(2020 йил 1 апрель ҳолатига)
III. Иқтисодиётни ривожлантириш ва инвестицияларни фаол жалб қилиш
7 бўлим ва 53 банддан иборат бўлган 2020 йилда инфляция даражасини жиловлаш бўйича чора-тадбирлар комплекси тасдиқланди Мазкур ҳужжатда инфляцион таргетлаш ўтиш босқичида пул-кредит, солиқ-бюджет, ишлаб чиқариш ва ички бозорни тўйинтириш, тариф сиёсати, таннархни пасайтириш ва инвестицион лойиҳалар соҳасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб берилди. (61-банд).
“2020 йилгача Ўзбекистонда барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш борасида Миллий ихтиёрий ҳисобот” лойиҳаси ишлаб чиқилди (64-банд).
“Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг маълумотларни қайта ишлаш марказини модернизация қилиш ва солиқ маъмурчилигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш тўғрисида”ги Ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди (69-банд).
Солиқ ҳисоботларини такомиллаштириш мақсадида янги таҳрирдаги Солиқ кодексига кўра ҳисобот шакллари ишлаб чиқилди (70-банд).
“Давлат солиқ қўмитаси қошида Фискал институтини ташкил қилиш тўғрисидаги”ги Президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди (72-банд).
Маҳаллий минерал хом ашёни чуқур қайта ишлаш бўйича илғор технологияларни жорий этиш соҳасида Республика минерал хом ашё базасини ривожлантириш ва қайта тўлдириш чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Дастурда:
қидирув ишларида фойдали қазилмаларнинг янги истиқболли майдонларини излаш улушини 2020 йилда 35 фоизга етказиш (200 млрд.сўмдан ошиқроқ);
геология-қидирув ишлари самарасини ошириш мақсадида амалдаги услубий қўлланмаларни халқаро стандартларга мослаштириш, бунда захираларни тасдиқлаш ҳисоботларини JORC кодексига (Австралия) мувофиқ тузишни босқичма-босқич жорий этиш (40 млрд.сўмдан кўпроқ) чоралари кўзда тутилган (74-банд).
Паст дебетли нефть ва газ конларига риск-сервис шартномалари асосида инвесторларни жалб қилиш бўйича қатор чоралар амалга оширилди. Жумладан,
Хартум, Шарқий Хартум ва Жанубий Оламишиқ конларидан нефтни қазиб олишни кўпайтириш лойиҳасини амалга ошириш мақсадида “Андижоннефть” АЖ ва “Зарубежнефь” (Россия) компаниялари таъсисчилигидаги “Andijanpetro” МЧЖ ҚК ташкил этилди. Мазкур конлардан нефть қазиб чиқариш ишлари бошланган бўлиб, лойиҳа доирасида йилига 53,1 минг тоннагача нефть қазиб чиқариш режалаштирилган. Лойиҳанинг қиймати 13,9 млн. долларни ташкил қилиб, 2020 йилда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳисобидан 5 млн. доллар ўзлаштириш кутилмоқда.
Сурхондарё нефть-газ ҳудудидаги 12 та конда нефть қазиб чиқариш ҳажмларини ошириш мақсадида, мазкур конлар “Petromaruz” (Буюк Британия) компаниясига ўтказиб берилди.
“Татнефть” АЖ (Россия) билан “Жиззах-Петролеум” ҚКга тегишли Андижон, Полвонтош ва Ғарбий Полвонтош конларида нефть қазиб олишни кўпайтириш мақсадида қўшма корхона ташкил этиш буйича музокаралар олиб борилмоқда.
“НИПИ СОКАР” (Озарбайжон) тадқиқот институти билан “Жиззах-Петролеум” ҚКга тегишли Ғарбий Тошли, Шарқий Тошли, Шимолий Шўртон ва Ғармистон конларида нефтни қазиб олишни кўпайтириш мақсадида қўшма корхона ташкил этиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда (75-банд).
Ҳудудларда саноат ярмаркаси ва кооперация биржасини ўтказиш графиги тасдиқланиб, унда 1,3 мингта корхона томонидан 4,8 минг турдаги маҳсулот намойиш этилиши белгиланди.
Хоразм (24-25 январь), Самарқанд (27-28 февраль), Қашқадарё (20-22 февраль) ва Сирдарё (10-12 март) вилоятларида ҳудудий ярмаркалар ташкил этилди.
Уларда жами 1,6 мингта иштирокчига 702 та корхона томонидан 970 турдаги импорт ва 4 минг турдаги маҳаллий маҳсулотлар намойиш этилди.
Умумий қиймати 516 млрд. сўмлик 1,8 мингта ҳамкорлик шартномалари имзоланди (76-банд).
6 бўлимдан иборат 45 та йўналишда тадбирлар амалга оширилишини назарда тутувчи “2020-2025 йиллар учун статистикани ривожлантиришнинг миллий стратегияси” ишлаб чиқилди. Мазкур тадбирлар 50,0 млн. АҚШ доллари миқдорида Жаҳон банкининг заём маблағлари ҳисобига амалга оширилади (80-банд).
МДҲ, Осиё ва Европа мамлакатлари, жумладан, Германия, Япония, Хитой, Россия Федерацияси, Беларусь, Қирғизистон, Арманистон, Молдова тажрибаси ҳамда БМТнинг “Расмий статистика тўғрисида”ги модель қонуни асосида “Расмий статистика тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди (81-банд).
Қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритаётган барча турдаги хўжаликларни ялпи хатловдан ўтказиш мақсадида Президентнинг “Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги Фармони лойиҳаси ишлаб чиқилди (82-банд).
Президентнинг “Рақобат мухитини янада ривожлантириш ва иқтисодиётдаги давлат иштирокини қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Лойиҳа 2020-2024 йилларга мўлжалланган товар ва молия бозорларида рақобатни ривожлантириш Стратегиясини ўз ичига олган (84-банд).
Алоҳида фаолият турлари билан шуғулланишда лицензия ва рухсат бериш тартиб-таомилларини қисқартириш юзасидан идоралараро ишчи гуруҳи тузилиб, мавжуд 62 та (266 та фаолият тури бўйича) лицензия ва 137 та рухсатнома тўлиқ хатловдан ўтказилди. Мавжуд лицензия ва рухсатномалар таҳлил қилиниб, илғор хорижий тажриба (АҚШ, Германия, Грузия, Қозоғистон, Россия ва бошқалар) ўрганилиб, уларнинг сонини қисқартириш, тартиб-таомилларини соддалаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди (87-банд).
Жаҳон банки кўмагида Марказий банк ва Молия вазирлиги томонидан банк секторини ривожлантиришнинг узоқ муддатли стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилди ва бу ҳақида Президент фармони лойиҳаси тайёрланди.
Унда давлат улуши бўлган тижорат банкларини трансформация қилиш масаласи Ўзбекистон Республикаси банк секторини ривожлантиришнинг узоқ муддатли стратегияси лойиҳасида кўзда тутилди.
Шунингдек, Марказий банк ва Молия вазирлиги томонидан “Банк соҳасида ислоҳотларни жадаллаштириш бўйича 2020 йилда амалга ошириладиган ишлар” йўл харитаси ишлаб чиқилди (91-банд).
“Ўзмиллийбанк” АЖ, “Ипотека-банк” АТИБ томнидан халқаро капитал бозорида корпоратив облигацияларни чиқариш ва жойлаштиришни ташкил этиш графиги ва “Йўл харита”си ишлаб чиқилди (93-банд).
Тошкент метрополитенининг Сергели йўналишидаги “Ш.Рашидов”, “Сергели”, “Чоштепа”, “Афросиёб” ва “Қипчоқ” бекатлари қурилди.
Ер усти халқа метро йўлини қуриш бўйича I босқич “Дўстлик – Қўйлиқ” қисмида, лойиҳанинг №6 - №7-сонли бекатлари оралиғида тегишли қурилиш ишлари олиб борилди.
“Дўстлик” ва “Қўйлиқ” деҳқон бозори бекатлари оралиғида режалаштирилган 7 та бекат қурилишининг барчасида қурилиш-монтаж ишлари ниҳоясига етказилди.
Қурилиш бошлангандан буён жами 54,378 млн. доллар маблағ ўзлаштирилди, шу жумладан:
Давлат бюджети ҳисобидан – 30,638 млн. доллар;
Тикланиш ва таррақиёт жамғармаси ҳисобидан - 23,74 млн. доллар ўзлаштирилди. (99-банд).
___________________________________________________________
Республика иқтисодиёти ва аҳолиси эҳтиёжлари учун автомобиль транспорти хизматлари кўрсатишни янада ривожлантириш мақсадида:
3 та (Россия Федерациясига) халқаро ва 30 та маҳаллий автобус йўналишлари ташкил этилди;
2 та автостанция (Жиззах ва Навоий вилоятларида) қурилиб, фойдаланишга топширилди;
тадбиркорлар томонидан 154 дона автобус харид қилиниб, йўналишларга жойлаштирилди (100-банд).
“Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон - Туркманистон - Озарбайжон - Грузия – Европа” йўналишида тажриба-синов контейнер поезд қатновини ташкил этиш мақсадида, “Осиё тинч океани минтақасининг давлатлари - Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон - Туркманистон - Грузия - Озарбайжон - Европа” йўналишида мультимодал ташувларини йўлга қўйиш ва ташиш тарифларига махсус ставкалар белгиланди.
Жорий йилнинг январь ойида Қирғизистон Республикасининг Ўш темир йўл станциясидан Мальтага тажриба тариқасида 133 дона вагонда жами 8000 тонна мазут ортилган юк “Қиргизистон – Ўзбекистон –Туркманистон – Озарбайжон – Грузия – Европа” йўналиши бўйича ташувлари амалга оширилди.
Туркия Республикасидан 1400 дона контейнерда Қирғизистон Республикаси гидроэлектростанция қурилиши учун зарур бўлган эҳтиёт қисмлар, мачталар ва бошқа юкларни ушбу йўналиш орқали ташиш масаласи буйича тегишли давлатлар билан музокаралар олиб борилмокда.
Транспорт вазирлиги ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан Туркманистон, Озарбайжон, Грузия, МДҲ, Эрон ва Болтиқбўйи давлатлари темир йўл маъмуриятлари билан ўтказилган учрашувлар натижасида 2020 йил учун чегирмаларни олишга эришилди (102-банд).
Иқтисодиёт тармоқларига замонавий технологияларни жорий этиш, қўшилган қиймати юқори бўлган рақобатбардош тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш, жойларда янги иш ўринларини яратиш мақсадида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар жалб қилишни кенгайтириш бўйича қатор амалий чора-тадбирлар амалга оширилди. Жорий йилнинг январь-февраль ойларида қарийб 2,1 млрд. долл. Миқдорида инвестиция жалб этилди (режага нисбатан 122,4%, йиллик прогнознинг 14,5%и), шундан 1,15 млрд. долл. ўзлаштирилди (режага нисбатан 110%, йиллик прогнознинг 9%и). Шу жумладан:
тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитларни жалб этиш 1,37 млрд. доллар (режага нисбатан 137%, йиллик прогнознинг 15%и) бўлиб, ўзлаштирилиши 592,0 млн.долларни ташкил этди (режага нисбатан 137,8%, йиллик прогнознинг 8,2%и);
корхоналарнинг ўз маблағлари ва тижорат банкларининг кредитларини жалб этиши 260,8 млн. долларни (режага нисбатан 109,3%, йиллик прогнознинг 9,3%и), ўзлаштирилиши 234,4 млн. долларни (режага нисбатан 106,0%, йиллик прогнознинг 8,2%и) ташкил этди. (105-банд).
Кон-геология соҳасига хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш ва қулай инвестиция муҳитини яратиш мақсадида халқаро консалтинг компаниялари ва экспертларни (BCG, World Bank, Халқаро валюта фонди) жалб қилган ҳолда халқаро амалиёт стандартлари ўрганилди ва қонунчилик базасини такомиллаштирилиб, халқаро амалиётга мувофиклаштирилди. Жумладан:
Солиқ Кодексининг янги таҳририга асосан, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқнинг янги ставкалари қабул қилинди, жумладан:
олтин - 10% (аввал 25%);
кумуш - 10% (аввал 25%);
мис - 10% (аввал 15%);
темир - 5% (аввал 4%);
уран - 10% (аввал 10%).
Шунингдек, Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензиялар бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ушбу қарор лойиҳаси барча амалга оширилиши керак бўлган тадбирларни, жумладан стратегик фойдали қазилмалардан фойдаланишга электрон аукцион орқали тегишли лицензиялар беришни ўз ичига олган (108-банд)
Божхона маъмуриятчилиги самарадорлигини ошириш мақсадида Президентнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат божхона органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди (121-банд).
Пахта-тўқимачилик кластерлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда пахта-тўқимачилик кластерлари сони 88 тани ташкил этиб, 2020 йилда кластерлар тасарруфидаги 934,9 минг гектар майдонга чигит экилиши режалаштирилган.
Президентнинг “Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.
Вазирлар Маҳкамасининг “Пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилмаган ҳудудларда пахта тозалаш корхоналари негизида фермер хўжаликларининг ихтиёрий кооперацияларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда жами 130 та ғаллачилик кластерлари ташкил этилган бўлиб, (163,4 минг гектар майдонда) 350 минг тонна ғалла етиштириш режалаштирилган.
Президентнинг “Ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда шоличилик кластерлари сони 33 тани ташкил этиб, улар томонидан 2020 йил ҳосили учун 63,7 минг гектар, шундан фойдаланишдан чиққан ерларни қайта оборотга киритиш учун қўшимча бериладиган ер майдони ҳисобидан 21,7 минг гектар майдонга шоли экиш режалаштирилган (125-банд).
Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятларида 152 та янги мева-сабзавотчилик кластерлари ташкил этилди. Мева-сабзавотчилик ва узумчилик кластерлари томонидан 2020 йилда 3,7 трлн. сўмлик жами 911 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган (126-банд).
Қишлоқ хўжалигида илм-фан, таълим, ахборот ва маслаҳат хизматлари тизимини ривожлантириш чораларини назарда тутувчи “Агросаноат мажмуидаги илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш ҳамда соҳада илм-фан ютуқларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унда:
3 та Илмий-тадқиқот муассасасини ташкил этиш ва 2 тасини Марказ таркибига ўтказиш;
Қишлоқ хўжалиги илм-фани ва технологияларни ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясини;
илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш ва илм-фан ютуқларини ишлаб чиқаришга жорий этиш, ахборот ва маслаҳат хизматларини ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси”ни тасдиқлаш кўзда тутилган (131-банд).
Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти (GIZ) ва бошқа халқаро молия ташкилотлари экспертларини жалб қилган ҳолда "2020-2030 йилларда сув хўжалигини ривожлантириш концепцияси” лойиҳаси ишлаб чиқилди (133-банд).
Қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқариш ва сервис хизматлари кўрсатиш соҳаси рақобатбардошлигини ошириш юзасидан чора - тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, тасдиқланди (127-банд).
Чорвачилик озуқа базасини янада мустаҳкамлаш юзасидан комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланди (137-банд).
“Рақамли Ўзбекистон – 2030” дастурини тасдиқлашни кўзда тутувчи Президент Фармони лойиҳаси ишлаб чиқилди (138-банд).
SCADA - назорат ва маълумотлар йиғиш тизими, EMS - энергия менежменти тизими ҳамда ERP - ресурсларни бошқаришнинг автоматлаштирилган тизимини 2020 йил охирига қадар жорий этиш белгиланган бўлиб, ушбу чора-тадбирлар доирасида SCADA тизимини жорий этиш учун Жаҳон банкининг халкаро экспертлари жалб қилиниб, дастурий таъминотни ишлаб чиқиш бўйича ўрганишлар ўтказилди (140-банд).
Президентнинг “Тошкент шаҳрида рақамли технологияларни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.
Унда “Рақамли Тошкент” комплекс дастурини амалга ошириш доирасида Технопарк резидентларини устувор равишда жалб этиш назарда тутилган. Ҳозирги кунда Технопарк резидентлари орасидан дастурни амалга оширишга жалб қилиниши мумкин бўлган ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқувчилар ва интеграторлар аниқланмоқда (143-банд).
Кенг жамоатчиликни рақамли билимларни ўзлаштириш ва ахборот технологиялари соҳасидаги янги мутахассисликларни ўзлаштиришга жалб қилиш мақсадида “Бир миллион дастурчилар” лойиҳасида ёшлар иштирокини кенгайтириш бўйича ишлар олиб борилмоқда, хусусан:
- аҳоли ўртасида лойиҳани ёритиш ва рақамли кўникмаларни тарғиб қилиш мақсадида реклама кампанияси иш бошлади;
- 17 минг нафарга яқин талаба рўйхатдан ўтиб, 1600 нафари биринчи босқични ўтади, 500 нафари битирувчи сертификатини олди;
-республиканинг 20 та ўрта мактабида “Бир миллион дастурчилар” лойиҳаси бўйича ўқитиш жорий қилинди;
- “Бир миллион дастурчилар” лойиҳасининг ахборот ресурслари “ZiyoNET” тармоғининг ахборот ресурслари ягона реестрига киритилди.
- Рақамли технологиялар ўқув марказларида ушбу лойиҳа доирасида дастурлаш кўникмаларига ўқитиш жорий этилмоқда.
Халқ таълими соҳасидаги 22 та умумий ўрта таълим мактабида “One million Uzbek Coders” (“Бир миллион ўзбек дастурчилари”) лойиҳаси амалга оширилмоқда.
“Бир миллион дастурчилар” лойиҳаси 13 ёшдан ошган барча Ўзбекистон аҳолиси учун бепул масофавий таълим олишга мўлжалланган бўлиб, рақамли технологиялар соҳасидаги мутахассисларнинг янги авлодини тайёрлаш, уларни барча воситалар - дастурлаш кўникмалари билан таъминлашга каратилган.
Биринчи босқичда лойиҳа жаҳон меҳнат бозорида харидоргирлиги энг юқори бўлган тўртта мутахассисликни ўз ичига олади.
Маълумотлар таҳлили, Android операцион тизимини такомиллаштириш ва ишлаб чиқиш, FrontEnd ва FullStack ишлаб чиқишга ихтисослашган uzbekcoders.uz онлайн платформа орқали амалга оширилади.
Бугунги кунда 40 дан ортиқ ўқувчи биринчи босқични муваффақиятли ўзлаштириб, АКТ вазирлигининг онлайн сертификатларига эга бўлди (144-банд).
Интернет тармоғига кенг полосали симли уланишни кенгайтиришни амалга ошириш доирасида операторлар ва провайдерлар томонидан 165 минг портга тенг қурилмалар монтаж қилиниб, уларнинг умумий сони 2 млн.га етказилди.
Маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш марказини кенгайтириш мақсадида 40 та сервер қурилмаси ва 5 та комплект маълумотларни сақлаш қурилмалари ўрнатилиб, созлаш ишлари амалга оширилмоқда;
423 та мобиль алоқа база станциялари ўрнатилиб, ишга туширилди;
“ЎзМобайл” ва “Юсел” мобиль алоқа операторлари томонидан Тошкент шаҳри ҳудудида 5G тармоғи тест режимида ишга туширилди;
Республиканинг олис қишлоқ аҳоли масканлари ва ижтимоий инфратузилма объектларига қадар телекоммуникация тармоқларини кенгайтириш мақсадида республика бўйича 643 км. оптик толали алоқа линиялари қурилиб, уларнинг умумий узунлиги 37,1 минг км.га етказилди;
430 та халқ таълими, 341 та мактабгача таълим ҳамда 132 та соғлиқни сақлаш объектларига қадар оптик толали алоқа линиялари қурилиб, юқори тезликдаги Интернет тармоғига уланиш имконияти яратилди (147-банд).
Республика биометрик паспорт тизими инфратузилмаси негизида Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг 2011 йилги намунадаги биометрик паспорти ўрнига идентификациялаш ID-карталарини бериш тизимини жорий этиш бўйича Ҳукумат қарори қабул қилинди (148-банд).
Янги таҳрирдаги “Рақобат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Унда “Рақобат тўғрисида”ги ва “Табиий монополиялар тўғрисида”ги қонунлар бирлаштирилган ҳамда табиий монополия субъектларига, баъзи талабларни истисно этганда, устун мавқега эга корхоналар билан бир хил талаблар ўрнатилган (149-банд).
Давлат иштирокидаги корхоналарга эгалик қилиш стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича Президент қарори лойиҳаси Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг техник кўмагида халқаро экспертлар (Nestor Advisors ltd) ёрдамида ишлаб чиқилди (150-банд).
“Бўш турган объектлардан самарали фойдаланиш ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унда давлат кўчмас мол-мулкини ижарага бериш тизимини такомиллаштириш назарда тутилган (152-банд).
“Баҳолашнинг ягона миллий стандартлари” лойиҳаси ишлаб чиқилди, унда миллий баҳолаш стандартларини халқаро баҳолаш стандартлари тамойилларига мувофиқлаштириш назарда тутилган. Бугунги кунда 3 та баҳоловчи ташкилотда замонавий сифат стандартлари тизими ISO 9001 жорий этилди (153-банд).
“Риэлторлик фаолиятини лицензиялаш туғрисидаги маъмурий регламентни тасдиқлаш ҳақида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Унда тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини янада қисқартириш ва соддалаштириш мақсадида, мазкур регламент талабига асосан лицензия талабгорига лицензия олиш учун аризаларни жойлардаги Давлат хизматлари марказлари орқали ёки давлат хизматларидан электрон тарзда фойдаланиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат этиши мумкинлиги назарда тутилди (154-банд).