"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ҲАРАКАТЛАР СТРАТЕГИЯСИНИНГ ПАРЛАМЕНТ САЙЛОВЛАРИГА ТАЪСИРИ


ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) Миссиясининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига 2019 йил 22 декабрь куни бўлиб ўтган сайловларни кузатиш бўйича якуний ҳисоботи эълон қилинди.

ДИИҲБ Миссиясининг якуний ҳисоботида, сайловлар такомиллашган қонунчилик асосида ўтказилгани ва мустақил фикрларга нисбатан тоқат қилиш муҳитининг ошгани ҳақида хулоса қилинган. Парламент сайловлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган Ўзбекистоннинг иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ҳаётида улкан ислоҳатларни амалга оширишга йўналтирилган 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясига биноан ўтказилгани қайд этилган. “Сайловгача бўлган муддатда мустақил фикрлар янада кўпроқ тингланди ва фуқаролар ўз сиёсий қарашларини Интернетда, ижтимоий тармоқлар ва турли блоглар орқали жойлаб боришларида эркинликни ҳис этдилар”, – дейилади ҳисоботда.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, 2018 йилги Давлат дастурининг 2- бандида “Сайлов кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш” ҳамда 5-бандида “Ягона электрон рўйхати ахборот тизимини такомиллаштириш ва “Электрон ҳукумат” тизими доирасида бутун республика бўйича жорий этиш” вазифаси белгиланган эди. Шундан келиб чиқиб, 2018 йил 4 октябрда “Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори, 2019 йил 25 июнь Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси қабул қилинди. Мазкур ҳужжатлар асосида 2019 йилги парламент сайловларида илк бор сайловчиларнинг ягона электрон рўйҳати (СЯЭР) жорий этилди. Қолаверса 2019 йилги Давлат дастурининг 9 бандининг ижро этилиши натижасида озодликдан маҳрум этилган 1 минг 905 нафар шахснинг сайловларда иштирок этиши учун қонуний имконият яратилди.

Ҳисоботда Марказий сайлов комиссиясининг иши ижобий баҳоланиб, “парламент сайловларига янада яхшироқ тайёргарлик кўриш ва ўтказиш учун улкан куч сафарбар этилгани” таъкидланган. Хусусан, сайлов комиссиялари аъзоларини тайёрлаш, уларнинг сайловларни ташкил қилиш ва ўтказишга оид кўникмаларини ошириш, сайловларда кўп сонли халқаро ва маҳаллий, жумладан, сиёсий партияларнинг, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларининг кузатувчилари, ОАВ вакилларининг тўсқинликларсиз иштирокини таъминлаш, сайловчилар ўртасида изчил ва сезилувчан ахборот кампаниясини ўтказиш борасида олиб борилган ишларига юксак баҳо берилган.

Сайлов жараёнига ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилиши муҳим жиҳатлардан бири сифатида таъкидланиб, “Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатининг жорий этилиши - илгари бўлгани каби сайловчиларни қоғозда рўйхатга олишга нисбатан улкан ютуқдир”, дейлади ҳисоботда.

Ҳисоботнинг тўлиқ матни билан ЕХҲТнинг расмий веб-сайти орқали  танишишингиз мумкин.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати