• Ўзбек
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

«Bertelsmann Stiftung’s Transformation Index 2020»: Ўзбекистон кўрсаткичлари


Кейинги вақтларда мамлакатимизда шиддат билан амалга оширилаётган кенг кўламли изчил ислоҳотлар самарадорлигини халқаро ҳамжамият эътироф этаётгани баробарида, эришилаётган юқори натижалар Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрни ва нуфузи мустаҳкамланишида ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Хусусан, Берьтелсманн Стифтунг (Bertelsmann Stiftung) ташкилоти Трансформация индексининг 2020 йил учун ҳисоботига кўра, Ўзбекистон Республикаси индекснинг бир қатор кўрсаткичлари бўйича сезиларли даражада ўсишни қайд этиб, 2018 йилги натижаларга нисбатан ўз ўрнини бир неча юқори поғоналарга олиб чиқишга эришди. Жумладан, мазкур ҳисоботда асосий ютуқлар сифатида “Бошқарув индекси”нинг 2018 йилги натижага нисбатан 9 поғонага юқорилагани, ўз навбатида, “Статус индекси”нинг ўртача 1 поғонага кўтарилгани қайд этиб ўтилди.

Bertelsmann Stiftung трансформация индекси – Bertelsmann фонди 1977 йилда Рейнхард Мон томонидан ташкил этилган бўлиб, мамлакатларни асосий 3 та индекс бўйича ривожланиш тенденцияларини ўрганиб чиқади ва шунга асосан ҳар икки йилда бир маротаба рейтинг натижаларини эълон қилади.

Мазкур рейтинг дунёнинг етакчи илмий ташкилотларининг 300 га яқин экспертлари ва маълумотларни тўплайдиган мутахассисларнинг тадқиқотлари ва яқин ҳамкорлигининг натижасидир. Экспертлар фаолиятини эса, 7 нафар минтақавий координатор ва Bertelsmann фонди жамоаси мувофиқлаштириб туради.

Ушбу рейтингдан мақсад, ривожланаётган ва ўтиш даври мамлакатларидаги демократия, бозор иқтисодиёти ва сиёсий бошқарув сифатини қонун устуворлиги ҳамда бозор иқтисодиёти тамойилларига асосланган халқ ҳокимиятчилиги йўлидаги ютуқлар ва муваффақиятсизликларни таҳлил қилишдан иборатдир.

BTI учта асосий қисмдан иборат бўлиб, булар сиёсий трансформация индекси, иқтисодий трансформация индекси, бошқарув индекси ва якуний рейтинг индекси.

BTI сиёсий трансформация индекси – бешта мезондан иборат бўлиб, улар 18 кўрсаткич бўйича эксперт баҳосидан келиб чиқади. Бу қонун устуворлигини ва давлатчиликни, шунингдек, демократик тизимнинг тан олиниши, вакиллиги ва сиёсий маданиятини таъминлашни ўз ичига олади.

Ўзбекистон сиёсий трансформация индексида 2018 йилда 129 мамлакат орасида 3.17 балл билан 115-ўринни эгаллаган бўлса, 2020 йил ҳисоботига кўра, 137 мамлакат орасида 3.63 баллга юқорилаб, 105-ўринни қайд этди. Жумладан, мамлакатимиз экспертлар томонидан “Қонун устуворлиги”, “Демократик институтларнинг барқарорлиги”, “Сиёсий ва ижтимоий интеграция” ҳамда “Сиёсий иштирок” суб-индикаторларида сезиларли даражада яхшиланишга эришгани эътироф этилди. Мазкур ижобий ўзгаришларда юртимизда қонунчилик, суд-ҳуқуқ тизимларида сўнгги йилларда эришилган ютуқлар, жойларда парламент назоратининг жорий этилиши, коррупцияга қарши курашишда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар алоҳида ўрин тутади.

Сўнгги 2 йил ичида Иқтисодий трансформация индексида Ўзбекистон 1 поғонага кўтарилди, 2018 йилда 4.29 балл билан 129 давлат орасида 99-ўринни, 2020 йилда эса 4.54 пунктга ошиб, 137 мамлакат орасида 98-ўринни эгаллади.

Бу муваффақият ҳам мамлакатимизда барча соҳаларда олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар натижасида қўлга киритилганини таъкидлаш ўринли. Хусусан, хўжалик юритиш субъектларини текширишга мораторий эълон қилиниши, тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Вакил институти (бизнес омбудсман) ва бошқа янги институтлар ташкил топгани, табиий монополия субъектлари сони қисқартирилгани, янги солиқ концепцияси тасдиқлангани, товарларни экспорт қилишда сунъий тўсиқлар олиб ташлангани, божхона тарифлари камайтирилгани ва бошқа қатор омиллар Ўзбекистоннинг мазкур рейтингдаги нуфузи ошишига сабаб бўлди.

Энг юқори ўсиш Бошқарув индекси таркибидаги “Халқаро алоқалар” индикаторида қайд этилиб, 2018 йилги 3.3 баллдан 5.3 баллга юқорилаган. Бу борада Давлат раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган янги босқичдаги ислоҳотлар натижасида аксарият хориж агентликлари, расмийлар, экспертлар томонидан мамлакатимизга бўлган «ишонч»нинг янада ортиб бораётгани, қўшничилик алоқаларининг ҳар жабҳада янада мустаҳкамланаётгани, юртимизнинг инвестиция муҳити тубдан яхшилагани, халқаро савдо, пул-кредит, солиқ ва бошқа тизимлардаги янгиланишлар долзарб ўрин тутади.

Ҳисоботда “Президент Ш.Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган мисли кўрилмаган ислоҳотлар нафақат мамлакатда, балки минтақада ҳам сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий жиҳатлардан янги муҳит яратмоқда”, – деган жумла экспертлар томонидан алоҳида қайд этиб ўтилган.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати