"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
Ҳаракатлар стратегияси – Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш бўйича миллий “йўл харитаси”
742 | 20 Май. 2020 й.


Маълумки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2015 йилнинг сентябрида Барқарор ривожланиш бўйича ўтказилган саммитида 2030 йилгача бўлган даврда давлат ва ҳукумат раҳбарлари томонидан қабул қилингант ҳужжат принципиал жиҳатдан янги глобал мажбурият ҳисобланади. Барқарор ривожланишининг 17 мақсади ва тегишли вазифалар кенг миқёсли масалаларни, яъни соғлиқ ва фаровонликдан тортиб то иқлим ўзгаришларигача, гендер тенглигидан тортиб истеъмол ва ишлаб чиқариш моделлари ўзгаришларигача бўлган жараённи қамраб олган.

Барқарор ривожланиш мақсадларида нафақат турли соҳаларда устувор йўналишлар, янги кенг кўламли вазифалар белгилаб олинаяпти, балки уларда янги уфқлар ҳам ўз ифодасини топмоқда. Биринчи марта халқаро шартномада ривожланиш жараёнида умумий манфаатларни ҳисобга олган ҳолда фаолият юритадиган, самарали ва ҳисобдор муассасалар ҳал қилувчи роль ўйнаши тан олинди.

16-мақсад ёки бошқарув мақсади Парламентлараро иттифоқ ва БМТ Тараққиёт дастурининг азалий нуқтаи назарини акс эттиради. Яъни, демократик бошқарув шунчаки эмас, балки барқарор ривожланиш, тинчлик ва одил судловга эришиш йўлида муҳим восита ҳисобланади. Парламентлар қонунчилик ва назорат ваколатларига эга бўлган муҳим вакиллик органи сифатида ушбу мақсадга эришишдан бевосита манфаатдордирлар.

Сўнги йилларда Ўзбекистонда жамият ҳаётининг барча соҳаларини янада ислоҳ қилишнинг янги босқичига ўтилди. Ўзбекистон Президенти томонидан 2017 йил 7 февралда тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш бўйича мамлакатимизнинг миллий “йўл харитаси” сифатида хизмат қилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига тўла ҳамоҳанг бўлган Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ қабул қилинаётган Давлат дастурларига биноан ишлаб чиқилиб, ҳаётга тадбиқ қилинаётган қонунлар мамлакатимиз тараққиётига хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қонун ижодкорлиги ва парламент назорати фаолияти доирасида тегишли ишлар белгилаб олинган. Хусусан, парламент Ўзбекистоннинг “Барқарор ривожланиш мақсадлари”га эришиш бўйича Ҳукумат томонидан амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан мунтазам равишда Парламент ва Қўмита эшитувларини амалга оширмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 октябридаги қарори 2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш мақсадида Миллий индикаторларни ишлаб чиқаради.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биринчи йиғилишидаги нутқида “Бундан буён Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш бўйича вазирлар ҳисоботларини эшитишни йўлга қўйиши лозим” деб таъкидлаган эди. Шу нуқтаи назардан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг 2020 йил 27 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсадлар ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссиясини тузиш тўғрисида”ги қўшма қарори мамлакатимизда 2030 йилга қадар юқорида келтирилган кенг кўламли мақсадларга ҳамоҳанг эканини тасдиқловчи муҳим қадамдир.

Парламент комиссиясининг видеоконференция шаклида бўлиб ўтган илк йиғилишида БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадларининг 5 йилдаги якунларига, яъни Ўзбекистоннинг миллий ихтиёрий ҳисоботини атрофлича муҳокама қилинди.

Албатта, Барқарор ривожланиш соҳасидаги Миллий мақсадларнинг тўла тўкис амалга оширилиши жамиятнинг изчил ривожланишига, халқ фаровонлиги ва турмуш сифатининг янада яхшиланишига, Ўзбекистоннинг халқаро имижининг юксалишига хизмат қилади.

Абдулло АСЛОНОВ,
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати,
Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси


4
Похожие новости