"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ЕВРОПА ИТТИФОҚИ – МАРКАЗИЙ ОСИЁ ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ ФОРУМИ БЎЛИБ ЎТДИ


Жорий йилнинг 27 октябрь куни  “Европа Иттифоқи — Марказий Осиё Фуқаролик жамияти 2-Форуми” видеоконференцалоқа шаклида бўлиб ўтди.

Нуфузли халқаро онлайн анжуманда Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жозеф Боррел, Европа ташқи фаолият хизматининг Бош котиби Ҳелга Шмидт, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Питер Буриан каби юқори мартабали вакиллар ҳамда Марказий Осиё давлатларининг етакчи фуқаролик жамияти институтларидан вакиллар, жумладан “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков иштирок этди.

Халқаро онлайн анжуманнинг мақсади — Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янги стратегиясида кўзда тутилган устувор мақсад ва вазифаларни амалга ошириш жараёнларига ҳисса қўшиш ҳамда ўтган йили бошлаб берилган “Европа Иттифоқи — Марказий Осиё Фуқаролик жамияти Форуми” анъанасини давом эттиришдир.

Форумда сўз олган Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жозеф Боррел  Европа Иттифоқининг Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик, барқарорлик ва фаровонлик бўйича фуқаролик жамияти интитутларининг айниқса каронавирус пандемиясига қарши курашдаги саъй-ҳаракатларини ва ҳукуматларнинг ҳамкорлигини юқори баҳолади.

Европа ташқи фаолият хизматининг Бош котиби Ҳелга Шмидт ҳам фуқаролик жамияти институтларининг давлат билан самарали мулоқотларида ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар — ёшлар, аёллар, қариялар ва имконияти чекланган инсонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда улар иштирокидаги инклюзив дастурларнинг бугунги кунда муҳим аҳамият касб этаётганлигини таъкидлади.

Шунингдек, ушбу халқаро анжуман ҳукуматлар, фуқаролик жамияти институтлари ва хусусий сектор ўртасида мулоқотни ривожлантириш орқали фуқаролик жамиятининг салоҳияти ва имкониятларини янада оширишга қаратилган бўлиб, Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида тажриба алмашинуви майдонига айланиши кўзда тутилган. Видеоконференция шаклида бўлиб ўтган мазкур онлайн мулоқот каронавирус пандемияси шароитида Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик, барқарорлик ва фаровонлик мавзуларига бағишланган сессияларга ажратилган бўлиб, маърузачиларнинг чиқишлари Европа ташқи фаолият хизмати пратформасида жонли эфирга узатилди.

Европа Иттифоқи — Марказий Осиё фуқаролик жамияти институтлари форумида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков Ўзбекистон томонидан асосий маърузачи сифатида иштирок этиб, глобал пандемия шароитида Ўзбекистонда олиб борилаётган инқирозга қарши чора-тадбирлар, давлат ва фуқаролик жамияти институтлари, хусусан нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда ташаббускор фуқароларнинг ўзаро ҳамкорликдаги самарали фаолиятлари ва эришилган муваффақиятли тажрибалари юзасидан батафсил маълумот берди.

Тадбир якунлари бўйича эришилган натижалар, маърузачилар  томонидан илгари сурилган таклиф ва тавсиялар режалаштирилган навбатдаги Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари ва Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили иштирокидаги «Европа Иттифоқи —Марказий Осиё» вазирлар учрашувига тақдим этилиши белгиланган.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати