакда фуқароларнинг Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан бирор бир чекловларсиз ҳамда оворагарчиликсиз турар жой сотиб олиш ҳуқуқи юзага келишини англатади. Қолаверса, мулкка эгалик қилиш ҳуқуқининг прописка фактига боғлиқлиги ўз аҳамиятини йўқотиб, шахснинг эркин турар жой танлаш имконияти кенгаяди.

4) Ваколатли органларнинг доимий пропискадан чиқишда шахснинг ҳарбий ҳисобдан чиққанлигини тасдиқловчи маълумотномани талаб қилиш амалиётини бекор қилиш. Мазкур ҳолатда ички ишлар органларининг идоралараро маълумотлар базаси орқали текширувни амалга ошириши асосида фуқаронинг ортиқча овора бўлишига (мудофаа бўлимларидан маълумотнома олиш ва топшириш талаби бекор қилиниши натижасида) йўл қўйилмайди.

Умуман олганда, давлат дастури асосида жорий этилиши кутилаётган прописка тизимидаги янги норматив база ва механизмлар шахснинг эркин ҳаракатланиш ҳамда турар жой танлашга доир конституцивий ҳуқуқларини кафолатлаш даражасини оширишга хизмат қилади.

Джахонгир ЮЛДАШЕВ,
ИИВ Академияси кафедра бошлиғининг ўринбосари,
юридик фанлар бўйича фалсафа доктори.


4
Похожие новости