• Ўзбек
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

COVID-19: ПАНДЕМИЯГА ҚАРШИ КУРАШДА ЎЗАРО ТИББИЙ ТАЖРИБА АЛМАШИЛДИ

2020 йилнинг 29-30 сентябрь кунлари Ўзбекистон шифокорларининг COVID-19 касаллигини даволаш бўйича халқаро тажриба ҳақида хабардорлигини янада ошириш мақсадида, «Тараққиёт стратегияси» маркази томонидан YTB турк ташкилоти (Турклар президентлиги ва хориждаги қариндошлар жамоалари) билан ҳамкорликда ZOOM орқали «COVID-19га қарши курашда турк дунёси, онлайн таълим» мавзусида онлайн семинар бўлиб ўтди.

Тадбир давомида Covid-19ни замонавий даволаш усуллари ёш тоифаси, реанимация ва интенсив терапия, ҳомиладорлик, инфекция манбасини кузатиш ва ўзгалар билан муносабатга киришиш кабиларни ҳисобга олган ҳолда тақдим этилди. Шу билан бирга, икки кунлик семинарда инфекциянинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар кенг муҳокама қилинди ва муайян бемор мисолида даволанишнинг барча босқичлари чуқур тадқиқ этилди.

Тренингда проф. доктор Озлем Моралоглу,  лойиҳа координатори проф. доктор Эмрах Шенел,  Анқара шаҳар шифохонаси бош шифокорлари – проф. Левент Акин ва проф. Рахмет Гюнер, Туркиянинг Covid-19 илмий қўмитаси аъзолари, шунингдек турк республикалари (Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Озарбайжон) шифокорлари иштирок этдилар.

Семинар иштирокчилари ҳар бир маърузанинг хабардорлиги, янгилиги ва фойдали томонларини алоҳида эътироф этдилар, ҳар бир тақдимот иштирокчи ҳамда маърузачилар томонидан қизғин муҳокама қилинди.

Тадбир давомида Ўзбекистон томони ташкилотчилар ва барча шифокорларга тренингдаги иштирок учун ўз миннатдорчилигини билдирар экан, олинган билим, тажриба ва кўникмалар бевосита COVID-19 инфекцияси билан зарарланган беморларни тез ва самарали даволаш, шунингдек Марказий Осиёда коронавирус билан касалланган беморлар сонини камайтиришга хизмат қилишини таъкидлаб ўтди. Ўз навбатида, турк томони ҳам барча шифокорларга ушбу оғир даврдаги машаққатли меҳнатлари учун ўз миннатдорчилигини билдирди.

Тадбир якунида YTB президентлиги вакиллари «Тараққиёт стратегияси» маркази билан ижтимоий-иқтисодий соҳада самарали ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.

«Тараққиёт стратегияси» маркази
Ахборот хизмати