• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ПЕКИНДА ВАТАНДОШЛАРИМИЗ УЧУН “ЎЗБЕКИСТОН — 2030” СТРАТЕГИЯСИ ТАҚДИМОТИ ЎТКАЗИЛДИ

Ўзбекистон делегациясининг Пекин шаҳрига ташрифи доирасида 30 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги элчихонасида ватандошларимиз билан учрашув бўлиб ўтди. Унда 50 нафардан ортиқ юртдошимиз иштирок этди.

Учрашувда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва “Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг устувор мақсадлари ҳақида тақдимот қилди.

Хориждаги ватандошларимиз Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўйини оширишда ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади. Шу боис учрашувдан асосий мақсад мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини ватандошларимизга етказиш ва уларни ана шу жараёнларга фаол жалб этиш эди.

2026–2030 йилларга мўлжалланган янгиланган таҳрирдаги Стратегия бешта устувор йўналиш ва 100 та мақсадни ўз ичига олади. Ҳар бир мақсад учун аниқ самарадорлик кўрсаткичлари, йиллик марралар ва масъул идоралар белгиланган.

Тақдимот давомида Стратегияда илгари сурилган эзгу ғоялар ва уларни амалга оширишнинг аҳамияти юзасидан фикр алмашилди. Қуйидаги йўналишлардаги мақсадларга алоҳида эътибор қаратилди:

  • Ёшлар. IT соҳасида 300 минг нафар ёшни иш билан таъминлаш, “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси орқали хорижий тилларни бепул ўрганувчи ёшлар сонини 7 миллионга етказиш, ёшлар ишсизлигини 8 фоизгача тушириш.
  • Таълим. Битирувчиларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини камида 50 фоизга, халқаро аккредитациядан ўтган таълим дастурларини 200 тага етказиш, 10 та олий таълим муассасасини дунёнинг нуфузли “Топ-1000” рейтингига киритиш.
  • Иқтисодиёт. Стратегияда 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини 240 миллиард доллардан, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ҳажмини эса 5,8 минг доллардан ошириш белгиланган. Президентимизнинг 2026 йил 28 августдаги нутқида бу марра янада юқори қилиб белгиланди: 2030 йилгача ялпи ички маҳсулот ҳажми 300 миллиард долларга етказилади. Бундан ташқари, саноатда 1,8 миллион юқори даромадли иш ўрни яратиш, рақамли хизматлар экспортини 5 миллиард долларга етказиш кўзда тутилган.

Стратегияда хориждаги ватандошларни қўллаб-қувватлаш алоҳида мақсад сифатида белгиланган. Хусусан, қуйидагилар кўзда тутилган:

  • ватандошлар фарзандларига ўзбек тилини ўргатувчи ўқув марказлари сонини 62 тага етказиш;
  • “Анор” лойиҳаси доирасида 1,2 минг нафар ёш ватандошни, “Чинор” лойиҳаси орқали эса 60 ёш ва ундан катта 1 минг нафар ватандошни Ўзбекистонга олиб келиш;
  • хориждаги ватандошларга етказиладиган бадиий адабиётлар сонини 50 мингтага етказиш.

Шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари визасиз кириш мумкин бўлган мамлакатлар сони 50 тага етказилади.

Учрашув якунида ватандошларимизни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.

“Ўзбекистон — 2030” стратегияси ҳар бир инсоннинг ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган. Уни амалга оширишда хориждаги юртдошларимизнинг билими, тажрибаси ва ташаббуслари ҳам муҳим аҳамиятга эга.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати