• Ўзбек
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
ТАЪЛИМ ОЛИШ ХАР БИР ФУҚАРОНИНГ УЗВИЙ ҲУҚУҚИ
2882 | 06 Дек. 2023 й.

Бугунги кунда таълим - маданиятни шакллантиришда, шахсни ривожлантиришда ва демократик қадриятларни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Таълимга сармоя киритиш самарадорлиги Жаҳон банки ҳисоботида ҳам берилган бўлиб, халқаро экспертлар томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, таълимга йўналтирилган 1 доллар сармоя мамлакатга келгусида 3-6 доллар фойда келтириши таъкидланган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 20 декабрь куни Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига юборган мурожаатномасида “Таълим сифатини ошириш - Янги Ўзбекистонни ривожлантиришнинг ягона тўғри йўли” деб таъкидлаган эди ва 2023 йилни “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон қилишни таклиф қилди.

Таълим соҳасини ривожлантиришда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси асосий ўрин тутади, чунки айнан қонунчилик нормалари нафақат чегараларни, балки бутун таълим жараёнида асос бўлган тамойилларни ҳам белгилайди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳририда таълим масалаларига бағишланган алоҳида модда мавжуд. IX бобнинг, 50-моддасига кўра, ҳар бир шахс тўғридан-тўғри таълим олиш ҳуқуқига эга, давлат узлуксиз таълим тизимини ривожлантиришни таъминлайди, мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантириш учун шароитлар яратади, умумий ўрта ва бошланғич касб-ҳунар таълимининг бепул бўлишини кафолатлайди.

Конституцияга таълим олиш ҳуқуқи тўғрисидаги модданинг киритилиши фуқаролар учун кўпгина афзалликларни яратади:

Биринчидан, бу таълимни инсоннинг асосий ҳуқуқи сифатида қабул қилишни кучайтиради.

Иккинчидан, ушбу ҳуқуқнинг мустаҳкамланиши унинг янада ишончли ва барқарор ҳимоя қилинишини таъминлайди.

Учинчидан, аниқ меъёр ва тамойилларга асосланган қулай таълим муҳитини яратишга ёрдам беради, бу эса мамлакат таълимини ривожлантиришга хизмат қилади.

Тўртинчидан, бу барча фуқаролар учун таълим олишда кўпроқ тенг имкониятлар яратишга ёрдам беради ва ижтимоий тенгсизликни камайтиради.

Ўзбекистонда таълимни ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор йилдан-йилга ортиб бормоқда. Шуни таъккидлаш муҳимки, ўтган етти йил давомида таълим соҳасида эришилган катта ютуқлар ушбу асосий секторни яхшилашга қаратилган миллий ҳаракатларнинг бири деса муболаға бўлмайди.

Бугунги кунда муҳим ютуқлар қаторида: мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасининг 27,7% дан 71,8% гача, олий таълим билан қамраб олиш даражасининг 9% дан 42% гача, мактаблар сонининг 9 719 дан 10 522 гача ва олий таълим муассасалари сонининг 77 дан 211 гача кўпайишини келтириш мумкин.

Бундан ташқари,  “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида аҳолига таълимнинг барча бўғинларидан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш, таълим тизимини янада юқори сифат даражасига кўтаришга алоҳида эътибор қаратилган. Бу инновацион иқтисодиётга муваффақиятли ўтиш учун юқори малакали кадрларни тайёрлаш зарурати билан боғлиқдир.

Стратегияда мазкур соҳа бўйича белиланган асосий мақсадларга тўхталадиган  бўлсак, улар қуйидагилардан иборат:

- болаларни мактабгача таълим ва тайёрлов гуруҳлари билан тўлиқ қамраб олишни таъминлаш;

- ҳар йили таълим ташкилотларига 500 нафар хорижий мутахассисларни жалб этиш;

- нодавлат ўрта умумтаълим ташкилотлар сонини 1 000 тага етказиш;

- тарбиячилар ва ўқитувчиларни хорижий мамлакатларга малака ошириш ва стажировкага юбориш;

- олий маълумотли ёшлар қамровини 50 фоизга етказиш;

- 10 та маҳаллий олий таълим муассасаларини дунёдаги энг нуфузли
1 000 та олий таълим муассасаси рейтингига киришига эришишидир.

Таълимга сармоя киритиш мамлакат келажагига сармоя киритиш деган ғояга таянадиган бўлсак. Олий таълимни ривожлантириш нафақат юқори малакали кадрларни шакллантиради, балки ижодий фикрлаш, тадқиқотлар ва янги технологияларни ишлаб чиқишни рағбатлантиради. Ушбу омиллар бугунги кунги қийинчиликларга мослаша оладиган барқарор жамиятни шакллантиришга ёрдам беради.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, таълим ривожига йўналтирилган сармоя келажакка, халқ фаровонлиги ва интеллектуал юксалишини таъминлайдиган сармоядир. Ёшларни инновацион жамият қуришда масъулиятли ва самарали жойларга тайёрлаш учун таълимнинг юқори стандартларига зудлик билан интилиш муҳимдир.

 

Нуридинов Рамзидин
«Тараққиёт стратегияси» маркази эксперти


1
Похожие новости