• Ўзбек
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
«Ўзбекистон – 2030» стратегияси – ислоҳотлар тизимлилигини оширишга хизмат қилади
3937 | 09 Окт. 2023 й.

2023 йил 11 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон – 2030» стратегияси тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.  

Стратегияда 5 устувор йўналиш бўйича 100 та муҳим мақсад ўз аксини топган.

Энг муҳими, стратегия орттирилган тажриба, халқаро экспертиза ва жамоатчилик муҳокамаси натижалари асосида ишлаб чиқилди.

Таъкидлаш жоизки, стратегия ўз ичига барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш, аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш, аҳоли учун қулай экологик шароитларни яратиш, халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш, мамлакатнинг суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш каби асосий ғояларни ўз ичига олган.

Мазкур йўналишлар доирасида келгуси етти йилда иқтисодиёт ҳажмини икки баробарга ошириш, хусусан, ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард доллар, аҳоли жон бошига даромадларни 4 минг долларга етказиш, макроиқтисодий барқарорлик ҳамда иқтисодий ривожланишни зарур даражадаги энергетика, сув ва инфратузилма ресурслари билан таъминлаш, мамлакатда қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш мақсад қилинган.

Шунингдек, стратегияга кўра, аҳолига тиббий хизматларни янада яқинлаштириш борасидаги ислоҳотлар натижасида 350 минг нафар диабет ва 1,5 миллион юрак - қон томир касаллиги бор беморлар даволаш билан тўлиқ қамраб олинади. Гўдакларда ирсий касалликлар бўйича селектив скрининг текширувлар қамрови камида 50 фоизга оширилади. Натижада болалар ўртасида ирсий касалликлар икки баробарга қисқаради.  

Келгуси йилларда гўдакларни микронутриент кукуни, ёш болаларни гельминтоз профилактикаси бўйича махсус препаратлар, йод препарати, хотин-қизларни поливитамин, темир ва фолий кислотаси билан бепул таъминлаш ишлари ривожлантирилади. Натижада юқумли ва юқумли бўлмаган касалликларнинг тарқалиши 20 фоизга қисқаришига эришилади.    

Бу даврда тиббий ёрдамга муҳтож аҳолининг 70 фоиз мурожаатларини бирламчи бўғиннинг ўзида ҳал қилишни йўлга қўйиш режалаштирилган.  

Яна эътиборга молик бир жиҳат шуки, мамлакатимизни ривожлантиришга қаратилган стратегик ҳужжатлар ва олиб борилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ, кейинги 5 йил ичида болаларнинг мактабгача таълим билан қамрови 27 фоиздан 72 фоизга етди. Мактабгача таълим ташкилотлари сони 5 211 тадан 29 420 тага ошди. Мазкур саъй-ҳаракатлар «Ўзбекистон 2030» стратегиясининг тегишли мақсад ва кўрсаткичларида ҳам акс этган. Унга мувофиқ, мактабгача таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда қамров даражасини 100 фоизга етказиш кўзда тутилган.  

Эътироф этиш керакки, ўтган йилларда халқ билан мулоқот қилиш, инсон дарди, муаммоларини ижобий ва тезкор ҳал қилиш бўйича янги тизим яратилди. Хусусан, давлат органларининг аҳоли билан бевосита мулоқоти йўлга қўйилди. Бу аҳолининг давлат органларига нисбатан муносабатини ўзгартирмоқда, фаоллик, ислоҳотларга бўлган ишончини кучайтирмоқда. Энг муҳими, фуқаролар томонидан давлат органлари олдига масала қўйиш имконияти ортиб бормоқда.

Ана шу саъй-ҳаракатларнинг давоми сифатида «Ўзбекистон 2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича Республика комиссияси ташкил этилди. Комиссия стратегия доирасидаги ислоҳотлар бўйича тадбирларнинг аҳоли томонидан билдирилган фикр ва ташаббуслар асосида сифатли амалга оширилиши, белгиланган кўрсаткичларга эришилишини назорат қилиб боради.

Шунингдек, стратегиядаги мақсад ва кўрсаткичларнинг изчил, сифатли ва ўз вақтида бажарилиши юзасидан самарали жамоатчилик назоратини ўрганиш мақсадида махсус онлайн портални ишга тушириш ҳам режалаштирилган.

«Тараққиёт стратегияси» маркази томонидан юритиладиган ушбу портал орқали аҳоли стратегиянинг ижроси, шунингдек, ҳар бир мақсад ва кўрсаткичлар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини қолдириш ҳамда таклифларини билдириш имкониятига эга бўлади. Ўз навбатида, «Тараққиёт стратегияси» маркази аҳоли томонидан билдирилган таклиф ва ташаббусларни ўз вақтида умумлаштириб, таҳлил қилиб боради. Чора-тадбирларнинг ижроси бўйича тизимли мониторинг юритиб, натижаларини ҳар ойда Республика комиссиясига киритади.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, «Ўзбекистон – 2030» стратегияси мамлакатимиз ривожининг муҳим фундаментал асосларини ўзида қамраб олган бўлиб, фаолиятимизнинг устувор вазифаларини белгилаб берди. Муҳими, мазкур ҳужжат халқаро ҳамжамият олдида  давлатимиз мавқеи ва обрўсини янада мустаҳкамлашга, инсон қадрини улуғлашга хизмат қилади.

 

Элдор ТУЛЯКОВ,
«Тараққиёт стратегияси» маркази 
ижрочи директори.

 


5
Похожие новости